Арманистоннинг янги конституциясига Озарбайжон ва Туркиянинг қандай дахли бор ёхуд Арманистон нималардан воз кечмоқда?
Таҳлил
−
343 12 дақиқа
Евроосиё Болқони – бу атама 1997 йилда америкалик сиёсатшунос ва АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Збигнев Бжезинский томонидан Кавказ минтақасига нисбатан ишлатилган. Ўзининг “Буюк шахмат тахтаси” китобида олим ушбу минтақани Болқон яриморолидаги каби этник ва диний хилма-хилликка бой экани, чегара низолари ҳамда йирик куч манфаатлари орасида қолгани ҳақида ёзади. Чиндан ҳам СССР парчаланганидан кейин Тоғли Қорабоғ, Абхазия, Жанубий Осетия ва Чеченистон билан боғлиқ муаммолар минтақадаги мавжуд геосиёсий вазиятни буткул издан чиқарган эди.
Аммо бугун Кавказ янги қиёфа касб этмоқда. Айниқса Арманистон Бош вазири Никол Пашиняннинг ислоҳотлари эски муаммолардан воз кечиш ва атрофидаги қўшнилар билан яхши муносабатлар қуришга қаратилган. У томонидан таклиф этилган янги конституция лойиҳаси ҳам айнан шундай ғояларни ўз ичига олади. Бироқ, у истаган алоқалар ниманинг эвазига келмоқда? Пашиняннинг янги сиёсати арман халқи томонидан қўллаб-қувватланадими?
Ҳудудий даъволарсиз янги конституция
Пашинян мамлакатнинг асосий қонунини ўзгартириш ташаббусини 2024 йил бошида илгари сурганида, бу жараённинг бир неча йилдан бери давом этаётган Озарбайжон билан тинчлик музокараларига бориб тақалиши дарҳол сезилмаган эди. Бироқ вақт ўтиши билан конституциявий ислоҳот ташаббусининг ўзи бу давлатнинг қанча ғалва ичида қолганини яққол кўрсатиб қўйди.
Янги конституция ишлаб чиқиш ғояси илк бор 2024 йил 19 январь куни Пашиняннинг Адлия вазирлиги раҳбарияти билан ўтказган йиғилишида янграган. Ўшанда бош вазир амалдаги асосий қонун замонавий Арманистоннинг давлат ва жамият олдидаги вазифаларига қанчалик мос келиши масаласини кўтарган эди. Кўпчилик буни ўша вақтда навбатдаги сиёсий баёнот ёки ҳуқуқий жиҳатдан косметик тузатишлар деб қабул қилди.
Бироқ 2026 йил 23 ноябрда эълон қилинган дастлабки лойиҳа кутилганидан анча кенг ўзгаришларни қамраб олди. Энг аввало, амалдаги конституциянинг муқаддимасида Арманистоннинг 1990 йил 23 августдаги Мустақиллик декларациясида белгиланган давлат қурилиши тамойиллари ва миллий мақсадларга ҳавола мавжуд. Ушбу декларация Арманистон ССР Олий Кенгаши томонидан Совет Иттифоқи ҳали мавжуд бўлган даврда қабул қилинган бўлиб, СССР тугатилганидан кейин ҳам, 1991 йил 21 сентябрда Арманистон тўлиқ мустақил бўлганидан кейин ҳам ўзгартирилмаган.

Шунингдек, декларацияда арман халқининг тарихий ҳудудларига даъволар сақланиб қолган. Қадимда арман халқи ҳозирги Арманистон ҳудудидан ташқари Туркиянинг шарқий ва жанубий қисмлари, ҳозирда Озарбайжон таркибидаги Қорабоғ ва Нахичеван ҳудудлари ҳамда Грузиянинг жанубий қисмларида яшаб келган. Ҳозирги Арманистон Республикаси эса ўша улкан “Тарихий Арманистон” ҳудудининг атиги 10 фоизга яқин қисмини ташкил этади, холос.
Декларацияда “фалон ҳудуд бизники” деб очиқ ёзилмаган бўлса-да, учта нуқтада аниқ тарихий-ҳудудий ишоралар мавжуд эканлигини кўриш мумкин. Аввало ҳужжатнинг муқаддимасида “тарихий адолатни тиклаш” ва “Тоғли Қорабоғнинг қайта бирлашуви” каби жумлалар Арманистоннинг ўша вақтдаги кескин позициясини ифода этади.
“Барча арманларнинг орзу-умидларини амалга ошириш ва тарихий адолатни тиклашга интилиб, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси тамойилларига ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган меъёрларига таянган ҳолда, халқларнинг эркин ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини амалга ошириб, Арманистон ССР Олий Кенгаши ва Тоғли Қорабоғ Миллий Кенгашининг 1989 йил 1 декабрдаги “Арманистон ССР ва Тоғли Қорабоғнинг қайта бирлашуви тўғрисида”ги қўшма қарорига асосланиб”, деб ёзилган Арманистон Мустақиллик декларациясида.
Шунингдек муқаддиманинг сўнгида “1918 йил 28 майда ташкил этилган мустақил Арманистон Республикасининг демократик анъаналарини ривожлантириш” ҳақида сўз боради. 1918–1920 йиллардаги Биринчи Арманистон Республикаси эса ҳозирги Арманистондан анча катта ҳудудларни, жумладан, Карс, Ардаҳан ва Шарқий Анадўлунинг бир қисмини ўз ичига олган ёки уларга даъвогарлик қилган.

Декларациянинг 11-бандида эса бугунги Туркиянинг шарқий вилоятлари “Ғарбий Арманистон” номи билан тилга олинган. Анқара эса расмий ҳужжатда бундай талқиннинг бўлишини ҳудудий даъво аломати сифатида қабул қилиб келади.
“Арманистон Республикаси 1915 йилда Усмонийлар империяси ва Ғарбий Арманистонда содир этилган Арман геноцидининг халқаро миқёсда тан олиниши ишини қўллаб-қувватлайди”, деб ёзилган ҳужжатда.
Янги лойиҳада эса бу жумлалар бутунлай чиқариб ташланган. Унинг ўрнига халқаро миқёсда тан олинган ҳудуд доирасида мустақил, тинч, хавфсиз ва фаровон давлат барпо этиш мақсади қайд этилган. Бу эса Ереванга Баку ва Анқара билан дўстона алоқаларни ўрнатишга ёрдам беради.
Ўзгаришлар фақат муқаддима билан чекланмайди. Амалдаги конституция 16 боб ва 220 моддадан иборат бўлса, янги лойиҳада 12 боб ва 89 модда назарда тутилган. Давлат рамзлари, хусусан, герб ва байроқнинг батафсил тавсифи ҳам асосий қонун матнидан чиқарилмоқда. Уларни белгилаш тартиби референдум орқали қабул қилинадиган қонунларга топширилади. Бу ўринда ҳам Туркия билан муносабатлар эътиборга молик. Амалдаги гербда Туркия ҳудудида жойлашган Арарат тоғи ва Нуҳ кемаси тасвирланган. Арарат эса бугунги кунда Туркия ҳудудида жойлашган. Янги лойиҳада эса бундай рамзий тавсифлар бўлмайди.

Пашинян илгари сураётган “Тўртинчи Республика” ва “Реал Арманистон” ғоялари ҳам айнан шу ёндашувга асосланади. Давлатнинг келажагини тарихий ҳудудлар ва ўтмишдаги зиддиятлар эмас, халқаро миқёсда тан олинган чегаралар доирасидаги суверенитет, хавфсизлик ва фаровонлик билан боғлаш бугун унинг сиёсатида алоҳида аҳамият касб этади. Ҳақиқатан ҳам, қадимда бўлган ҳудудларга даъво қилиш, тарихни қўмсаш арман халқининг бошига кўп кулфат олиб келди. Реал вазиятга тўғри баҳо бермасдан, “Буюк Арманистон” ёки “тарихий адолатни тиклаш” ғояларига таяниб иш кўриш фақат кулфат олиб келишига тарих ҳам бир неча бор гувоҳ бўлган.
Биринчи жаҳон урушидан кейин, 1920 йил августда имзоланган Севр шартномасида Ғарб давлатлари Арманистонга Шарқий Анадўлунинг катта қисмини беришни ваъда қилган эди. Арманистоннинг ўша пайтдаги ҳукумати эса бу қоғоздаги ваъдага ишониб, реал ҳарбий имкониятларини чамаламасдан катта ҳудудларга даъво қилади. Аммо Мустафо Камол Отатурк бошчилигидаги турк қўшинлари Ғарбнинг бу тақсимотини тан олмайди ва ҳужумга ўтади. Европа давлатлари эса ҳеч қандай ёрдам бермайди. Натижада 1920 йил кузидаги урушда Арманистон мағлуб бўлган ва нафақат Севр ваъда қилган ҳудудлардан, балки унгача ўз назоратида бўлган Карс, Ардаҳан ва Арарат тоғи атрофидаги ерлардан ҳам айрилганди.
