НАТО Россиянинг ракета ҳужумларига тайёр эмас – собиқ генерал
Олам
−
484 2 дақиқа
НАТО Россия билан эҳтимолий ҳарбий тўқнашув юз берган тақдирда ракета зарбалари ва дронлар ҳужумларига қарши етарлича тайёр эмас. Бу ҳақда АҚШ Қуруқликдаги қўшинларининг Европадаги собиқ қўмондони, генерал Бен Ходжес Швециянинг SVT телеканалининг ҳужжатли фильмида маълум қилди.
Генералнинг фикрича, ҳарбий можаро бошланган тақдирда Россия НАТО давлатларига қарши Украинада қўллаётган оммавий ракета ҳужумлари ва дронлар зарбалари тактикасидан фойдаланиши мумкин.
“Одесса, Киев ёки Харьковда ҳар кеча нималар содир бўлаётганини тасаввур қилинг. Энди бу шаҳарлар ўрнига Германиядаги Бремерхафен, Польшадаги Гданьск ёки Латвиядаги Риграни қўйинг. Айнан шундай ҳолат юз беради”, дея огоҳлантирган Ходжес.
Унинг фикрича, Россия зарбаларининг асосий нишонлари НАТОга ҳарбий юкларни Болтиқбўйи давлатларига етказиш учун зарур бўлган портлар, темир йўллар ва кўприклар бўлиши мумкин. Генерал эҳтимолий нишонлар қаторида Германиянинг Бремерхафен ва Швециянинг Гётеборг портларини ҳам тилга олган.
Ходжес Европа ҳаво ҳимоясидаги асосий муаммолар сифатида ўқ-дорилар етишмаслиги ва ҳарбий машғулотларнинг камлигини қайд этган. Унинг таъкидлашича, АҚШнинг Эронга қарши ҳарбий операциясидан кейин ўқ-дорилар танқислиги янада кучайган.
Генерал НАТОни ракета ҳужумлари, радиоэлектрон тўсиқлар ва киберҳужумлар шароитида ҳаракат қилиш бўйича ҳарбий машғулотларни кўпайтиришга чақирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ НАТО Россия ҳудудининг чуқур қисмидаги ҳарбий базалар, қурол-яроғ омборлари ва саноат объектларига зарба бериш имкониятларини қайта кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берилган эди. Альянс узоқ масофали қуроллардан фойдаланиш ва бу борадаги чекловларни бекор қилиш масаласини муҳокама қилмоқда.
Live
Барчаси