Можаро ичидаги Абдухолиқов, қонхўрга чиққан Соҳибқирон, кўринмай қолган “қозоқ маликаси”... Бугун нималар бўлди?
Таҳлил
−
01 Февраль 2022
10604Жамият
Бугундан поликлиникаларда қоғозбозлик қисқартирилди – ССВ
Бугун, 1 февралдан бирламчи тиббиёт муассасалари ходимлари юритадиган тиббий журнал, бланк ва карталар сони қисқартирилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.
Вазирликнинг таъкидлашича, бирламчи тиббиёт муассасалари ходимлари зиммасига юклатилган вазифалар ҳаддан зиёд кўп. Уларнинг асосий иш вақти турли журнал ва ҳисоботларни тўлдириш билан боғлиқ ортиқча жараёнларга сарфланмоқда. Оқибатда шифокорлар қабулида узундан узоқ навбатлар юзага келиб, беморларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имконияти чекланяпти.
Шу сабабли бундан бир муддат олдин Соғлиқни сақлаш вазирлигида ўтказилган учрашувда амалиёт учун фойдали бўлмаган ҳужжат ва ҳисобот шаклларини қисқартириш юзасидан махсус ишчи гуруҳ тузилган.
Фарғонадаги бозорда 25 та дўкон ёниб кетди
Бугун, 1 февраль куни Фарғона вилояти, Қува туманидаги савдо комплексида йирик ёнғин юз берди. Ёнғинни ўчиришга 11 та ёнғин-қутқарув экипажи жалб этилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар қилди.
Билдирилишича, соат 06:23да туманнинг “Ғалаба” МФЙ, Бўстон кўчасида жойлашган Қува савдо комплексида (бозор) тахминан 25 та кийим-кечак дўконининг томи, шифти ва ички қисми ёнган.
Ёнгин ўчириш экипажлари воқеа жойига соат 06:27да етиб бориб, ёнғин 07:10да қуршаб олиниб, 07:37да ўчирилди.
Коррупцион можарога аралашиб қолган Фирдавс Абдухолиқов ЎзЭОВМА раислигидан кетди
Фирдавс Абдухолиқов Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси раиси лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда “Uzreport” телеканали маълум қилди.
Қайд этилишича, бугун, 1 февраль куни ассоциация аъзолари умумий йиғилиши бўлиб ўтган. Унда ташкилий масала кўриб чиқилди. Ассоциация раиси Фирдавс Абдухолиқов йиғилишда ўз лавозимидан озод этишни сўраган.
“Бир овоздан ариза қониқтирилиб, Фирдавс Абдухолиқов лавозимидан озод этилди”, дейилади хабарда.
Андижонда уюшган жиноий гуруҳ ИИБ ходимларини тошбўрон қилгани айтилди
Бугун, 1 февраль куни ижтимоий тармоқларда Ички ишлар бошқармаси ходимлари маҳалланинг уюшган жиноий тўдага айланган фуқаролари томонидан тошбўрон қилингани акс этган видеолавҳа тарқалди. Унда воқеа Андижон вилояти Балиқчи тумани Алам маҳалласида содир бўлгани баён этилган. Ҳолат юзасидан Андижон ИИБ Матбуот хизмати изоҳ берди.
Қайд этилишича, Балиқчи тумани “Аълам” МФЙда яшовчи А.Б. туман “Сувоқава” ташкилотига тегишли бўлган сув қазиб чиқариш иншооти ва ҳудудини ўзининг томорқасига ноқонуний қўшиб олган ва етмаганига девор билан ўраб олган. Натижада агар сув иншооти носоз ҳолга келса, таъмирлаш учун келган фуқароларни бу ҳудудга ўтишга тўсқинлик қилаётгани учун маҳалла аҳолиси билан ушбу оила ўртасида низо юзага келган.
Сувдан“счётчик”сиз фойдаланаётганлар учун тўловларни ҳисоблашнинг янги меъёри ўрнатилди
Ўзбекистонда бугун, 1 февралдан сув ҳисоблагичи бўлмаган уйлардаги ичимлик сувини ҳисоблашнинг янгича меъёрлари киритилди. Бу ҳақда “Ўзсувтаъминот” АЖ Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, бугун, 1 февралдан бошлаб, кўп квартирали ва ҳовли уйларда кунига 350 литр бўлган ягона меъёр қўлланилади, автомашина ва уй ҳайвонлари учун мавжуд бўлган бошқа меъёрлар чиқариб ташланади. Сув сепиш учун меъёр 15 литргача камайтирилади.
