8 йиллик сафардан сўнг космик аппарат Меркурийга етиб борди

Бу қизиқ

−

image

Европа ва Япония томонидан биргаликда амалга оширилаётган BepiColombo космик миссияси саккиз йилдан ортиқ давом этган парвоздан сўнг Меркурийга етиб борди. Энди аппарат сайёра орбитасига чиқишга тайёрланмоқда. Миссия давомида Меркурий юзаси, ички тузилиши, магнит майдони ва унинг Қуёшга яқин жойлашганига қарамай, нега бунчалик зич экани ўрганилади. Бу ҳақда “The Guardian“ хабар берди.

Қайд этилишича, BepiColombo миссияси Меркурий орбитасига чиққан тарихдаги иккинчи космик миссия бўлади. Бунинг учун эртага, 21 ноябрь куни космик аппарат двигателлари ишга туширилиб, унинг тезлиги пасайтирилади ва сайёра орбитасига йўналтирилади.

Қиймати 1,6 миллиард евро бўлган лойиҳа олимларга Меркурий қандай шакллангани, нима сабабдан магнит майдонига эгалиги ва унинг доимий соя тушадиган кратерларида сақланаётган муз таркибини ўрганиш имконини беради.

Меркурийга етиб бориш осон бўлмаган. Сайёра Қуёшга яқин жойлашгани сабабли космик аппаратлар унинг кучли тортиш майдони таъсирида тезлашади. Шу боис аппарат сайёрани шунчаки айланиб ўтиб кетмаслиги учун парвоз давомида тезлигини бир неча бор пасайтириши керак бўлади.

Лестер университети профессори Эмма Бунсе бу миссия устида 20 йилдан бери ишлаётганини айтиб, унинг натижаларини узоқ кутилган воқеа сифатида баҳолаган.

Декабрь ойи бошида BepiColombo иккита мустақил орбитал аппаратга ажралади. Улардан бири Европа, иккинчиси Япония томонидан бошқарилади. Ҳар икки аппарат Меркурий атрофидаги турли қутбий орбиталарга жойлашади. Илмий кузатувлар эса 2027 йил апрель ойида бошланиши режалаштирилган.

Европага тегишли Mercury Planetary Orbiter (MPO) аппарати Меркурий юзаси ва таркибини юқори аниқликда хариталайди. Шунингдек, сайёранинг ички тузилишини ўрганиб, унинг ядроси нега бунчалик катта эканини аниқлашга ёрдам беради.

Япониянинг орбитал аппарати эса Меркурий магнит майдони ва экзосферасини ўрганади. Экзосфера сайёрани ўраб турган жуда сийрак газ ва атомлар қатламидир.

Меркурий Ойдан атиги 50 фоизга катта бўлса-да, унинг массаси Ойникидан тўрт баравар кўп. Олимлар сайёранинг бундай зичликка эга бўлиш сабабларини ҳам аниқлашни режалаштирган.

Европа космик агентлигининг BepiColombo лойиҳаси бўйича етакчи олими Жерайнт Жонс миссия натижалари катта илмий аҳамиятга эга бўлишини таъкидлаган. Унинг айтишича, иккита космик аппаратдаги замонавий қурилмалар ёрдамида Меркурий юзаси, ички тузилиши ва атрофидаги фазо батафсил ўрганилади.

Меркурий Қуёш тизимидаги энг кескин ҳарорат ўзгаришлари кузатиладиган сайёралардан бири ҳисобланади. У ўз ўқи атрофида 58 Ер кунида бир марта айланади. Шу сабабли унинг айрим ҳудудларида уч ой давомида кундуз, кейинги уч ой эса тун кузатилиши мумкин.

Сайёра Қуёшдан 36 миллион мил узоқликда жойлашган. Унинг юзасида кундузги ҳарорат 450 даражагача кўтарилса, тунда минус 180 даражагача тушади.

Миссия давомида махсус камералар Меркурий юзасини турли тўлқин узунликларида суратга олади. Шунингдек, аппаратлар сайёра атрофидаги газларни таҳлил қилади, магнит майдонини ўлчайди ва сезгир қурилмалар ёрдамида унинг ички тузилишини текширади. Лазер ёрдамида эса сайёранинг умумий шакли харитага туширилади.

BepiColombo аппаратлари Меркурий орбитасида тахминан уч йил ишлаши кутилмоқда. Шундан сўнг уларнинг ёнилғиси тугайди, орбитал баландлиги пасаяди ва улар сайёра юзасига қулайди. Миссия якунида космик аппаратлар Ерга қайтарилмайди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг