Исроил парламенти масжидларда азонни чеклаш ҳақидаги қонунни рад этди
Олам
−
1548 2 дақиқа
Исроил парламенти масжидларда азон овозини чеклашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини қабул қилмади. Овоз беришда 45 нафар депутат ҳужжатни қўллаб-қувватлаган, 63 нафари эса унга қарши чиққан. Бу ҳақда “The Times of Israel” нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, қонун лойиҳаси муҳокамаси вақтида Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир иштирокида жанжал келиб чиққан. Ҳодиса ортидан вазир мажлислар залидан чиқариб юборилган. Ўта ўнгчи “Отцма Йеҳудит” партияси депутатлари ташаббуси билан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси масжидларда мусулмонларни намозга чорлаш учун овоз кучайтиргичлардан фойдаланишни чеклашни назарда тутган. Ҳужжатга кўра, масжидлар бундай ускуналардан фойдаланиш учун атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазиридан махсус рухсатнома олиши керак эди.
Шунингдек, полицияга овоз кучайтиргичларни ўчириш, ускуналарни мусодара қилиш ва қоидабузарларга 50 минг шекелгача жарима солиш ваколатини бериш таклиф қилинган.
Қонун лойиҳасига қарши чиққан араб депутатлари уни мамлакатдаги мусулмон озчиликни таъқиб қилишга қаратилган ташаббус деб баҳолаган. Улар ҳужжат ортида мусулмон жамоасига нисбатан очиқдан очиқ душманлик кайфиятида бўлган вазир турганини таъкидлаган.
“The Times of Israel” ёзишича, овоз беришдан олдинги қизғин муҳокама чоғида Бен-Гвир араб депутатларига нисбатан кескин гаплар айтган ва мажлисдаги тортишув вақтида Кнессет раисининг ўринбосари Эйтан Гинзбургни ҳақорат қилган. Шундан сўнг унга мажлислар залини тарк этиш буюрилган.
Live
Барчаси