1918 йилда эса эндигина мустақилликка эришган Биринчи Арманистон Республикаси тарихий чегараларни тиклаш илинжида бир вақтнинг ўзида Туркия, Озарбайжон ва ҳатто Грузияга ҳарбий ҳаракатлар бошлайди. Оқибатда тўрт томондан қамалда ва уруш ҳолатида қолган ёш республика иқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан ҳолдан тойди ҳамда 1920 йил декабрда Совет Россияси томонидан осонликча босиб олиниб, мустақиллигини йўқотганди.

Қорабоғ урушларидаги сценарий эса ҳаммага маълум бўлса керак. “Бир замонлар бу ерлар бизнинг ҳудудларимиз эди”, қабилида ҳаракат қилган Арманистон буткул хонавайрон бўлган эди. Европага ишониб ҳам, Россияга таяниб ҳам панд еган, энг яқин қўшнилари билан ер талашиб душман бўлиб қолган Ереван энди тарихий афсоналар билан эмас, балки бугунги геосиёсий воқелик билан ҳисоблашишдан ўзга чораси қолмаганини тушуниб етмоқда.
Бу ўринда Пашиняннинг давлатнинг мафкуравий тизимини ҳам ислоҳ қилиш борасидаги янги ғоялари муҳим ўрин тутади. Унинг “Реал Арманистон” мафкураси “тарихий Арманистон” тушунчасидан воз кечиб, халқаро миқёсда тан олинган чегаралар, 29 743 кв. км майдондаги чинакам ҳудуддаги суверен давлатни ривожлантиришга урғу беради. “Тўртинчи республика” ғоясида эса Арманистон энди Россиянинг минтақадаги ҳарбий-сиёсий таянч нуқтаси бўлиб қолмаслигини назарда тутади. Пашинян 1991 йилда ташкил топган Учинчи республика 1990 йилги Мустақиллик декларацияси туфайли илк куниданоқ “низо мантиғи” асосида қурилганини таъкидлайди. У эълон қилган “Тўртинчи республика” эса “тинчлик мантиғи”га таянади, яъни энди давлат ташқи сиёсатининг бош мақсади тинчликни таъминлаш этиб белгиланади.
“Ҳақиқий Арманистон” мафкурасида Арманистон Республикасининг ягона операцион аҳамияти халқаро миқёсда тан олинган 29 743 квадрат километрлик ҳудудида фуқаролари учун тинчлик, эркинлик, хавфсизлик ва фаровонликни таъминлаш, фуқароларнинг бахт-саодати учун муҳит яратиш, замонавий ҳаётда одат бўлганидек, экотизим яратиш, халқнинг ўзига хослигини сақлаб қолиш ва ривожлантириш эканлиги таъкидланган. Айнан шундай давлат ва тасаввурга Арманистон Республикаси фуқаролари 2026 йил 7 июнда овоз беришди ва биз айнан шу тасаввурни “Тўртинчи Республика” деб атаймиз.
Ва шундай қилиб, биз “Тўртинчи Республика” ташкил этилганини, “Тўртинчи Республика” ҳақиқат эканлигини қайд этишимиз мумкин”, дейиди Арманистон Бош вазири Миллий Ассамблеяда ҳукуматнинг 2026–2031 йилларга мўлжалланган дастури муҳокамасидаги нутқида.
Яна қандай ўзгаришлар бор?
Янги конституция фақат ташқи сиёсатдаги муаммоларни ҳал этишга қаратилмаган. Пашинян бу лойиҳа орқали ўз муддатини узайтириш ёки бошқа турдаги имтиёзлар қўшишни назарда тутмаган бўлса-да, Бош вазир ва ижро ҳокимиятининг қарор қабул қилиш ваколатларини кенгайтирувчи ҳамда тийиб турувчи механизмларни юмшатувчи бир нечта муҳим ўзгаришлар киритилган.
