Туркия илк бор Ойга ракета учирмоқчи

Олам

image

Туркия 2027 йилда Ойга ўзининг биринчи космик аппаратини учиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда кеча, 13 август куни Саноат ва технологиялар вазири Меҳмет Фотиҳ Кажир маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Туркиянинг “Миллий технологик ҳамла” ташаббуси доирасида космос энг муҳим ўринни эгаллайди, космик ва у билан боғлиқ технологиялар эса, жумладан, мудофаа саноати учун ҳам стратегик аҳамиятга эга инфратузилмани шакллантиради.

У, шунингдек, Туркия бир қатор муҳим лойиҳаларни амалга оширганини қайд этган ва BİLSAT, RASAT, GÖKTÜRK-2, Türksat 6A ҳамда İMECE сунъий йўлдошлари туфайли мамлакат сунъий йўлдош технологиялари соҳасида сезиларли технологик салоҳиятга эга бўлганини таъкидлаган.

“Муҳандисларимиз, тадқиқотчиларимиз ва олимларимиз Туркиянинг шахсий ой аппаратини ишлаб чиқмоқдалар. Шахсий гибрид ракета двигател тизими билан жиҳозланган ой аппаратимиз 2027 йилнинг илк ойларида космосга юборилади. Учириш жадвали аллақачон узил-кесил белгилаб олинди. Барча синовлар муваффақиятли ўтди. Умид қиламизки, Туркия ушбу амбицияли мақсадни амалга оширади ва бугунги кунда дунёнинг саноқли мамлакатларигина эга бўлган технологик имкониятларга эришади”, дейди у.

Меҳмет Фотиҳ Кажир космосга мустақил чиқиш имконияти Туркиянинг стратегик мақсади эканини таъкидлаб, мамлакатнинг ракета технологиялари соҳасидаги катта имкониятларини қайд этган.

Туркиянинг бошқариладиган илмий космик миссиялари ҳақида гапирганда, Кажир бу ишлар давом эттирилишини билдирган. Унинг сўзларига кўра, олдинда турган даврда Туркия янги халқаро космик станциялар лойиҳаларида улар учун технологик компонентлар ишлаб чиқувчи ва ишлаб чиқарувчи мамлакат сифатида иштирок этишни ҳамда бу соҳада халқаро ҳамкорликни кенгайтиришни мақсад қилган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ STAR.VISION компанияси томонидан Хитойнинг Шандун провинцияси қирғоқлари яқинидаги денгиз старт платформасидан Samarqand-2028 ва Lampung-1 гиперспектрал сунъий йўлдошлари муваффақиятли учирилганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг