АҚШ пули тўланган Patriot ракеталарини Украинага юбормaяпти – Зеленский
Олам
−
189 1 дақиқа
Украина Президенти Владимир Зеленский АҚШ Украинага Европа давлатлари маблағини олдиндан тўлаган Patriot ҳаво мудофааси ракеталарини ҳам етказиб беришга рухсат бермаётганини билдирди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди.
Маълум қилинишича, ўтган ҳафта Россия Қуролли кучлари Украина ҳудудидаги 20 та ҳудудга ҳужум қилган.
“Бундай вазиятда баллистик ракеталардан ҳимояланиш воситаларини етказиб беришдаги кечикишларни тушуниш қийин. Ҳамкорлар томонидан Американинг PURL дастури доирасида маблағи тўланган Patriot ракеталарини етказиб беришга рухсат берилиши жуда муҳим. Шунингдек, ушбу дастурга ҳисса қўшишда давом этиш ҳам муҳим”, деб ёзган Зеленский.
Жорий йилнинг 19 ноябрь куни Украина Президенти Киевга Америкада ишлаб чиқарилган Patriot ракеталари етказиб берилиши уч-тўрт баравар камайганини айтган. Унинг таъкидлашича, ҳозирда Украина Қуролли кучларида ушлаб қолувчи ракеталар етишмаяпти, ҳолбуки улар мамлакат мудофааси учун жуда муҳим ҳисобланади.
Бир кун аввал Европа Иттифоқининг мудофаа ва космос бўйича комиссари Андрюс Кубилюс Европа давлатларини келгусидаги етказиб беришлар эвазига ўзларидаги Patriot ракеталарини Киевга топширишга чақирган эди.
Эслатиб ўтамиз, 20 ноябрь кечқурун ва 21 ноябрга ўтар кечаси Россия қўшинлари Украинанинг бир қатор ҳудудларига ҳаво ҳужумларини амалга оширган эди. Кривой Рогдаги зарбалар оқибатида икки киши ҳалок бўлган, 58 киши жароҳатланган.
Live
Барчаси