Улардан бири давлат бошқаруви ва фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқларига киритилаётган ўзгаришлардир. Арманистон парламент республикаси бўлиб қолади, бироқ парламентнинг айрим назорат ваколатлари кенгайтирилади: депутатлар нафақат бош вазир, балки алоҳида вазирлар, бош вазир ўринбосарлари ва дипломатик вакилларга нисбатан ҳам ишончсизлик вотуми билдира олади. Шу билан бирга, ҳукумат таркибидаги айрим номзодларни парламент қўмиталарида очиқ муҳокама қилиш тартиби жорий этилади. Бошқа томондан, президентнинг айрим ваколатлари ҳам кенгайтирилади. Суд тизимида эса амалдаги судяларни, Конституциявий суд аъзоларидан ташқари, беш йил ичида бир марталик текширувдан ўтказиш таклиф этилмоқда. Бунда уларнинг касбий малакаси, ҳалоллиги ва молиявий активлари ўрганилади.

Фуқаролик ҳуқуқларига оид нормалар ҳам жиддий мунозараларга сабаб бўлиши мумкин. Амалдаги конституцияда 18 ёшга тўлган фуқароларнинг сайлов ва референдумларда қатнашиш ҳуқуқи яшаш жойига боғланмаган. Янги лойиҳага кўра, эса овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланиш учун фуқаро сайлов ёки референдумдан олдинги икки йилнинг камида бир йилида Арманистонда доимий яшаган бўлиши керак. Бу, аввало, хорижда истиқомат қилаётган катта арман диаспорасининг сиёсий таъсирини чеклаши кутилмоқда. Маълумки, арман диаспораси дунёдаги энг катта ва қудратли гуруҳлардан бири. Дунё бўйлаб тахминан 7–8 миллион арман яшайди ва улар учун энг муқаддас вазифа 1915 йилги воқеаларни халқаро миқёсда тан олдиришдир. Уларнинг таъсири чекланмас экан, Арманистоннинг юқорида кўзлаган мақсадларига эришиши қийин кечади.
Бундан ташқари, амалдаги асосий қонун фуқароликдан маҳрум қилишни тақиқлайди. Янги лойиҳада эса конституциявий тузум асослари ёки давлат хавфсизлигига қарши айрим жиноятлар учун суд қарори билан фуқароликни бекор қилиш имконияти пайдо бўлади. ОАВ фаолиятида молиявий шаффофлик талаби конституциявий даражага кўтарилади, сиёсий партияларни молиялаштириш манбалари эса фуқаролар хайриялари ва давлат бюджети билан чекланади.
Яна бир жиддий баҳсларга сабаб бўлаётган мавзу шубҳасиз – диний масаладир. Лойиҳада Арман апостол черковининг халқ маънавий ҳаётидаги алоҳида тарихий миссияси сақлаб қолинади, бироқ унда Арманистон илк бор конституция даражасида дунёвий давлат сифатида белгиланиши таклиф этилмоқда. Давлат ва черков ўртасидаги муносабатларни қонун билан тартибга солиш ҳам мажбурий талабга айлантирилади. Бу ўзгаришларни Пашинян ҳукумати билан черков раҳбарияти ўртасида узоқ вақтдан бери давом этаётган кескинлик фонида баҳолаш мавзунинг актуаллигини янада оширади. 2024 йил баҳорида Тавуш вилоятидаги тўртта қишлоқ Озарбайжонга қайтарилиши ва чегараларни делимитация қилиш жараёни бошлангач, Тавуш епархияси раҳбари архиепископ Баграт Галстанян ҳукуматга қарши оммавий норозилик намойишларига бошчилик қилганди. Бунга жавобан, Пашинян ва унинг “Фуқаролик шартномаси” партияси черков раҳбариятини конституциявий тамойил – диннинг давлатдан ажратилганлигини бузишда, шунингдек, собиқ ҳукуматлар ва Россиядаги доиралар манфаатига хизмат қилувчи сиёсий мухолифат штабига айланиб қолишда айблаган. Бу воқеа Арманистон сиёсий тизимида ўрта асрлардаёқ ҳал этилган секуляризмнинг етишмаётганини яққол кўрсатиб қўйган эди.
