Ғазода Исроил ҳужумлари оқибатида 16 ўқувчи ҳалок бўлди
Олам
−
444 2 дақиқа
Жорий йилнинг ноябрь ойи бошидан буён Исроил ҳужумлари оқибатида Ғазо секторида камида 16 нафар мактаб ўқувчиси ҳалок бўлди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Қайд этилишича, сўнгги қурбонлар кеча, 26 ноябрга ўтар кечаси Ғазо шаҳрининг ғарбий қисмидаги турар жойга берилган ҳаво зарбаси оқибатида ҳалок бўлган 15 ва 13 ёшли опа-сингиллар Юсра ҳамда Жана Абу ал-Оуф бўлган. Ҳужумда уларнинг ота-онаси – 47 ёшли Муҳаммад Мажид Абу ал-Оуф ва 41 ёшли Нура Иззат Абу ал-Оуф ҳам ҳалок бўлган. Зарба оқибатида яна бир неча фаластинлик жароҳатланган.
Маълумотларга кўра, ноябрь ойида фаластинлик ўқувчиларга қарши ҳужумлар бир неча бор такрорланган. Жумладан, 6 ноябрь куни 15 ёшли Муҳаммад Нидал Барбаҳ Хон Юнисдаги ал-Маваси ҳудудида спорт машғулоти вақтида Исроил кучлари томонидан ўқ узилиши оқибатида ҳалок бўлган.
13 ноябрь куни эса Дайр ал-Балаҳ шаҳрида Исроил артиллерияси томонидан амалга оширилган ўққа тутиш оқибатида 12 ёшли Аҳмад Абу Даҳер, унинг отаси ва яна бир аёл ҳалок бўлган.
Қайд этилишича, Исроилнинг Ғазодаги уруши давомида минглаб мактаб ёшидаги болалар ва юзлаб таълим соҳаси ходимлари ҳалок бўлган. Ўн минглаб болалар мунтазам таълим олиш имкониятидан маҳрум.
БМТ Болалар жамғармаси (UNICEF) маълумотларига кўра, Ғазодаги мактаб биноларининг 98 фоизи зарар кўрган. Уларнинг 93 фоиздан ортиғи жиддий таъмирлаш ёки тўлиқ қайта қуришни талаб қилади, қарийб 81 фоизи эса бевосита зарбаларга учраган.
Шунингдек, Ғазода болалар ва ёшлар орасида менингит билан касалланиш ҳолатлари ҳам ортмоқда. Маҳаллий соғлиқни сақлаш вазирлиги октябрь ойида 270 дан ортиқ янги ҳолат қайд этилгач, эпидемия хавфи ҳақида огоҳлантирган.
Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, сўнгги уч йил ичида Исроилнинг ҳарбий амалиётлари оқибатида камида 74 746 нафар фаластинлик ҳалок бўлган. Уларнинг 20 минг нафардан ортиғи болалар ҳисо.
Исроил мудофаа армияси эса айрим ҳодисалар юзасидан изоҳ бериш учун етарли маълумотга эга эмаслигини билдирган. Аҳмад Абу Даҳер ҳалок бўлган куни ўтказилган амалиётларда 10 нафар “террорчи” йўқ қилинганини, зарбалар олдидан тинч аҳолига зарар етишини камайтириш чоралари кўрилганини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ғазо секторида қиш келиши билан юз минглаб мажбуран кўчирилган фаластинликлар совуқ ва сув тошқинлари хавфи остида қолаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси