Пашинян Россия ФХХдан Арманистон чегарасидан чиқиб кетишни сўради

Олам

−

visibility838 timer2 дақиқа

image

Арманистон Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) чегара хизмати кўмагидан бутунлай воз кечиш ва ўз чегараларини мустақил равишда қўриқлаш ниятида. Бу ҳақда кеча, 26 ноябрь мамлакат Бош вазир Никол Пашинян маълум қилди.

“Келгуси йилларда чегараларимиз учун масъулиятни тўлиқ ўз зиммамизга олиш вақти келди”, дейди Пашинян. 

Аввалроқ, у ўрта муддатли истиқболда чегараларни тўлиқ назоратга олишга умид қилаётганини айтган. Унинг сўзларига кўра, бу Европа Иттифоқи билан виза режимини либераллаштиришга тайёргарлик доирасида чегара хизматини ислоҳ қилиш билан боғлиқ. Россия чегарачиларидан воз кечиш режалари ҳақидаги баёнот Пашиняннинг Москвага ташрифидан бир ҳафта олдин янгради.

Маълумот учун, Россия чегарачилари Арманистонда 1992 йил 30 сентябрдаги шартнома асосида хизмат олиб боради ва Туркия ҳамда Эрон билан чегараларни қўриқлашда иштирок этади. Ереван уларнинг мамлакатдаги иштирокини изчил равишда қисқартириб келмоқда. 2024 йил августида ФХХ ходимлари “Звартноц” халқаро аэропортини, 2025 йил январида Эрон билан чегарадаги “Агарак” назорат-ўтказиш пунктини, февраль ойи охирида эса Туркия билан чегарадаги “Маргара” назорат-ўтказиш пунктини тарк этди. 

2026 йил сентябрида Пашинян 1995 йилдан бери Гюмрида жойлашган Россиянинг 102-ҳарбий базаси мавжудлиги заруратини ҳам шубҳа остига олган. Бош вазирнинг сўзларига кўра, база Арманистон хавфсизлиги учун ҳаётий муҳим аҳамиятга эга эмас.

Ереван ва Москва ўртасидаги муносабатлар 2024 йил февраль ойида кескинлашган эди. Ўшанда Арманистон Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотидаги (КХШТ) иштирокини музлатиб қўйган ва Россияни Озарбайжон билан можаро пайтида республика хавфсизлигини таъминлаш бўйича ўз мажбуриятларини бажармаганликда айблаган эди. Пашинян ташкилотни “пуфак-иттифоқ” деб атаган ва мамлакатнинг унга қизиқиши қолмаганини билдирган.

11 ноябрь куни Москвада бўлиб ўтган КХШТ саммитида блок иштирокчилари аъзолик бадаллари бўйича қарздорлик сабабли Арманистонни овоз бериш ҳуқуқидан ва ўз вакилларини тайинлаш имкониятидан маҳрум қилди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг