Озон тешиги рекорд даражада кенгайди
Бу қизиқ
−
13:17 1671 2 дақиқа
Олимлар Жанубий қутб тепасида ноёб об-ҳаво аномалиялари туфайли озон тешигининг сўнгги ўн йилдаги рекорд даражада кенгайганини қайд этди. Бу ҳақда “Gizmodo” хабар берди.
NASA ва Океан ва атмосферани тадқиқ қилиш миллий бошқармасининг (NOAA) қўшма ҳисоботига кўра, жорий йилнинг 18 сентябрь куни озон қатламининг емирилган майдони 27,1 миллион квадрат километрга етган. Бу АҚШ майдонидан деярли уч баравар катта ва 2000 йилдаги тарихий рекорднинг тахминан 90 фоизини ташкил қилади.
Қайд этилишича, бундай кескин сакрашга кучли қутб гирдоби – Антарктида тепасида соат мили йўналиши бўйча айланувчи ва қаҳратон ҳаво массаларини ушлаб турувчи паст босимли паст ҳароратли улкан ҳаво оқими сабаб бўлган.
Жорий йилнинг август ва сентябрь ойларида одатда ушбу гирдобни парчалайдиган атмосфера воситалари кутилмаганда кучсиз бўлган. Оқибатда кучли шамоллар кутбдан узоқроққа сурилиб, стратосфера булутларининг ҳосил бўлиши учун идеал шароит яратган.
Айнан ушбу булут зарраларида қуёш нурлари таъсирида саноат чиқиндиларидан ажралиб чиқадиган хлор ва бром сайёранинг ҳимоя қатламини энг фаол тарзда парчалайди. Вақтинчалик кенгайишга қарамай, мутахассислар Ернинг ҳимоя экранининг умумий қайта тикланиши давом этаётганини таъкидламоқда.
Монреаль протоколи шарофати билан стратосферадаги хлор концентрацияси 1980-йилларга нисбатан учдан бир қисмга камайган. Олимларнинг қайд этишича, зарарли кимёвий моддаларнинг халқаро тақиқи бўлмаганида, бу йилги туйнук яна бир неча миллион квадрат километрга каттароқ бўлар эди ва бўшлиқ аср охиригача тўлиқ ёпилиши кутилмоқда.