Яна бир муҳим жиҳат – Арманистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи каби халқаро тузилмалардаги аъзолиги. Янги лойиҳа бундай ташкилотлардан чиқиш ёки аъзоликни тўхтатиш масаласида ўтиш даврига оид истиснони назарда тутади. Унга кўра, конституциявий референдум талаби кучга киришидан аввал халқаро шартномаларни парламент орқали ратификация қилиш асосида қўшилган ташкилотлардан чиқиш учун референдум талаб қилинмаслиги мумкин. Бу қоида Арманистоннинг 2015 йилдан бери аъзоси бўлган Россия таъсиридаги Евроосиё иқтисодий иттифоқидан чиқиш нияти борлигини кўрсатмоқда. Россия кўланкасидан қочиш Пашинян сиёсатининг устувор вазифаси эканлиги ҳам буни тасдиқлайди.
Шундай қилиб, 23 ноябрда эълон қилинган ҳужжат шунчаки айрим моддаларни таҳрирлаш эмас, Арманистоннинг давлат ва жамият ўртасидаги муносабатлари, миллий ўзлик, сиёсий ҳуқуқлар ва ташқи сиёсий йўналишларини қайта белгилашга қаратилган кенг қамровли лойиҳадир. Ҳозирча у якуний ҳужжат эмас, у ҳали жамоатчилик муҳокамасидан ўтиши, таклифлар асосида қайта кўриб чиқилиши ва парламентга киритилиши керак. Амалдаги тартибга кўра, референдум ўтказиш учун парламентдаги 107 депутатнинг камида учдан икки қисми, яъни 72 нафари розилик бериши лозим. Пашиняннинг “Фуқаролик шартномаси” партияси эса 64 ўринга эга ва яна камида олти депутатнинг кўмагига муҳтож. Қизиғи, янги лойиҳанинг ўзида келгусида конституциявий референдум тайинлаш учун зарур парламент овозини учдан икки қисмдан бешдан уч қисмга тушириш ҳам таклиф этилган. Аммо бу янги қоидалар ҳали кучга кирмаган ва айни лойиҳани референдумга олиб чиқишда амалдаги конституция талаблари амал қилади.
Яна шуни айтиш мумкинки, янги қонунчилик лойиҳаларини қабул қилиш арман халқи учун, айниқса унинг хориждаги диаспораси учун жуда оғир кечиши мумкин. Янги конституция ишланмаси ҳали шунчаки таклиф сифатида қолиб кетиш эҳтимоли ҳам юқори. Парламентда овоз йиғиш масаласидан ташқари унга қарши турган кучларнинг қудратига ҳам баҳо бериш керак. Қатор давлат институтлари ва черковнинг кескин норозилиги конституция ислоҳотини сўроқ остига қўймоқда. 25 ноябрда Арманистон судялар иттифоқи ҳам янги лойиҳани расман танқид қилиб чиқди ва ундаги судяларни қайта баҳолаш, яъни аттестация қоидаларини суд мустақиллигига таҳдид деб баҳолади. Черков раҳбарияти эса мамлакатнинг “дунёвий давлат” деб эълон қилиниши ва черковнинг алоҳида тарихий мақоми чекланишига қарши. Диндор сайловчилар орасида черковнинг чақириқлари референдум натижасига жиддий таъсир кўрсатиши кутилаётган энг катта хавфлардан бири.
Бундан ташқари, Арманистоннинг узоқ йиллик даъволардан воз кечиши мухолифат, собиқ президентлар ва миллий-консерватив доиралар орасида ушбу ҳужжатни “Илҳом Алиев ва Анқара талаби билан ёзилган конституция” деб тарғиб қилинишига сабаб бўлмоқда. Ҳокимият тепасидаги шахсларга нисбатан бундай танқидларнинг кучайиши фуқаролар орасида Пашинян ва унинг издошларига нисбатан ишончни камайтириши табиий. Шунингдек, ташқаридан бу қарорлар ҳар қанча тўғри бўлиб кўринмасин, арман халқи учун “Буюк Арманистон” ғоясидан воз кечиш барибир оғриқли бўлиши табиий.
Аммо Пашинян бундай ўйламаяпти. У агар референдумда лойиҳа рад этилса, бир ҳафта ичида истеъфога чиқишини, маъқулланса, кейинги парламент сайловларида бош вазирликка номзодини қўймаслигини айтган. Демак, янги конституция энди нафақат Арманистоннинг, балки Пашиняннинг ҳам келажагини белгилаб беради.
Live
Барчаси