Украина дронлари Ставрополдаги ИЭСга ҳужум қилди
Олам
−
1865 2 дақиқа
Россиянинг Ставрополь ўлкасидаги Невинномисск шаҳрида Украина дронларининг саноат инфратузилмасига уюштирган ҳужуми оқибатида икки киши жароҳатланди. Шунингдек, ишлаб чиқариш ва энергетика объектлари яқинида уриб туширилган дронларнинг парчалари қулаб, бир нечта бино шикастланди. Бу ҳақда вилоят губернатори Владимир Владимиров маълум қилди.
Аввалроқ, “Astra” нашри Невинномисск иссиқлик электр станцияси (ИЭС) Украина дронлари ҳужумига учраганини хабар қилган эди. Нашр кузатув камералари тасвирларини таҳлил қилиб, ҳужум станциянинг 410 мегаватт қувватга эга PGU-410 буғ-газ энергия блокига қаратилганини аниқлаган. Мониторинг каналлари шаҳарда 30 дан ортиқ портлаш овози эшитилгани ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишлаганини билдирган.
Губернаторнинг айтишича, дронлар ҳужуми вақтида мактаб биноси ва университет филиали ҳам шикастланган. Шу сабабли шаҳардаги мактаблар, университетлар ва коллежларда бугун, 26 ноябрь куни дарслар масофавий шаклда ўтказилмоқда. Икки киши шифокорларга мурожаат қилган, уларга тиббий ёрдам кўрсатилган. Жароҳатланганларнинг ҳаётига хавф йўқ.
Владимиров шаҳардаги барча ҳаётий таъминот тизимлари одатдагидек ишлаётганини билдирган. Фавқулодда хизматлар ва тегишли идоралар ҳужум оқибатларини бартараф этмоқда.
Невинномисск ИЭС “EL5-Energo” компаниясига тегишли бўлиб, Шимолий Кавказ ва Россиянинг жанубий ҳудудларига электр энергияси етказиб беради. Станция яқинида “EuroChem” гуруҳига кирувчи “Невинномисский Азот” кимё заводи жойлашган. Ушбу корхона ИЭСнинг йирик истеъмолчиларидан бири ҳисобланади.
“Невинномисский Азот” заводи Россия ҳарбий-саноат мажмуаси корхоналарида портловчи моддалар ишлаб чиқаришда ишлатиладиган сирка кислотасини етказиб беради. Корхона Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли уруши бошланганидан бери бир неча бор ҳужумга учраган. 2026 йил май ойидаги ҳужумда заводнинг икки нафар ходими жароҳатланган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина дронлари Россиянинг Самара вилоятига ҳужум қилган эди. Ҳужум оқибатида бир киши ҳалок бўлган.
Live
Барчаси