Ливиядаги портлашда россияликлар ҳалок бўлган – ОАВ
Олам
−
513 2 дақиқа
Ливиянинг Бенғози портида турган Россиянинг “Меркурий” корвети бортида содир бўлган портлаш оқибатида ҳалок бўлганлар бор. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “Al Jazeera” хабар берди.
Телеканал суҳбатдошлари қурбонлар сонига аниқлик киритмаган ҳолда, ҳалок бўлганлар орасида россияликлар ва ливияликлар борлигини билдирган. Кеманинг ўзи чўкиб кетган, суратларда сув юзасидан фақат унинг тумшуқ қисми кўриниб турибди.
Маҳаллий ҳукуматга кўра, “Меркурий” Бенғози портига Россия ва Шарқий Ливия ҳукумати ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги келишув доирасида ёқилғи қуйиш ва захираларни тўлдириш учун борган.
“Al Jazeera”нинг икки манбаси кема бортида қурол-яроғ, ўқ-дорилар ва дронлар юки бўлганини маълум қилган. “Associated Press” манбаларининг хабар беришича, корветга 22 ноябрга ўтар кечаси Ғарбий Ливиядаги Украина кучлари назорати остида бўлган базадан учирилган дронлар ҳужум қилган. Манбалар гувоҳларнинг сўзларига таяниб, ҳужумда учта дрон иштирок этганини айтган.
Маҳаллий ҳукумат Россия билан биргаликда ҳодиса юзасидан тергов бошлаганини маълум қилиб, “халқаро можаролар экспортига” йўл қўймасликларини билдирган. Бенғози расмийлари “Меркурий”га берилган зарба учун жавобгарликни тўғридан тўғри Украина зиммасига юкламаган, бироқ Ливия “Россия–Украина урушини оқламаслигини” урғулаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ливиянинг шарқидаги Бенғози денгиз базасида Россия ҳарбий кемасига дронлар ҳужум қилгани ҳақида хабар берилган эди. Ҳужум оқибатида “Меркурий” корветига жиддий зарар етган ва база ҳудудида ёнғин чиққан.
Live
Барчаси