Украина урушида мингдан ортиқ россиялик ҳарбий ўз жонига қасд қилгани маълум бўлди

Олам

−

visibility670 timer4 дақиқа

image

Украинага қарши уруш бошланганидан буён 1 087 нафар россиялик ҳарбий хизматчи ўз жонига қасд қилгани маълум бўлди. “The Guardian” нашри ушбу маълумотларни Россия давлат статистика агентлигининг сизиб чиққан махфий маълумотларини таҳлил қилиб, аниқлади.

Нашрнинг ёзишича, ўз жонига қасд қилиш ва шубҳали ўлим ҳолатларини бирга ҳисоблаганда, қурбонлар сони Россия армиясининг қарийб бир полкига тенглашади. Таҳлилчилар эса ҳақиқий кўрсаткич бундан ҳам юқори бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

Маълумотлар Беларуснинг Cyber Partisans хакерлар гуруҳи ва Украинанинг Silent Crow жамоаси қўлга киритган 11 миллиондан ортиқ ўлим гувоҳномасидан иборат базага асосланган. Россия ҳукумати ҳарбийлар орасидаги ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ва урушдаги йўқотишлар бўйича расмий статистикани эълон қилмайди.

“The Guardian” аниқлаган 1 087 та ҳолатнинг камида 614 таси Украинанинг босиб олинган ҳудудлари ёки Россиянинг унга чегарадош вилоятларида, асосан Белгород ва Брянскда содир бўлган. Яна 113 та ҳолатда ҳарбийларнинг қаерда вафот этгани кўрсатилмаган.

Ўз жонига қасд қилган ҳарбийларнинг ярмидан кўпи ўқотар қуролдан фойдаланган. Бундай ҳолатлар ҳарбий лагерлар, жанговар позициялар, машғулот майдонлари ва хусусий уйларда содир бўлган. Фронт ҳудудида ўз жонига қасд қилганлар орасида 18–19 ёшли 43 нафар аскар ҳам бор.

Бундан ташқари, Россиянинг фронтдан узоқ ҳудудларида 25 ёшгача бўлган 108 нафар ҳарбий ўз жонига қасд қилгани қайд этилган. Уларнинг айримлари муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарлар бўлиши мумкин. Улар расман Украинадаги жангларга юборилмаслиги керак, бироқ кўпинча жанговар ҳудудларга жўнатиш имконини берадиган шартномаларни имзолашга мажбурланади.

Росстат маълумотларига кўра, Россия ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари уруш давомида ортиб борган. 2022 йилда 50 дан ортиқ ҳолат қайд этилган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 200 дан ошган. 2025 йилда эса 365 та ҳолат билан энг юқори даражага етган.

2026 йилда маълумотлар ҳали тўлиқ шаклланмаган бўлса-да, базада қарийб 300 та ҳолат қайд этилган. Бу уруш бошланганидан буён йиллик кўрсаткичлар орасида иккинчи энг юқори натижа ҳисобланади.

Россиялик ҳарбийларнинг хизматдан қочишига ёрдам берувчи “Idite Lesom” ташкилоти вакили Иван Чувиляев ҳақиқий рақамлар расмий статистикада кўрсатилганидан анча юқори эканини айтган. Унинг фикрича, фронтдаги кўплаб ўлим ҳолатлари ўз жонига қасд қилиш сифатида қайд этилмайди.

“Росстатнинг ҳар қандай статистикаси, уруш билан боғлиқ бошқа рақамлар каби, юқорига узатилган ҳисоботлардан иборат”, деган Чувиляев.

Унинг таъкидлашича, айрим ҳолларда ўз жонига қасд қилган ҳарбийлар ҳужжатларда жангда ҳалок бўлган қаҳрамон сифатида кўрсатилиши мумкин. Ҳатто уларнинг оилаларига медаль ҳам топширилиши эҳтимоли бор.

“The Guardian” мақоласида айрим шундай ҳолатлар ҳам келтирилган. Жумладан, 62 ёшли подполковник Сергей Савенок 2022 йил сентябрь ойида кўнгилли равишда урушга кетган. 2023 йил июль ойида у босиб олинган Луганск вилоятида ўқотар қуролдан ҳалок бўлган ҳолда топилган. Рафиқаcига унинг ўз жонига қасд қилгани айтилган. Бироқ Росстат маълумотларида бу ҳолат ўз жонига қасд қилиш сифатида эмас, балки ўқотар қуролдан жароҳатланиш ва ўлим сабаби аниқланмаган ҳолат сифатида қайд этилган.

Яна бир ҳолатда 21 ёшли Александр Лазорнинг оиласига унинг жангда ҳалок бўлгани айтилган. Аммо у билан бирга хизмат қилган икки ҳарбий “The Guardian” нашрига бўлинмадаги аскарларга Лазор ўз жонига қасд қилгани маълум қилинганини билдирган. Нашрнинг ёзишича, Росстат маълумотларида унинг ўлими уруш ҳаракатлари оқибатидаги ўқотар қурол жароҳати сифатида қайд этилган.

Мақолада Россия армиясидаги бошқа муаммолар ҳам келтирилган. “Mediazona” нашри маълумотларига кўра, 2025 йил май ойи охиригача Россия ҳарбий судларига хизматни бажаришдан бош тортган 20 662 нафар ҳарбийга нисбатан иш келиб тушган. Уларнинг аксарияти рухсатсиз ҳарбий қисмни тарк этганлик билан боғлиқ.

IStories нашри ушбу маълумотларни текшириб, Россия қуролли кучларининг камида 49 минг нафар ҳарбий хизматчиси дезертир ёки хизмат жойини ўзбошимчалик билан тарк этган шахс сифатида қайд этилганини аниқлаган.

Foreign Policy Research Institute катта илмий ходими Роб Лининг айтишича, Россия армиясида ҳарбийларни жангга боришга мажбурлаш, уларга нисбатан жисмоний зўравонлик ва қийноқлар қўллаш ҳолатлари ҳам учрайди. Унинг фикрича, бундай босим айрим ҳарбийларнинг ўз жонига қасд қилишига сабаб бўлиши мумкин.

Чувиляев эса ташкилот ёрдамида ҳарбий хизматдан қочган аскарлар орасида ҳам ўз жонига қасд қилиш фикрлари кўп учрашини айтган. Унинг сўзларига кўра, аскар қандай вазиятга тушиб қолганини англаганидан кейин бундай фикрлар пайдо бўлиши мумкин.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг