Мақсадига эришган Макрон. Франция ва Украина лидерлари нималарга келишди?
Олам
−
09 Февраль 2022
8838Аввал хабар берганимиздек, кеча, 8 февраль куни Франция Президенти Эммануэль Макрон Киевда Украина етакчиси Владимир Зеленский билан учрашди. Икки давлат Президентлари Украина шарқидаги можарони муҳокама қилиб, бир қанча йўналишларда ҳамкорлик қилиш, жумладан, Украинага молиявий ёрдам кўрсатиш борасида келишиб олди. Бу ҳақда BBC хабар бермоқда.
Таъкидланишича, Макроннинг Зеленский билан музокаралари узоқ давом этган, Президентлар режалаштирилганидан бир соат кечроқ матбуот олдига чиққан. Шу сабабли, брифинг қисқартирилган форматда ўтказилган.
Зеленский йиғилишни очар экан, бу Франция Президентининг 24 йил ичида Киевга биринчи ташрифи эканлигини таъкидлаб, Украина шарқидаги тинчлик жараёни музокаралар марказида эканини айтган.
Украина Президенти Макрон билан бир қанча ҳамкорлик келишувларига эришганини маълум қилган. Қайд этилишича, молиявий ёрдамдан ташқари, француз компаниялари Украинага мудофаа соҳасини ислоҳ қилишда ёрдам беради, Украина темир йўл монополияси эса Франциядан янги локомотивлар сотиб олади.
“Иқтисодий қўллаб-қувватлаш жуда муҳим. Биз Франциянинг қудратли қадамини – Украинага 1,2 миллиард евро миқдорида макромолиявий ёрдам ажратилишини жуда қадрлаймиз. Бу ҳақиқатан ҳам иқтисодиётимизни барқарорлаштиришга ёрдам беради”, деган Украина раҳбари.
Макрон ҳам 1,2 миллиард еврони тилга олган, бироқ у буни макромолиявий ёрдам эмас, балки француз компанияларининг Украина лойиҳаларини молиялаштириш учун давлат кафолати деб атаган.
Маълум қилинишича, бу борада доиравий келишувга май ойида эришилган ва Макроннинг Киевга шахсан ташрифи билан 1,2 миллиардлик иккита келишув имзоланган. Улардан бири 900 миллион еврогача бўлган юзлаб француз Alstom локомотивларини етказиб беришни, иккинчиси эса қутқарувчилар учун қиймати 300 миллион еврогача бўлган 370 дона махсус техникани етказиб беришни назарда тутади.
Зеленский мамлакат шарқидаги вазиятга тўхталар экан, сиёсий маслаҳатчилар даражасида Норманд форматидаги учрашувни кутаётганини айтган. Аввалроқ, Елисей саройи Макрон Путин билан шундай учрашув ўтказишга рози бўлганини маълум қилганди.
“Биз Франциянинг Донбассни тинч йўл билан тартибга солиш жараёнида қўллаб-қувватлаётганини жуда қадрлаймиз. Украина ва бутун Европа олдида турган муаммолар бўйича Франция Президенти билан умумий қарашларимиз бор”, дея хулоса қилган Украина раҳбари.
Макрон ҳар икки томонни сўзда ҳам, амалда ҳам хотиржам бўлишга чақирган. У Путин ва Зеленский билан учрашувларидан сўнг Украинадаги вазият бўйича музокаралар олдинга силжиши мумкинлигини ҳамда Россия ва Ғарб ўртасидаги кескинликни пасайтириш учун аниқ амалий ечимлар мавжудлигини айтган.
Шунингдек, кеча, 8 февраль куни эрталаб Украина пойтахтига етиб борган Макрон Путин билан Украина атрофидаги вазият бўйича музокаралари натижаларига оид янги баёнот берган.
“Мен можаронинг ёмонлашуви ёки унинг кучаймаслигини англадим. Менинг мақсадим ўйинни тўхтатиш, кескинлашувнинг олдини олиш ва янги истиқболларни очиш эди. Мен бу мақсадга эришганимга ишонаман”, деган у аэропортда журналистларга.
Эслатиб ўтамиз, Макрон жорий йилнинг 7 февраль куни Россияда Президент Владимир Путин билан музокаралар ўтказганди.