Эрдўғанда айрилиқ, Ғазодаги қурбон болалар ва азонни чекламаган Исроил
Таҳлил
−
1280 9 дақиқа
26 ноябрь куни Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг “Қосимпашалик Камол афанди” номи билан танилган Қуръон устози, ҳофизи Қуръон Али Камол Ҳут вафот этди.
Нашрга кўра, 27 ноябрь куни марҳум Али Камол Ҳутнинг жаноза маросими Истанбулдаги Фотиҳ масжидида ўтказилди. Маросимда Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг шахсан ўзи иштирок этди. Президент Қуръон устози бўлган марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдирди ҳамда тобути ёнида устози ҳаққига дуо қилди.
Истанбул Ҳасеки олий диний ихтисослашув маркази ўқитувчиси, доктор Азиз Чинор имомлигида ўқилган жаноза намозида Эрдўған билан бирга ўнлаб мулозимлар ҳам иштирок этди.
Президент Эрдўған ўз нутқида устози Али Камол Ҳутни болалигидан, Қосимпашадаги “Жоме Кабир” масжидидан танишини айтди. Унинг таъкидлашича, улар ўртасидаги узоқ йиллик муносабатлар айнан шу ердан бошланган.
Эрдўған марҳум кейинчалик Фотиҳ туманининг Чоршанба мавзесига кўчиб ўтгани, сўнг Амир Бухорийда шогирдлар тарбиялай бошлаганини ҳам қўшимча қилди.
“Бу ерда унинг умри давом этди. Кейинчалик Амир Бухорийда шогирдлар етиштиришни бошлади. Ўтган ҳафта у ерга сўнгги бор ташриф буюргандик. Шу ташрифдан кейин бу хабарни эшитдик. Аллоҳ раҳматига олсин, жойи жаннатда бўлсин. Парвардигор бизни Ўз жаннати ва жамоли билан сийласин. Биз Камол афандини жуда яхши кўрардик. У камтарлик тимсоли эди. Камтарлик борасида унга ўхшаган инсонлар жуда кам бўлса керак. У шундай инсон эди”, деди Туркия президенти.
Эрдўған сўзининг якунида марҳумнинг ҳаққига дуо қилиб, йиғилганлардан устозидан рози бўлишларини сўради.
“Парвардигор бизни суюкли Ҳабибининг “Ливоул-ҳамд” номи билан аталган байроғи остида жамласин. Аллоҳ ёр ва мададкоримиз бўлсин. Марҳум ҳақида яхши гувоҳликлар билдирилди. Биз ҳам бир гувоҳлик билдирамиз. Барчамиз ундан рози бўлайлик. Ҳаққимиз ҳалол бўлсин”, деди у.
Шундан сўнг президент жаноза машинасига олиб чиқилаётган устозининг тобутини елкасига олди. Али Камол Ҳутнинг жасади маросимдан кейин дафн этиш учун Истанбулнинг Айвонсарой мавзесидаги Амир Бухорий хонақоҳи қабристонига олиб кетилиб, дафн қилинди.
Исроил ҳужумлари оқибатида 16 нафар ўқувчи ҳалок бўлди
Жорий йилнинг ноябрь ойи бошидан буён Исроил ҳужумлари оқибатида Ғазо секторида камида 16 нафар мактаб ўқувчиси ҳалок бўлди.
Қайд этилишича, сўнгги қурбонлар 26 ноябрга ўтар кечаси Ғазо шаҳрининг ғарбий қисмидаги турар жойга берилган ҳаво зарбаси оқибатида ҳалок бўлган 15 ва 13 ёшли опа-сингиллар – Юсра ҳамда Жана Абу ал-Оуф бўлган. Ҳужумда уларнинг ота-онаси – 47 ёшли Муҳаммад Мажид Абу ал-Оуф ва 41 ёшли Нура Иззат Абу ал-Оуф ҳам ҳалок бўлган. Зарба оқибатида яна бир неча фаластинлик жароҳатланган.
Маълумотларга кўра, ноябрь ойида фаластинлик ўқувчиларга қарши ҳужумлар бир неча бор такрорланган. Жумладан, 6 ноябрь куни 15 ёшли Муҳаммад Нидал Юнисдаги ал-Мавосий ҳудудида спорт машғулоти вақтида Исроил кучлари томонидан ўқ узилиши оқибатида ҳалок бўлган.
13 ноябрь куни эса Дайр ал-Балаҳ шаҳрида Исроил артиллерияси томонидан амалга оширилган ўққа тутиш оқибатида 12 ёшли Аҳмад, унинг отаси ва яна бир аёл ҳалок бўлган.
Қайд этилишича, Исроилнинг Ғазодаги уруши давомида минглаб мактаб ёшидаги болалар ва юзлаб таълим соҳаси ходимлари ҳалок бўлган. Ўн минглаб болалар мунтазам таълим олиш имкониятидан маҳрум бўлган.
БМТ Болалар жамғармаси (UNICEF) маълумотларига кўра, Ғазодаги мактаб биноларининг 98 фоизи зарар кўрган. Уларнинг 93 фоиздан ортиғи жиддий таъмирлаш ёки тўлиқ қайта қуришни талаб қилади, қарийб 81 фоизи эса бевосита зарбаларга учраган.
Шунингдек, Ғазода болалар ва ёшлар орасида менингит билан касалланиш ҳолатлари ҳам ортмоқда. Маҳаллий соғлиқни сақлаш вазирлиги октябрь ойида 270 дан ортиқ янги ҳолат қайд этилгач, эпидемия хавфи ҳақида огоҳлантирган.
Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, сўнгги уч йил ичида Исроилнинг ҳарбий амалиётлари оқибатида камида 74 746 нафар фаластинлик ҳалок бўлган. Уларнинг 20 минг нафардан ортиғи болалардир.
Исроил мудофаа армияси эса айрим ҳодисалар юзасидан изоҳ бериш учун етарли маълумотга эга эмаслигини билдирган. Аҳмад Абу Даҳер ҳалок бўлган куни ўтказилган амалиётларда 10 нафар “террорчи” йўқ қилинганини, зарбалар олдидан тинч аҳолига зарар етишини камайтириш чоралари кўрилганини маълум қилган.
Варшавада Украина фуқароси ўзини ёқиб юборди
Варшава шаҳрида Украина фуқароси Польша президенти саройи яқинида ўзини ёқиб юборди. Ҳодиса 25 ноябрь куни кечқурун содир бўлган. Эркакнинг бу ҳаракати Польшада украиналикларга нисбатан камситишларга норозилик билдириш билан боғлиқ бўлиши мумкин, бироқ бу версия ҳозирча расман тасдиқланмаган.
22 ёшли йигит ўз устига ёнувчан суюқлик қуйиб, ўзини ёққан. Ҳодисани кўрган йўловчилар биринчи бўлиб унга ёрдам беришга шошилган. Улардан бири ўт ўчиргич олиб келиб, алангани ўчирган. Fakt нашрининг ёзишича, яқин атрофда навбатчилик қилаётган Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ўт ўчириш хизмати ва тез тиббий ёрдамни чақирган.
Жабрланувчи шифохонага ётқизилган. Унинг юзи, орқаси, оёқлари, қўллари ва юқори нафас йўллари жиддий куйган. Айни вақтда у Варшава ҳарбий тиббиёт институтининг реанимация бўлимида даволанмоқда. Маълумотларга кўра, унинг аҳволи оғир.
Radio Eska нашрининг хабар беришича, терговчилар ҳозирда воқеанинг иккита асосий сабабини кўриб чиқмоқда. Биринчи тахминга кўра, йигит сиёсий норозилик билдириш мақсадида ҳаракат қилган бўлиши мумкин. У Польшада украиналикларга нисбатан муносабат ҳақида ёзилган плакатни кўтариб юргани айтилмоқда. Бироқ йигит оғир куйиш жароҳатлари олгани сабабли ушбу тахминни текшириш қийин кечмоқда.
Иккинчи тахмин эса унинг шахсий ҳаётидаги муаммолар билан боғлиқ. Норасмий маълумотларга кўра, йигит Ченстохова технология университетида таҳсил олган ва ўқишида айрим муаммоларга дуч келган бўлиши мумкин.
“Miejski Reporter” нашри эса йигит Ченстохова университетидан ҳайдалиши мумкин бўлганини аниқлаштирган. Нашрнинг ёзишича, у шундан сўнг украиналиклар ва полякларга тенг муносабатда бўлишни талаб қилиш учун махсус Варшавага келган бўлиши мумкин.
Польша Ички ишлар ва маъмурият вазирлиги вакили Каролина Галеска “Euronews Poland” нашрига берган интервьюсида ҳодиса сабаблари ҳақида хулоса чиқариш ҳали эрта эканини айтган.
Исроил парламенти масжидларда азонни чеклаш ҳақидаги қонунни рад этди.
Исроил парламенти масжидларда азон овозини чеклашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини қабул қилмади. Овоз беришда 45 нафар депутат ҳужжатни қўллаб-қувватлаган, 63 нафари эса унга қарши чиққан.
Маълум қилинишича, қонун лойиҳаси муҳокамаси вақтида Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир иштирокида жанжал келиб чиққан. Ҳодиса ортидан вазир мажлислар залидан чиқариб юборилган.
Ўта ўнгчи “Оцма Йеҳудит” партияси депутатлари ташаббуси билан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси масжидларда мусулмонларни намозга чорлаш учун овоз кучайтиргичлардан фойдаланишни чеклашни назарда тутган. Ҳужжатга кўра, масжидлар бундай ускуналардан фойдаланиш учун атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазиридан махсус рухсатнома олиши керак эди.
Шунингдек, полицияга овоз кучайтиргичларни ўчириш, ускуналарни мусодара қилиш ва қоидабузарларга 50 минг шекелгача жарима солиш ваколатини бериш таклиф қилинган.
Қонун лойиҳасига қарши чиққан араб депутатлари уни мамлакатдаги мусулмон озчилигини таъқиб қилишга қаратилган ташаббус деб баҳолаган. Улар ҳужжат ортида мусулмон жамоасига нисбатан очиқдан-очиқ душманлик кайфиятида бўлган вазир турганини таъкидлаган.
