Украинанинг Ливиядаги ҳужумига жавоб “ўта оғриқли” бўлади – Кремль
Ўзбекистон
−
517 2 дақиқа
Россия ҳарбийлари ҳар куни Украинанинг ҳарбий инфратузилмасига кенг кўламли комплекс зарбалар беришда давом этмоқда ва бу амалиёт Киев учун “ўта ва ўта оғриқли оқибатларга” олиб келмоқда. Бу ҳақда бугун, 23 ноябрь куни Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Украина Қуролли кучларининг Ливия қирғоқлари яқинида Россия кемасига уюштирган ҳужумини изоҳлар экан маълум қилди.
Брифинг чоғида журналистлар Песковдан Ливия соҳиллари яқинида Россиянинг “Меркурий” корветига қилинган ҳужум ҳамда Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг ушбу ҳужумга Украина Хавфсизлик хизмати (УХХ) алоқадорлиги ҳақидаги баёнотига изоҳ беришни сўраган.
“Бу билан мудофаа идорамиз шуғулланмоқда. Агар мақсадга мувофиқ деб топилса, маълумотлар ҳам мудофаа идораси йўналиши орқали тақдим этилади”, дейди Песков.
Кремль вакили Москва Зеленскийнинг баёнотига эътибор қаратганини билдирган.
Россиянинг Ливия ва Болтиқ денгизидаги ҳужумларга эҳтимолий ҳарбий жавоби ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Песков Россия қўшинлари Украина ҳарбий объектларига зарба беришда давом этаётганини маълум қилган.
“Душман зарба беришга уринишларни давом эттирмоқда. Биз махсус ҳарбий операциямизни давом эттиряпмиз. Ҳарбийларимиз ҳар куни Украинадаги ҳарбий инфратузилмага кенг кўламли комплекс зарбалар бериш амалиётини давом эттирмоқда. Бу амалиёт Киев режими учун ўта ва ўта оғриқли оқибатларни қолдирмоқда”, дейди Песков.
У, шунингдек, Россия Президенти Владимир Путиннинг яқинда Шэньчжэнда билдирган ушбу амалиёт ва Россия ҳарбийларининг йўналиши давом эттирилиши ҳақидаги баёнотини эслатиб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ливиянинг шарқидаги Бенғози денгиз базасида Россия ҳарбий кемасига дронлар ҳужум қилгани ҳақида хабар берилган эди. Ҳужум оқибатида “Меркурий” корветига жиддий зарар етган ва база ҳудудида ёнғин чиққан.
Live
Барчаси