Марсда бармоқ изи кўринишидаги сирли тошлар аниқланди
Бу қизиқ
−
266 2 дақиқа
Марсда 5 га 15 километр ўлчамдаги улкан бармоқ изи шаклидаги нақшни ҳосил қилган оч рангли йирик тошларнинг узун эгри-бугри қаторлари аниқланди. Ушбу геологик тузилма NASA’нинг Mars Reconnaissance Orbiter орбитал аппаратидаги HiRISE юқори аниқликдаги камераси томонидан қайд этилган. Бу ҳақда “ScienceAlert” хабар берди.
Қайд этилишича, ғайриоддий рельефга эга ҳудуд Марс экватори яқинидаги Фарсида вулқон минтақасида, 5 минг 455 метр баландликда жойлашган. 2002 йилги архив орбитал суратларида бу жой деярли текис кўринган, бироқ янги кадрлар оралиғи 5 дан 10 метргача бўлган аниқ тош қаторларини кўриш имконини берган.

АҚШ Геология хизмати планетологи Пол Гайслер топилманинг ноёблигини тасдиқлаган. Мутахассислар илгари Қизил сайёранинг бирорта бошқа ҳудудида бунга ўхшаш симметрик нақшларни қайд этмаган.
Тош тизмаларининг келиб чиқиши борасида ҳозирча ягона тушунтириш йўқ, аммо планетологлар иккита асосий версияни кўриб чиқмоқда:
- Ердаги қутббўйи ва баланд тоғли ҳудудларда ҳароратнинг кўп марталик кескин ўзгариши тоғ жинсларини саралаб, йирик харсанг тошларни майда фракциялардан чизиқлар ва кўпбурчаклар шаклида ажратади;
- Марс зилзилалари пайтида “Бразилия ёнғоғи эффекти” деб аталувчи ҳодиса ишга тушади: тупроқнинг майда зарралари пастга тўкилиб, йирик тошларни юзага сиқиб чиқаради.
Тадқиқотчилар сейсмик фаоллик кўп тоннали харсанг тошларни бу қадар геометрик жиҳатдан тўғри ёйлар шаклида тизиб чиқишга қодирми ёки йўқми, шуни аниқлашлари керак бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ олимлар Сомон йўли галактикасининг умумий массасини тахминан 1,19 триллион Қуёш массасига тенг деб баҳолаган эди. Янги ҳисоб-китоблар аввалги айрим тадқиқотларда келтирилган натижалардан анча юқори бўлиб, ўлчовлар хатолиги 11 фоизни ташкил этган.
Live
Барчаси