Путин Украинага НАТОнинг 5-моддасидаги хавфсизлик кафолатлари берилишига рози – WP

Олам

−

visibility790 timer2 дақиқа

image

Россия Президенти Владимир Путин АҚШ ва Европа мамлакатларининг Украинага Шимолий Атлантика шартномасининг 5-моддаси намунасида хавфсизлик кафолатларини тақдим этишига шахсий тартибда розилик берди. Бу ҳақда кеча, 22 ноябрь куни музокараларга яқин манбага таяниб, “The Washington Post” газетаси колумнисти Дэвид Игнатиус хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, бундай эҳтимолий келишув доирасида Россияга нисбатан санкциялар юмшатилади, бироқ Москва эҳтимолий босқин учун яна қўшин тўплай бошласа, чекловлар қайта тикланади. Нашр маълумотларига кўра, Вашингтон Украинада НАТО базаларини жойлаштиришдан воз кечиш эвазига Москвага ўт очиш тўхтатилгандан сўнг ўз кучларини чегарадан олиб кетишни таклиф қилган. Агар Россия қўшинлари яна ҳужумга ўтадиган бўлса, альянс кучлари зудлик билан Украина ҳудудига киради.

Журналистлар суҳбатдошининг айтишича, АҚШ ва Европа вакиллари Россия томонидан келишувларга риоя этилишини назорат қилиш механизмларини ҳамда янги инқироз юзага келган тақдирда тезкор алоқани йўлга қўйиш усулларини ҳам муҳокама қилган. Россия расмийлари ҳозирча ушбу масала бўйича изоҳ бергани йўқ.

Жорий йилнинг 19 ноябрь куни АҚШ Президенти Дональд Трампнинг махсус вакили Жаред Кушнер Вашингтон Москвадан Украинага Шимолий Атлантика шартномасининг 5-моддаси модели бўйича хавфсизлик кафолатларини беришга розилик олишга муваффақ бўлганини маълум қилган. Шундан сўнг, Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков Кремль Украинанинг НАТОга амалда ёки қисман аъзо бўлишини назарда тутувчи ҳеч қандай келишувларга рози бўлмаслигини билдирди. 

“Бу соҳада қандайдир, қўштирноқ ичида айтганда, креатив ечим излаш биз учун номақбул вариант”, деган россиялик дипломат.

Шимолий Атлантика шартномасининг 5-моддасида НАТОнинг бир аъзосига қилинган қуролли ҳужум барча аъзоларга қилинган ҳужум сифатида баҳоланиши ва ҳар бир аъзонинг унга ёрдам кўрсатиш мажбуриятини ҳаракатга келтириши белгиланган. Аввалроқ, Украина Президенти Владимир Зеленский Киев ва Вашингтон ушбу модда мазмунини бир хил талқин қилаётганига шубҳа билдирган. Унинг сўзларига кўра, мазкур модда Украина ҳудудида ҳамкор давлатларнинг муайян кучлари мавжуд бўлишини назарда тутади.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг