Европа лигаси ўйинида муштлашув бўлди. Президентлар вазиятга аралашди
Спорт
−
363 2 дақиқа
Кеча, 26 ноябрь куни Европа лигасининг бешинчи тури доирасидаги Франциянинг “Марсель” ва Болгариянинг “Левски” жамоалари ўртасидаги учрашув олдидан мухлислар ўртасида юз берган тўқнашув оқибатида беш киши шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда Марсель полицияси префектурасига таяниб, AFP хабар берди.
Нашр маълумотига кўра, воқеа ўйин бошланишидан бир неча дақиқа олдин содир бўлган. “Марсель” мухлислари ўз секторидан чиқиб, 500 нафарга яқин “Левски” мухлиси жойлашган меҳмонлар секторига бостириб кирган. Бу эса мухлислар ўртасида тўқнашувларга сабаб бўлган.
Ҳодиса оқибатида беш киши турли жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган, яна олти нафар мухлисга воқеа жойида тиббий ёрдам кўрсатилган. Маҳаллий полиция маълум қилишича, жароҳатланганларнинг барчаси болгариялик мухлислар бўлган.
Болгария Президенти Илиана Йотова француз мухлисларининг ҳаракатларини қоралаган.
“Марселдан олинган тасвирлар даҳшатли. Болгариялик мухлисларга қилинган ҳужумлар бутун дунё бўйлаб миллионлаб инсонларни бирлаштирадиган ўйинга нисбатан ҳурматсизликдир. Ҳар бир инсон ўз хавфсизлигидан хавотир олмасдан, ўз жамоасини қўллаб-қувватлаш имконига эга бўлиши керак”, деб ёзди Президент Facebook саҳифасида.
Франция Президенти Эммануэль Макрон ҳам воқеани кескин қоралаб, зўравонликнинг спортда ёки жамоат жойларида ўрни йўқлигини таъкидлади.
“Марсель” клуби эса ҳодиса тафсилотларини ўрганиш учун ҳуқуқ-тартибот идоралари билан яқин ҳамкорлик қилаётганини билдирди. Клуб юзага келган ҳолатга тўлиқ ойдинлик киритиш учун барча тегишли ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилган.
Марсель шаҳрида бўлиб ўтган учрашув мезбонларнинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Грузиянинг Батуми шаҳрида бўлиб ўтган “Бешиктош” ва “Ҳапоэль Беэр-Шева” жамоалари ўртасида бўлиб ўтган Европа лигаси учрашувида мухлислар иштирокидаги тартибсизликлар сабаб 16 кишини ҳибсга олгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси