Путин Европани “сиёсий диарея”да айблади
World
−
20:26 868 3 minutes
Қатор давлатларда амалдаги раҳбарлар сақланиб қолган тақдирда, Европа Россия билан муносабатларни тиклай олмайди. Бу ҳақда бугун, 19 ноябрь куни Россия Президенти Владимир Путин APEC саммити доирасида ХХР Раиси Си Цзиньпин ва АҚШ етакчиси Дональд Трамп билан ўтказилган уч томонлама учрашув якунлари бўйича матбуот анжумани чоғида сўз очди.
“Айрим Европа мамлакатларида сиёсий элиталар алмаштирилмаса, муносабатларни тўлақонли нормаллаштириш учун бирор нарса қилишнинг иложи бўлмаса керак”, дейди у.
Путин Европа етакчиларининг Россия таҳдиди ҳақидаги баёнотларини танқид қилган.
“Бу сиёсий диареяни тўхтатиш керак. Улар Европага қандайдир ҳужумлар ҳақида нималар деб гапиришяпти? Ахир ҳамма тушунадики, биз Европа билан урушишга интилмаяпмиз, бу қанақа сафсата”, дея ғазабланган у.
Шу билан бирга, Путин Москва дипломатик каналлар орқали европаликларга Россияга келиш ва минтақада хавфсизликни таъминлаш борасидаги ўз позициясини белгилаб олишни таклиф қилганини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, Европанинг Украина масаласини тартибга солишдаги иштироки шунга боғлиқ бўлади.
“Европа ушбу музокараларга нима билан келишини тушунишимиз керак. Шундан сўнг, биз Украина билан мулоқотни қайси форматда давом эттиришимизни ҳал қиламиз”, дейди Путин.
Айни пайтда у Россия аввалгидек Украинада ҳар қандай хорижий қўшинларнинг жойлаштирилишига қарши эканини таъкидлаган ва ЕИ уруш тугаганидан кейин у ерга қўшин юборишни доимий равишда ваъда қилаётганидан норозилик билдирган.
Қайд этиш жоиз, аввалроқ НАТО Бош котиби Марк Рютте Альянс аъзоларини 2028–2029 йилларда Россия билан эҳтимолий урушга тайёргарлик кўришга чақирган. Бундай сценарий ҳақида Европа мамлакатлари етакчилари, ҳарбий қўмондонлари ва махсус хизматлари ҳам огоҳлантириб, тахминий сана сифатида 2030 йилни кўрсатган. Америка разведкасида эса Путин Альянснинг шарқий қанотидаги мамлакатлардан бирига “чекланган ҳужум” уюштириш орқали “НАТОнинг қатъиятини синаб кўришга” тайёрланаётгани билдирган.
Россия Мудофаа вазирлиги раҳбари Андрей Белоусов эса “яқин ўн йилликда” Европада НАТО билан ҳарбий тўқнашув бўлиши мумкинлигини истисно этмаган. Американинг Урушни ўрганиш институти (ISW) таҳлилчиларининг баҳолашича, ҳозирги вақтда Россияда альянс билан можарога тайёргарликнинг “нолинчи босқичи” кетмоқда ва бу доирада Москва Европада гибрид операцияларни кучайтирмоқда.
Жорий йилнинг август ойида сунъий йўлдош тасвирлари Россия ҳудудида Шимолий Атлантика блоки мамлакатлари чегаралари яқинида дронларни учириш учун 10 та янги база барпо этилганини аниқлаган. Шу билан бирга, “The New York Times” манбаларининг айтишича, 2025 йил декабрь ойида бўлиб ўтган махфий йиғилишда Путин махсус хизматлар ва ҳарбийлар олдига “НАТО ва ЕИни ичидан парчалаб ташлаш” вазифасини қўйган.
Live
All