Пашинян Россия ФХХдан Арманистон чегарасидан чиқиб кетишни сўради
Арманистон Россия Федерал хавфсизлик хизмати чегара хизмати кўмагидан бутунлай воз кечиш ва ўз чегараларини мустақил равишда қўриқлаш ниятида. Бу ҳақда 26 ноябрь куни мамлакат бош вазири Никол Пашинян маълум қилди.
“Келгуси йилларда чегараларимиз учун масъулиятни тўлиқ ўз зиммамизга олиш вақти келди”, деди Пашинян.
Аввалроқ у ўрта муддатли истиқболда чегараларни тўлиқ назоратга олишга умид қилаётганини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, бу Европа Иттифоқи билан виза режимини либераллаштиришга тайёргарлик доирасида чегара хизматини ислоҳ қилиш билан боғлиқ.
Россия чегарачиларидан воз кечиш режалари ҳақидаги баёнот Пашиняннинг Москвага ташрифидан бир ҳафта олдин янгради.
Маълумот учун, Россия чегарачилари Арманистонда 1992 йил 30 сентябрдаги шартнома асосида хизмат олиб боради ва Туркия ҳамда Эрон билан чегараларни қўриқлашда иштирок этади. Ереван уларнинг мамлакатдаги иштирокини изчил равишда қисқартириб келмоқда.
2024 йил август ойида ФХХ ходимлари “Звартноц” халқаро аэропортини, 2025 йил январь ойида Эрон билан чегарадаги “Агарак” назорат-ўтказиш пунктини, февраль ойининг охирида эса Туркия билан чегарадаги “Марғара” назорат-ўтказиш пунктини тарк этган.
2026 йил сентябрь ойида Пашинян 1995 йилдан бери Гюмрида жойлашган Россиянинг 102-ҳарбий базаси мавжудлиги заруратини ҳам шубҳа остига олган. Бош вазирнинг сўзларига кўра, база Арманистон хавфсизлиги учун ҳаётий муҳим аҳамиятга эга эмас.
Ереван ва Москва ўртасидаги муносабатлар 2024 йил февраль ойида кескинлашган эди. Ўшанда Арманистон Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотидаги (КХШТ) иштирокини музлатиб қўйган ва Россияни Озарбайжон билан можаро пайтида республика хавфсизлигини таъминлаш бўйича ўз мажбуриятларини бажармаганликда айблаган эди.
Пашинян ташкилотни “пуфак-иттифоқ” деб атаган ва мамлакатнинг унга қизиқиши қолмаганини билдирган.
Эронда опа-сингилларга оғир жазо берилди
Эронда жорий йилнинг январь ойидаги ҳукуматга қарши намойишларда иштирок этган икки нафар эгизак опа-сингилга нисбатан суд ҳукми чиқарилди. 21 ёшли Таранеҳ Раҳимий осиб ўлдириш жазосига, унинг синглиси Ромина эса 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Маълум қилинишича, опа-сингиллар 2026 йил январь ойининг охирида ҳибсга олинган. Бироқ уларнинг оила аъзолари уч ойдан ортиқ вақт давомида қизлар қаерда сақланаётгани ҳақида маълумот ололмаган. Онаси улар билан фақат май ойида учрашиш имконига эга бўлган.
Таранеҳга Эрон қонунчилигида “Худога қарши уруш олиб бориш” маъносини англатувчи “моҳаребе” моддаси бўйича айблов қўйилган. Ушбу жиноят учун мамлакат қонунчилигида ўлим жазоси белгиланган. Суд материалларида қиз намойиш вақтида совуқ қурол билан қатнашгани ва одамлар ҳаётига хавф туғдиргани қайд этилган.
Тергов жараёнида Ромина ҳам жиноятга шерикликда айбланиб, 25 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Опа-сингилларнинг яқинлари улар ҳибсда бўлган вақтда турли қийноқлар ва босимларга дуч келганини маълум қилган. Хусусан, терговчилар Таранеҳни айбини тан олишга мажбурлаш учун унинг кўз ўнгида Роминага нисбатан жинсий зўравонлик қилиш билан таҳдид қилган. Таранеҳ судда ўзидан олинган кўрсатмалар қийноқлар таъсирида берилганини ҳам билдирган.
Мазкур иш Эронда январь ойида бўлиб ўтган норозилик намойишлари иштирокчиларига нисбатан қўлланилаётган жазо чоралари билан боғлиқ ҳолатлардан бири ҳисобланади.
БМТнинг Эрон бўйича махсус маърузачиси Май Сато келтирган маълумотларга кўра, Исфаҳон шаҳридаги бир иш бўйича яна 10 киши ўлим жазосига ҳукм қилинган. Ҳуқуқ ҳимоячилари эса намойиш иштирокчиларига нисбатан қўйилаётган айбловлар сиёсий асосга эга эканини таъкидламоқда. Уларнинг билдиришича, намойишлардан кейин мамлакатда қатл этиш ҳолатлари ҳам сезиларли даражада кўпайган.
Live
Барчаси