Шарманда! Ўзбекистон ҳақидаги роликда Амир Темур қонхўр босқинчи деб таърифланди
Жорий йилнинг 29 январь куни Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш бошқармасининг “Facebook”даги расмий саҳифасида хорижий видеоблогерлар томонидан “Индиана Жонс Ўзбекистонда” номи билан суратга олинган қисқаметражли фильм эълон қилинди. Аммо видеодаги кутилмаган ҳолат шундаки Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон тарихидаги муҳим шахслардан бири, Темурийлар давлатининг асосчиси Соҳибқирон Амир Темур қонхўр-босқинчи сифатида ёритилган.
Видео Самарқанд шаҳрида суратга олинган бўлиб, роликнинг кириш қисми шундай маълумот билан бошланади:
“Тимур Тамерлан – дунёдаги энг машҳур босқинчилардан бири бўлиб, у ҳақидаги барча ҳикоялар қонли дарёлар билан тугайди. Унинг қўлидан 17 миллиондан ортиқ одам ҳалок бўлган, XIV асрга келиб у ер юзидаги барча аҳолининг 5 фоизини қириб ташлади. У “ўлим отаси” сифатида ҳам танилган. Дафн этилганида қабр тошига лаънат ўйиб ёзилган. “Ким менинг қабримни очишга журъат этса, унинг бошига мендан ҳам қаттол босқинчи тушади”.
“Sevimli” ортидан “Кинотеатр” телеканалида ҳам текширув бошланди
“Sevimli” телеканалида намойиш этилган “Сабрия” сериали ортидан “Кинотеатр” телеканали устидан ҳам текширув бошланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги хабар бермоқда.
Қайд этилишича, кеча, 31 январь куни “Кинотеатр” телеканали орқали соат 22:00 да эфирга узатилган “Баунти” фильмида очиқ саҳналар намойиш этилган ва бу жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлмоқда.
Ушбу ҳолат ортидан “Кинотеатр” телеканали Эфирга тайёрлаш гуруҳи масъули А.А. билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди, Телеканал мутасадди раҳбари Н.Б.га “ҳайфсан” олди.
Бош прокуратура Фирдавс Абдухолиқовга нисбатан маъмурий иш очди
Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов ўз оила аъзоларига тегишли телеканалга давлат буюртмаларини бергани юзасидан прокуратура томонидан маъмурий иш очилди. Бу ҳақда Бош прокурорнинг Матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов QALAMPIR.UZ'га маълум қилди.
“Бош прокуратура томонидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан тақдим этилган ҳужжатларга кўра, 25 январь куни Кинематография агентлиги бош директорига маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш қўзғатилиб, мазмунан кўриб чиқишлик учун судга юборилган”, дейди Ҳаёт Шамсутдинов.
Олам
Дариға Назарбоева нега кўринмай қолгани маълум бўлди
Аввалроқ, Қозоғистон парламентининг қуйи палатаси йиғилишида мамлакат Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоевнинг тўнғич қизи, депутат Дариға Назарбоева иштирок этмагани ҳақида хабар берган эдик. Унинг ёрдамчисига кўра, айни вақтда Дариға Назарбоева маошсиз таътилда. Бу ҳақда “Zakon” нашри маълум қилди.
“Қозоғистон Республикаси парламенти Мажлиси депутати Дариға Назарбоева ҳамон маошсиз таътилда. Ҳозир у Нур-Султонда ва коронавирус инфекциясидан кейин реабилитацияни давом эттирмоқда”, деган депутатнинг ёрдамчиси Жанна Эрмекова.
Вашингтон хавотирда. АҚШ Беларусдаги хизматчиларини чақириб олди
АҚШ Давлат департаменти Америка ҳукумати ходимларининг Беларусдаги оила аъзоларига мамлакатни тарк этишни буюрди.
“Давлат департаменти 2022 йил 31 январда давлат хизматчиларининг оила аъзоларининг мамлакатни тарк этиши тўғрисида буйруқ чиқарди”, дейилади департамент баёнотида.
Хабарга кўра, Россиянинг Украина билан чегараси яқинидаги “ғайриоддий ва хавотирли ҳарбий фаолияти” фонида Беларусдаги АҚШ фуқаролари ёки у ерга боришни хоҳловчилар минтақадаги вазиятни “олдиндан айтиб бўлмайдиган” эканлигини ҳисобга олишлари керак.
“Қозоқ маликаси” яна парламент мажлисига келмади. У Дубайдалиги тахмин қилинмоқда
Қозоғистон парламентининг қуйи палатаси – Мажлиснинг бугун, 1 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишида мамлакат Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоевнинг тўнғич қизи депутат Дариға Назарбоева иштирок этмади. Бу ҳақда “ORDA” нашри маълум қилди.
