“Бешиктош”нинг Исроил клубига қарши ўйини мухлислар ўртасидаги тартибсизликлар сабаб тўхтатилди
Спорт
−
150 2 дақиқа
Кеча, 26 ноябрь куни Европа лигасининг бешинчи тури доирасида Исроилнинг “Ҳапоэль Беэр-Шева” ва Туркиянинг “Бешиктош” жамоалари ўртасидаги учрашув мухлисларнинг тартибсизлиги сабаб 35 дақиқага тўхтатилди. Баҳс Грузиянинг Батуми шаҳрида бўлиб ўтди.
“Бешиктош” футболчилари ўйин бошланишидан олдин рақиб жамоа аъзолари билан қўл бериб кўришишдан бош тортди.
Учрашув давомида “Бешиктош” мухлислари Фаластин байроғини очиб чиқишган. Бу эса мухлислар ва полиция ўртасидаги кескинликка сабаб бўлган.
Биринчи бўлимда ҳисоб очилмади. 45+4-дақиқада “Бешиктош” пенальти тепиш ҳуқуқини қўлга киритди, бироқ Оркун Кўкчу рақиб дарвозабонини мағлуб эта олмади.
Ҳисоб 75-дақиқада очилди. Жуниор Олайтан жамоасини олдинга олиб чиқди. 90-дақиқада эса Кўкчу пенальтидан фойдаланиб, “Бешиктош”нинг иккинчи голини киритди. Қўшимча вақтнинг 90+4-дақиқасида Жавон Ист оралиқни қисқартирди, аммо “Ҳапоэль” мағлубиятдан қутулиб қола олмади.
Учрашув трибуналардаги тартибсизликлар сабаб бир муддат тўхтатилди. 26-дақиқада даниялик бош ҳакам Мортен Кроғ мухлислар ўртасидаги тўқнашувлар ва полиция томонидан кўздан ёш оқизувчи газ қўлланилиши ортидан ўйинни тўхтатди. Шундан сўнг дастлаб “Ҳапоэль”, кейин эса “Бешиктош” футболчилари майдонни тарк этиб, кийиниш хоналарига йўл олди.
Айрим мухлислар стадионни ўз хоҳиши билан тарк этган бўлса, полиция бошқаларнинг ташқарига чиқишига рухсат бермаган.
Учрашув тахминан 35 дақиқалик танаффусдан сўнг қайта давом эттирилди. Жамоалар майдонга қайтиб, 26-дақиқа 30-сониядан бошлаб баҳсни баҳсли тўп ташлаш орқали давом эттиришди.
Live
Барчаси