Россия ҳарбий кемаси Ливияда ҳужумга учради (видео)
Олам
−
2147 3 дақиқа
Ливиянинг шарқидаги Бенғози денгиз базасида Россия ҳарбий кемасига дронлар ҳужум қилгани тахмин қилинмоқда. Ҳужум оқибатида “Меркурий” корветига жиддий зарар етган ва база ҳудудида ёнғин чиққан. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса кеча, 22 ноябрь куни содир бўлган. Ливиянинг икки нафар ҳарбий расмийси дастлабки тергов натижаларига кўра, кемага Украина кучлари назоратидаги базадан бир нечта денгиз дрони учирилганини билдирган. Уларнинг айтишича, камида тўртта дрон тутиб қолинган ва йўқ қилинган, яна иккитаси ҳарбий кемага бориб урилган. Ҳужум оқибатида “Меркурий” корветига жиддий зарар етган ва объектда ёнғин юзага келган.
Ливиянинг шарқий ва жанубий ҳудудларини назорат қилувчи, ўзини Ливия миллий армияси деб атайдиган тузилма вакиллари журналистларга исмларини ошкор қилмаслик шарти билан маълумот берган. Улар бунинг сабаби сифатида расмий изоҳ бериш ваколатига эга эмасликларини кўрсатган.
Ливияда Муаммар Қаддофий ҳокимияти НАТО қўллаб-қувватлаган қўзғолон натижасида ағдарилганидан бери сиёсий бўлиниш сақланиб қолмоқда. Мамлакатнинг ғарбида БМТ томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳукумат, шарқида эса унга рақиб маъмурият фаолият юритади. Нефть захираларига бой Ливия Россия ва Ғарб ўртасидаги рақобат марказларидан бири бўлиб қолмоқда. Ливия шарқидаги ҳукумат баёнотида ҳам 22 ноябрь кунги ҳужум туфайли денгиз базасида портлаш ва ёнғин содир бўлгани, кейинчалик ёнғин ўчирилгани айтилган.
“Алмасар” сунъий йўлдош телеканали ёнғин ичида қолган кеманинг видеотасвирини намойиш этган. Телеканал маълумотига кўра, Ливия денгиз флоти Мальта байроғи остидаги кема экипажини қутқарган. Баёнотда кема Россия ва Ливиянинг шарқий ҳукумати ўртасидаги ҳамкорлик келишуви доирасида ёқилғи қуйиш ва таъминот олиш учун базага киргани қайд этилган. Бироқ кеманинг ўзи ёки унинг юки ҳақида батафсил маълумот берилмаган.
Шунингдек, ҳужумнинг ортида турган томонни аниқлаш мақсадида Россия билан қўшма тергов бошлангани билдирилган. Ҳозирча ҳеч бир гуруҳ ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олмаган. Россия ва Украина расмийлари ҳам воқеа юзасидан дарҳол муносабат билдирмаган.
Европалик расмийлардан бири Бенғози портида Россия кемаси иштирокида портлаш содир бўлгани ҳақидаги хабарлар ишончли кўринаётганини айтган. Унинг сўзларига кўра, кема Россия корвети сифатида аниқланган, бироқ ҳозирча портлаш сабабларига баҳо бериш имкони бўлмаган.
Ливия ғарбидаги ҳукумат Украинадаги урушни назарда тутиб, мамлакат портлари ва фуқаролик объектларининг ташқи можароларга жалб этилишидан хавотир билдирган.
“Ҳукумат Ливияни халқаро можаролар майдонига ёки ташқи кучлар ўзаро ҳисоб-китоб қиладиган ҳудудга айлантиришга қатъий қаршилигини яна бир бор тасдиқлайди”, дейилади баёнотда.
Нашр маълумотларига кўра, март ойида ҳам Ливиянинг ғарбий қисмида яширин келишув асосида фаолият юритаётган Украина кучлари Ўрта ер денгизида, Мальта сувлари яқинида Россия танкерига денгиз дронлари билан ҳужум қилганликда гумон қилинган. Бу ҳақда ўша вақтда Ливия расмийлари хабар берган.
Агентлик қайд этишича, асосан дронлар бўйича мутахассислардан иборат Украина кучлари Мисратадаги ҳарбий-ҳаво базасида, шунингдек, пойтахт Триполи ва соҳил бўйидаги Завия шаҳрида жойлашган бошқа ҳарбий объектларда ҳам фаолият юритган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ленинград вилояти губернатори Александр Дрозденко Финляндия кўрфазининг нейтрал сувларида Украина дронлари Калининградга йўл олган юк кемасига ҳужум қилганини маълум қилганди.
Live
Барчаси