“Дариға Назарбоева парламент мажлислар залида йўқ”, дейилади хабарда.
Сиёсатшунос Ербол Едилов парламент депутати Дариға Назарбоева Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида эканлигини айтмоқда.
Россия можаро қидирмоқда – Канада Бош вазири
Россия Украинага бостириб кирса, бу оғир ва жиддий оқибатларга олиб келади. Бу ҳақда Канада Бош вазири Жастин Трюдо мамлакат Федерал парламентининг Украина инқирози бўйича махсус йиғилишида маълум қилди.
Бош вазирнинг сўзларига кўра, Россия можаро қидирмоқда. Канада украиналик аскарларни тайёрлашда ёрдам бермоқда ва келгуси уч йил давомида ёрдам беришда давом этади.
Бундан ташқари, у Оттава Украинага маблағ ва ҳарбий техника жўнатишини ҳам айтиб ўтди.
Британия Россияга қарши тайёрлаган “энг қаттиқ санкциялар”ини эълон қилди
Буюк Британия Россияга қарши санкциялар тўғрисидаги қонун лойиҳасини тайёрлади, улар “Кремль учун аҳамиятли” бўлган компаниялар ва шахсларга таъсир қилади. Бу ҳақда Британия Ташқи ишлар вазири Лиз Трасс маълум қилди.
“Бу биз Россияга нисбатан жорий қиладиган энг қаттиқ санкциялар режими бўлади ва Европа Иттифоқидан чиққанимиздан кейин ёндашувимиздаги энг катта ўзгариш бўлади”, деган Трасс.
Туркияда яшовчи ўзбек ИШИД жангариларига сохта паспорт сотяпти – “The Guardian”
Расмий визалар ёпиштирилган сохта паспортлар ясаш бўйича онлайн бизнес ИШИД экстремистик гуруҳига алоқадор шахсларга Суриядан Буюк Британия, ЕИ мамлакатлари, Канада ва АҚШга саёҳат қилиш имконини беради. Бу ҳақда Буюк Британиянинг “The Guardian” нашри терговига таяниб хабар берилган.
Тергов натижалари кеча, 31 январь куни эълон қилинган. Текширувлар давомида сохта паспортлар тайёрловчи тармоқлардан бирига Туркияда яшовчи этник ўзбек раҳбарлик қилаётгани маълум бўлган. Таъкидланишича, у турли давлатларнинг юқори сифатли қалбаки паспортларини катта пулга — баъзан 15 минг долларга сотади.
Спорт
11 ёшли шахматчи FIDE спорт устаси унвонини қўлга киритди
Ўзбекистонлик 11 ёшли шахматчи Ҳумоюн Бекмуродов Халқаро шахмат федерациясининг (FIDE) спорт устаси унвонини қўлга киритди.
Бекмуродов шу кунга қадар ўсмирлар ўртасидаги кўплаб мусобақаларда ғолиб ва совриндор бўлган, шунингдек 2020 йилда ўтказилган шахмат бўйича онлайн Ўзбекистон чемпионатида ғолибликни қўлга киритган ҳолда якунда Spark автомобил билан тақдирланган эди.
“Чой пули”: Обамеянг “Барселона”да қанча маош олади?
“Арсенал” клуби собиқ сардори Пьер-Эмерик Обамеянг ижара асосида “Барселона”га ўтди.
“Mundo Deportivo” хабарига кўра, 32 ёшли габонлик ҳужумчи “кўк-анорранглилар” сафида ҳафтасига 5000 евро олади. Манбага кўра, Оба фақатгина жорий мавсум охиригача шундай маошга эга бўлади. Келаси йилдан бошлаб ҳужумчининг маоши кўтарилади.
Роберто Карлос футболга қайтди. У антиқа ўйинда қатнашади
“Реал Мадрид” клуби ва Бразилия терма жамоасининг собиқ ҳимоячиси Роберто Карлос футболчилик фаолиятини бир ўйин учун қайта тиклайди. Бу ҳақда ВВС нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, 48 ёшли Карлос маҳаллий барлар ва паблар ҳомийлигидаги жамоалардан ташкил топган ҳаваскорлар мусобақасида “Барн Юнайтед буқалари” жамоасида ўйнайди.
Ушбу жамоа “Орзулар трансфери” танловида ғолиб чиқди. Клублар иштирок учун 5 фунт тўлайди ва мусобақада ғолиб чиққан жамоа бир ўйин учун профессионал футболчи олади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь