Британия 100 минг аскардан урушга тайёр туришни сўради – ОАВ

Олам

−

visibility1052 timer2 дақиқа

image

Буюк Британия Мудофаа вазирлиги совуқ уруш давридан бери илк бор захирадагилардан эҳтимолий урушга тайёр туришни сўради. Бу ҳақда “The Telegraph” хабар берди.

Нашр маълумотларига кўра, стратегик резервнинг тахминан 100 минг нафар ҳарбий хизматчиси тайёргарлик ва машғулотларда, хусусан, келаси баҳорда бўлиб ўтадиган НАТОнинг Steadfast Defender манёврларида ихтиёрий иштирок этиш таклифи билан хатлар олган. Улардан, шунингдек, алоқа маълумотларини янгилаш ҳамда ҳозирги иш жойи ва касбий кўникмалари ҳақида маълумот тақдим этиш сўралган.

Мурожаатлар яқинда армиядан бўшаган, бироқ фавқулодда вазиятларда хизматга чақирилиши мумкин бўлган фахрийларга ҳам юборилган. 

“Бу хатлар захирадагиларнинг ҳозироқ хизматга чақирилишини англатмайди. Бу шунчаки ташкилий иш: биз учун чақирувга тортилиши мумкин бўлганлар билан қандай боғланишни билиш ҳамда уларнинг кўникмалари ва тажрибаси ҳақида долзарб маълумотларга эга бўлиш муҳим”, дея қайд этган фахрийлар ишлари вазири Кэлвин Бэйли. 

Мамлакат Мудофаа вазирлиги хатлар юборилишини “тийиб туриш салоҳиятини” мустаҳкамлашга қаратилган ва эҳтимолий можаро хавфини камайтиришга ёрдам берувчи “амалий қадам” деб тушунтирган.

“Telegraph” маълумотларига кўра, Британия Шимолий Атлантика шартномасининг аъзо давлатларни қуролли ҳужумга қарши туриш учун ўз мудофаа имкониятларини ривожлантириш ва ўзаро ёрдам кўрсатиш мажбуриятини юкловчи 3-моддасига “жиддийроқ” ёндаша бошламоқда. Бу жараён Британия армияси сонининг Наполеон урушлари давридан бери энг минимал даражагача қисқариши фонида юз бермоқда: айни пайтда хизматдаги ҳарбийлар сони 73 минг кишига яқинлашган. Мудофаа вазири Уэс Стритинг мамлакат 1000 кундан сўнг “иттифоқчилар билан биргаликда жанг қилиш ва ғалаба қозонишга тайёр бўлиши” кераклигини таъкидлаган.

Бунгача НАТО Бош котиби Марк Рютте альянс мамлакатларини эҳтимолий урушга нафақат қуролли кучларни, балки аҳолини ҳам тайёрлашга чақирган. Унинг сўзларига кўра, бу масалада бошқалардан “сезиларли даражада олдинда” бораётган Норвегия, Швеция, Дания ва Финляндиядан ўрнак олиш зарур. Рютте Россия томонидан бўладиган таҳдид ҳатто Украинага қарши уруш тугаганидан кейин ҳам йўқолмаслигини урғулаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Президенти Владимир Путин Европа етакчиларининг Россия таҳдиди ҳақидаги баёнотларини “сиёсий диарея” деб атаган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг