NASA астероидга зарба берди: тўрт йилдан сўнг кутилмаган ўзгаришлар аниқланди
Бу қизиқ
−
3168 3 дақиқа
NASA тўрт йил аввал Dimorphos астероидига космик аппаратни атайлаб уриб, унинг ҳаракатини ўзгартиришга уринган эди. Энди олимлар тўқнашувдан кейин олинган янги суратларни эълон қилди. Уларда астероид юзасида катта кратер пайдо бўлгани ва унинг атрофида юзлаб қоятошлар сочилиб ётгани кўринади. Олимлар бу ўзгаришларни ўрганиш орқали келажакда Ерга хавф туғдириши мумкин бўлган астероидларни йўналишидан четлатиш усулларини ишлаб чиқмоқчи. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Диаметри қарийб 160 метр бўлган Dimorphos астероидига NASA 2022 йил 26 сентябрь куни DART космик аппаратини атайлаб уриб юборган. Оғирлиги ярим тоннага яқин бўлган аппарат астероид билан соатига 13 минг милдан ортиқ тезликда тўқнашган. Зарба оқибатида космосга катта миқдорда тош бўлаклари сочилган.
.png)
Ерда жойлашган телескоплар кузатуви тажриба муваффақиятли бўлганини кўрсатган. Тўқнашувдан сўнг Dimorphosнинг ундан каттароқ Didymos астероиди атрофида айланиш вақти 33 дақиқага қисқарган. NASA аввалроқ вақтнинг атиги 73 сонияга ўзгариши ҳам тажриба муваффақияти учун етарли бўлишини билдирган эди.
Бироқ зарба астероиднинг ўзига қандай таъсир қилгани, ундан қанча материал ажралиб чиққани ва шакли қай даражада ўзгаргани номаълумлигича қолган.
Бу саволларга жавоб топиш учун Европа космик агентлиги 2024 йил 7 октябрь куни Hera миссиясини учирган. Икки йиллик парвоздан сўнг космик аппарат жорий ойда Dimorphos ва Didymos астероидларига етиб келиб, уларни 25–30 километр масофадан ўрганишни бошлаган.
Hera миссиясининг бош тадқиқотчиси Патрик Мишелнинг айтишича, олимлар Dimorphos тўқнашув натижасида кратер ҳосил қилганми, шаклини ўзгартирганми ёки аввалги ҳолича қолганми, деган саволга жавоб излаган. Янги суратлар эса учала ҳолат ҳам юз берганини кўрсатган.
Хусусан, DART аппарати урилган астероид юзаси яссиланиб, бутун кенглиги бўйлаб стадион катталигидаги кратерга айланган. Шунингдек, зарба Dimorphosнинг ўз орбитасида тартибсиз айланишига сабаб бўлган.
Hera миссияси олими Майкл Кюпперснинг билдиришича, яна бир кутилмаган ҳолат — астероидлар атрофида бир неча метр катталикдаги юзлаб қоятошлар айланаётгани аниқланган.
Европа Жанубий обсерваторияси астрономи Майкл Марсенинг фикрича, янги суратлар астероидлар билан тўқнашув жараёнини ўрганиш учун ноёб имконият яратади. Чунки олимлар биринчи марта зарбадан олдинги ва кейинги ҳолатни батафсил солиштириш имконига эга бўлмоқда. Унинг таъкидлашича, зарба Dimorphosнинг ташқи, емирилган қатлами остидаги материалларни ҳам очиб берган бўлиши мумкин.
Келгуси ойларда Hera аппарати астероидга янада яқинлашади ва иккита кичик сунъий йўлдошни учиради. Улардан бири радар ёрдамида Dimorphosнинг ички тузилишини ўрганади.
Олимларнинг таъкидлашича, астероидни йўналишидан оғдириш учун фақат космик аппаратнинг зарбаси етарли эмас. Бунда астероиднинг ички тузилиши, қанчалик мустаҳкамлиги ва тўқнашув пайтида ундан қанча материал ажралиб чиқиши ҳам муҳим.
Мутахассислар Ерга хавф солиши мумкин бўлган астероидларни имкон қадар эрта аниқлаш зарурлигини ҳам таъкидламоқда. Агар бундай осмон жисмлари бир неча йил ёки ўн йиллик олдин аниқланса, уларнинг тезлигини озгина ўзгартириш ҳам Ер билан тўқнашувнинг олдини олишга ёрдам бериши мумкин. Аксинча, астероид хавфи тўқнашувга бир неча ой қолганда аниқланса, чоралар кўриш имконияти анча чекланади.
Чилидаги Vera Rubin обсерваторияси ва NASAнинг келажакда учирилиши режалаштирилган Near-Earth Object Surveyor космик телескопи бундай астероидларни эртароқ аниқлаш имкониятини ошириши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Макс Планк жамиятининг Қуёш тизимини тадқиқ қилиш институти олимлари Юпитер орбитасидан кейинги ҳудуд сайёралар ва астероидларнинг қурилиш блоклари бўлмиш планетезималлар шаклланишидаги асосий “фабрика”лардан бири бўлган бўлиши мумкинлигини аниқлаган эди.
Live
Барчаси