Россия космосга ядровий қуролли сунъий йўлдош учириши мумкин

Олам

−

visibility450 timer3 дақиқа

image

Ғарб разведка хизматлари Россия жорий йил охиригача ядровий каллак билан жиҳозланган сунъий йўлдошни космосга учириши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Германия ҳарбийлари ҳам эҳтимолий учириш муддати декабрь ойининг бошига тўғри келиши мумкинлигини билдирган. Бу ҳақда “Tagesschau” нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, разведка хизматлари ва ҳарбийлар ўртасидаги маълумот алмашинувига кўра, “Спутник-С” деб номланган сунъий йўлдош бир неча йилдан бери тўлиқ тайёр ҳолатда бўлиб, Москва ҳудудида сақланмоқда. Ноябрь ойи бошидаги разведка огоҳлантиришларида уни кейинги 60 кун ичида космосга учириш мумкинлиги айтилган. Германия Қуролли кучларининг Космик қўмондонлиги эса учириш декабрь ойи бошида амалга оширилиши эҳтимолини билдирган.

Россия элчихонаси ушбу маълумотлардан хабардор эмаслигини билдириб, Россиянинг космик фаолиятига оид айбловларни рад этган. Дипломатик ваколатхона бу даъволарни тарғибот кампаниясининг бир қисми деб атаган. АҚШ Мудофаа разведка агентлиги ўтган йил октябрь ойида Россия ядровий қуролни ташишга мўлжалланган сунъий йўлдош ишлаб чиқаётгани ҳақида ҳисобот эълон қилган. Унда бундай қурилмани Ер орбитасига жойлаштириш 1967 йилги Космос тўғрисидаги шартномани бузиши таъкидланган. Мазкур ҳужжат ядровий ва бошқа оммавий қирғин қуролларини Ер орбитасига жойлаштиришни тақиқлайди.

Мутахассислар фикрича, космосда ядровий портлаш содир бўлса, Ернинг паст орбитасидаги кўплаб сунъий йўлдошлар ишдан чиқиши мумкин. АҚШ Космик қўмондонлиги раҳбари Стивен Уайтинг бундай портлаш оқибатида паст орбитадаги сунъий йўлдошларнинг тахминан учдан бир қисми дастлабки соатлар ёки кунлардаёқ ишдан чиқиши, қолганлари эса кейинги ойларда аста-секин ишлашдан тўхташи мумкинлигини айтган.

Бундан ташқари, ядровий портлаш оқибатида юзага келадиган кучли электромагнит импульс Ердаги электр таъминоти, алоқа ва навигация тизимларига ҳам жиддий зарар етказиши мумкин. Бу эса фуқаролик инфратузилмаси билан бирга ҳарбий тизимлар фаолиятига ҳам таъсир кўрсатади.

Германия ҳарбий мутахассислари сўнгги ҳафталарда ушбу эҳтимолий таҳдид ҳақида мамлакат ҳукумати ва мудофаа вазири Борис Писториусга маълумот бергани айтилмоқда. WDR, NDR ва SZ суриштирувида қайд этилишича, Ғарб ҳарбийлари Россияга нисбатан сунъий йўлдошларга кўпроқ боғлиқ. Шу сабабли космосдаги ядровий портлаш Россияга эҳтимолий уруш шароитида қисқа муддатли ҳарбий устунлик бериши мумкин.

Яна бир эътиборли жиҳат – Ғарб разведка хизматлари 2022 йил февраль ойида учирилган Россиянинг “Космос-2553” сунъий йўлдошини ҳам шубҳа остига олмоқда. Россия уни илмий тадқиқотлар учун мўлжалланган деб изоҳлаган. Бироқ Ғарб разведкаси уни юқори даражадаги радиациянинг сунъий йўлдошларга таъсирини ўрганиш учун ишлатилган синов қурилмаси бўлиши мумкин деб ҳисоблайди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг