Польша НАТОдан Украина осмонида Россия ракеталарини уриб туширишни сўради
Олам
−
1987 4 дақиқа
Польша НАТОдан Россия ракеталари иттифоқдош давлатлар ҳудуди томон йўналтирилган тақдирда, уларни Украина осмонидаёқ уриб туширишни таклиф қилди. Бироқ альянс бу ташаббус бўйича ҳозирча бир қарорга келмаган. Бу ҳақда “Gazeta” нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 23 ноябрь куни Брюсселда бўлиб ўтган НАТО доимий вакиллари йиғилишида Польша вакиллари Россия ракеталарини Украина ҳудуди устидан тўхтатиш таклифини илгари сурган. “Bloomberg” манбаларига кўра, айрим иттифоқчилар бу ғояни қўллаб-қувватлаган, аммо якуний қарор қабул қилинмаган.
25 ноябрь куни Польша Мудофаа вазири Владислав Косиняк-Камиш RMF FM радиостанциясига берган интервьюсида иттифоқчиларнинг бундай ҳаракатларга тайёрлиги ва қатъиятини ҳали кўрмаётганини айтган. Шу куни Польша ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский ҳам Украина осмонида Россия ракеталарини уриб тушириш ташаббусини қўллаб-қувватлаган. Унинг айтишича, Киевнинг ўзи ҳам иттифоқчилардан бундай ёрдам сўрамоқда. Сикорский бу ҳаракатни зарурий мудофаа доирасида кўриш мумкинлигини таъкидлаган.
“Bloomberg” қайд этишича, иттифоқчилар ҳозиргача ракеталарни ушлаб қолиш учун қандай куч ва воситалардан фойдаланиш масаласини батафсил муҳокама қилмаган. Бунинг учун НАТО ҳарбийлари Украина ҳаво ҳудудига кириши, Киев билан ҳамкорлик қилиши ва альянс қўмондонлиги билан ҳаракатларини мувофиқлаштириши талаб этилиши мумкин. Бундай қарорни қабул қилиш учун барча аъзо давлатларнинг розилиги керак, аммо ҳозирча бу борада ягона позиция мавжуд эмас.
Польшада нима содир бўлди?
Маълум қилинишича, Варшаванинг янги таклифи Польша ҳаво ҳудудида содир бўлган бир қатор ҳодисалардан кейин илгари сурилган. 20 ноябрь куни Украинага қарши кенг кўламли ҳужум вақтида Польша шарқида учта ҳаво объекти қулаб тушган. Улар Нови Липовец, Рудник-над-Санем ва Молодич қишлоқлари яқинидан топилган.
Дастлаб Польша ҳарбийлари бу объектларни иккита ракета ва реактив двигателли дрон деб тахмин қилган. Бироқ 22 ноябрь куни Люблин прокуратураси учала жойдан ҳам Россиянинг Х-101 қанотли ракеталари қолдиқлари топилганини маълум қилган. Ўша пайтда Польшада бир неча минг нафар европалик ҳарбий хизматчи машғулотлар ўтказаётган эди. Улар ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилганидан кейин Украинада халқаро кучларни жойлаштиришга тайёргарлик кўраётган бўлган. Ҳодисалар оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.
Польша Бош вазири Дональд Туск ҳаво ҳудудининг бузилиши Россия томонидан атайлаб уюштирилган провокация бўлиши мумкинлигини айтган. Россиянинг Польшадаги элчихонаси эса Варшава томонидан илгари сурилган айбловларни рад этган. Дипломатик ваколатхона баёнотида Россия элчиси бу даъволарни асоссиз, исботланмаган ва далиллар билан тасдиқланмаган деб атаган.
23 ноябрь куни Польша ташаббуси билан Шимолий Атлантика кенгашининг фавқулодда йиғилиши ўтказилган. Унда Варшава вакиллари тергов натижаларини тақдим этиб, НАТОнинг шарқий қанотини ҳимоя қилишни кучайтиришни таклиф қилган.
Польша томонининг маълум қилишича, йиғилишдан сўнг альянс қўмондонлиги мамлакатга ҳаводаги таҳдидларни эрта аниқлаш учун AWACS самолётини жойлаштиришга қарор қилган. Қўшимча кучларни юбориш имконияти ҳам кўриб чиқилмоқда. 24 ноябрь куни кечаси эса Польша ҳарбийлари янги ҳодиса ҳақида хабар берган. Уларнинг айтишича, Украинага навбатдаги ҳужум вақтида Россия дрони қисқа муддатга Польша ҳаво ҳудудига кирган.
Польша аввал ҳам шундай таклиф билан чиққан
Россия ракеталарини Польша чегарасини кесиб ўтишидан олдин тўхтатиш ғояси 2024 йилда ҳам илгари сурилган. Ўша йилнинг июль ойида Украина Президенти Владимир Зеленский Киев ва Варшава Украина ҳудуди устидан Россия ракеталарини уриб тушириш имкониятини кўриб чиқаётганини айтган. Польша Ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский ҳам бундай имкониятни қўллаб-қувватлаган. Унинг тушунтиришича, ракеталарни Польша ҳудуди устида ушлаб қолиш уларнинг қолдиқлари аҳоли учун қўшимча хавф туғдириши мумкин.
Бироқ Варшава иттифоқчиларнинг розилигисиз бундай ҳаракатни амалга оширмаган. Ўша вақтда НАТО бош котиби Йенс Столтенберг альянс кучлари томонидан Украина осмонида Россия ракеталарини уриб тушириш таклифига қарши чиққан. У НАТО Киевга қурол-яроғ етказиб беришда давом этишини, аммо Россияга қарши бевосита ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмаслигини таъкидлаган.
2024 йил сентябрь ойида Сикорский бу масалани яна кўтарган. У Польша Украинага йўналтирилган Россия ракеталарини Украина осмонида уриб тушира бошласа, бу ўзини ҳимоя қилиш чораси бўлишини айтган. 2026 йил август ойида ҳам Польша ташқи ишлар вазири ушбу ташаббусни яна илгари сурган, аммо иттифоқчилар ўртасида келишувга эришилмаган.
Нега НАТО давлатлари ягона қарорга кела олмаяпти?
Асосий келишмовчилик НАТОнинг Украинадаги урушга ҳарбий аралашуви чегаралари билан боғлиқ. Ҳозирда альянсга аъзо давлатлар ўз ҳаво ҳудудларини ҳимоя қилиш учун ҳаво мудофааси воситаларидан фойдаланиши мумкин. Бироқ Украина осмонида Россия ракеталарини уриб тушириш НАТО ҳудудидан ташқарида ҳарбий операция ўтказишни англатади.
“Bloomberg” нашри таъкидлашича, бу НАТО ва Россия ўртасида тўғридан тўғри ҳарбий тўқнашув хавфини ошириши мумкин. Шунингдек, иттифоқчилар қайси нишонларни уриб тушириш мумкинлиги, бундай қарорни ким қабул қилиши ва маълумотлар Украина ҳарбийларидан НАТО қўмондонлигига қанчалик тез етказилиши масалаларини ҳам келишиб олиши керак. Ҳозирча бу масалалар бўйича барча аъзо давлатлар ўртасида келишув мавжуд эмас.
Live
Барчаси