Батумида Туркия ва Исроил клублари ўйинида жанжал содир бўлди (видео)
Спорт
−
1431 2 дақиқа
Грузиянинг Батуми шаҳрида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Туркиянинг “Бешиктош” клуби ва Исроилнинг “Ҳапоэль Беэр-Шева” жамоалари ўртасида бўлиб ўтган Европа лигаси учрашувида мухлислар иштирокидаги тартибсизликлар сабаб 16 кишини ҳибсга олди. Бу ҳақда Грузия Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Кеча, 26 ноябрь куни Батумида “Бешиктош” ва “Ҳапоэль Беэр-Шева” ўртасидаги учрашув бетараф майдонда ўтказилди. “Бешиктош” футболчилари ўйин бошланишидан олдин рақиб жамоа аъзолари билан қўл бериб кўришишдан бош тортди.
Учрашув давомида “Бешиктош” мухлислари Фаластин байроғини очиб чиққан. Бу эса мухлислар ва полиция ўртасидаги кескинликка сабаб бўлган.
Биринчи бўлим ўрталарида туркиялик мухлислар секторида тартибсизликлар бошланди ва полиция куч ишлатишга мажбур бўлди. Натижада учрашув тахминан 30 дақиқага тўхтатилди. Кейинроқ баҳс қайта давом эттирилди.
“Ички ишлар вазирлигининг уч нафар ходими мухлисларнинг зўравонлик ҳаракатлари оқибатида турли даражадаги жароҳатлар олди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари қонунга хилоф ҳаракатлари учун 16 кишини ҳибсга олди”, дейилади вазирлик баёнотида.
Вазирликнинг маълум қилишича, “Бешиктош”нинг айрим мухлислари стадионга йўл олаётганида провокацион ҳаракатлар содир этган. Улар ҳақоратли сўзлар билан бақирган, турли буюмларни отган ва полиция ходимларига қаршилик кўрсатган. Шунга ўхшаш ҳаракатлар стадион ичида ҳам давом этган. Мухлислар стадион инфратузилмасига зарар етказиб, полиция ходимларига ўриндиқларни отишган. Тартибни тиклаш учун полиция махсус воситалардан фойдаланган.
Грузия Ички ишлар вазирлиги “Бешиктош” мухлислари Фаластинни қўллаб-қувватловчи байроқ ва баннерларни очгани учун полиция куч ишлатгани ҳақидаги хабарларни рад этди.
Вазирликнинг билдиришича, Грузияда ҳар бир киши фуқаролиги ёки миллатидан қатъи назар, қонунларга риоя қилиши шарт. Полиция ходимларига қилинган ҳар қандай ҳужум ёки жамоат тартибининг қўпол равишда бузилишига нисбатан чора кўрилади.
Эслатиб ўтамиз, ушбу баҳсда “Бешиктош” клуби ва “Ҳапоэль Беэр-Шева” жамоасини 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратди.
Live
Барчаси