Саида Мирзиёева Сержио Гор билан АҚШ авиаташувчи кемасига чиқди
Ўзбекистон
−
399 2 дақиқа
Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева АҚШ Президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор билан бирга Ҳиндистон соҳиллари яқинида дунёнинг энг йирик авиаташувчи кемаларидан бири – “USS George Washington”га чиқди. Бу ҳақда Саида Мирзиёева ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди.
“Бу улкан кема тузилиши, ноёб технологиялари билан танишиш ва экипаж аъзоларининг фаолиятини кузатиш ўзгача таассурот қолдирди”, дейди Саида Мирзиёева.
Маълумот учун, “USS George Washington” (CVN-73) — АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларининг “Нимитс” тоифасидаги олтинчи ядровий авиаташувчи кемаси бўлиб, АҚШнинг биринчи Президенти Жорж Вашингтон шарафига номланган. 1992 йил 4 июлда фойдаланишга топширилган ушбу улкан ҳарбий кема Newport News кемасозлик заводида қурилган.
Узунлиги 333 метр, сув сиғими эса 100 минг тоннадан ортиқ бўлган кема иккита ядро реактори ёрдамида ҳаракатланади ва ёнилғи қуймасдан 20–25 йил давомида суза олади. Унинг бортига 90 тагача жанговар самолёт ва вертолётлар (жумладан, F/A-18 Super Hornet қирувчилари ҳамда E-2 Hawkeye разведка самолётлари) жойлашади, умумий экипаж ва авиация ходимлари сони эса 5 500 нафардан ошади. USS George Washington ўз фаолияти давомида Яқин Шарқ, Ўрта ер денгизи ва Ҳинд-Тинч океани минтақаларидаги кўплаб стратегик амалиётларда иштирок этган, шунингдек, Япониянинг Ёкосука базасида жойлашган илк ядровий авиаташувчи сифатида тарихга кирган.
Live
Барчаси