Украина дронлари Россиядаги нефть инфратузилмаси объектларига ҳужум қилди
Олам
−
316 2 дақиқа
Бугун, 23 ноябрга ўтар кечаси Украина ҳарбий кучлари Россиянинг Татаристон ва Ростов вилоятидаги нефть инфратузилмаси объектларига, шунингдек, Перм ўлкасидаги нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум қилди. Ҳужумлар оқибатида айрим объектларда ёнғин юзага келган. Бу ҳақда “Meduza” хабар берди.
Маълум қилинишича, Татаристоннинг Альметьевск шаҳридаги Калейкино нефть насос станцияси яна дронлар нишонига айланган. “Astra” ва Украинанинг “Exilenova+” мониторинг лойиҳаси станция ҳудудида ёнғин чиққанини акс эттирувчи тасвирларни эълон қилган. Татаристон раҳбарининг матбуот хизмати ТАССга республикадаги нефть объектларига ҳужум қилинганини маълум қилган. Баёнотда айтилишича, узоқ давом этган ҳаво ҳужуми оқибатида бир нечта объект зарар кўрган. Ҳодиса туфайли ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар йўқ.
Ростов вилоятида эса Украина дронлари Новошахтинск нефтни қайта ишлаш заводига (НҚИЗ) зарба берган. Гувоҳлар томонидан тарқатилган тасвирларда шаҳар устига қора тутун кўтарилганини кўриш мумкин. Бундан ташқари, Перм вилоятидаги “Лукойл-Пермнефтеоргсинтез” нефтни қайта ишлаш заводига ҳам ҳужум қилинган. Вилоят ҳокимияти Украина дронлари номаълум саноат объектига зарба берганини билдирган. Ҳужум оқибатида ёнғин содир бўлган.
Калейкино нефть насос станцияси Россия нефть қувурлари тизимининг муҳим марказларидан бири ҳисобланади. У “Транснефть-Прикамье” акциядорлик жамиятига тегишли. Украина дронлари ушбу станцияга аввал ҳам, 19 ноябрь куни ҳужум қилган эди.
Новошахтинск нефтни қайта ишлаш заводи Ростов вилоятидаги ягона шундай корхона бўлиб, Россия жанубидаги йирик ёқилғи етказиб берувчилардан бири ҳисобланади. Завод аввал ҳам Украина ҳужумлари нишонига айланган. Сентябрь ойи охирида Ростов вилояти расмийлари навбатдаги ҳужумдан кейин корхона фаолияти тўхтатилганини маълум қилган эди.
“Лукойл-Пермнефтеоргсинтез” эса Россиядаги энг йирик нефтни қайта ишлаш заводларидан бири ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, Ливиянинг шарқидаги Бенғози денгиз базасида Россия ҳарбий кемасига дронлар ҳужум қилганди. Ҳужум оқибатида “Меркурий” корветига жиддий зарар етган ва база ҳудудида ёнғин чиққан.
Live
Барчаси