Бош прокуратура Фирдавс Абдухолиқовга нисбатан маъмурий иш очди
Жамият
−
01 Февраль 2022
7328Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов ўз оила аъзоларига тегишли телеканалга давлат буюртмаларини бергани юзасидан прокуратура томонидан маъмурий иш очилди. Бу ҳақда Бош прокурорнинг Матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов QALAMPIR.UZ'га маълум қилди.
“Бош прокуратура томонидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан тақдим этилган ҳужжатларга кўра, 25 январь куни Кинематография агентлиги бош директорига маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш қўзғатилиб, мазмунан кўриб чиқишлик учун судга юборилган”, дейди Ҳаёт Шамсутдинов.
"Сабрия" машмашаси
Аввалроқ, Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги “Sevimli” телеканалида эфирга узатилаётган "Сабрия" сериалида ахлоқсиз саҳналар мавжудлиги ва бу жамоатчиликнинг кескин эътирозига сабаб бўлгани ортидан экспертиза тайинланганини эълон қилган эди.
Орадан кўп ўтмай, Президент Шавкат Мирзиёевнинг қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева ҳам “Сабрия” сериалини танқид қилди ва ҳеч қайси фильмда аёлларга нисбатан бу қадар нафратни кўрмаганини билдирди.
Ушбу масала кун тартибига чиқиши ортидан телеканал продюсери Амира Рашидова ижтимоий тармоқлар орқали муносабат билдириб, “ахлоқсиз” деган айбловни қўйишдан олдин, кесиб олинган кадрнинг якунини тушуниш учун фильмнинг яна 3 дақиқасини кўриш етарли” эканини маълум қилди.
Шундан сўнг, мазкур масалага Ўзбекистон Кинематография агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов ҳам изоҳ берди. Унга кўра, “Сабрия” сериали ҳақиқатан ҳам бадиий ва мазмунан саёз.
Орадан кўп ўтмай, “Sevimli” телеканали Бош директори вазифасини бажарувчи А.Хўжаев ва бош муҳаррир Қ.Сайдалиев лавозимидан озод этилди. Канал Кузатув кенгаши раиси вазифасини бажарувчи этиб жамоатчилик асосида Фирдавс Абдухолиқов сайланди. Шунингдек, шу пайтга қадар ЎзЭОАВМА бош директори лавозимида ишлаб келаётган Ж.Сафоев канал бош директори вазифасига тайинланган.
20 январь оқшомида “Sevimli” телеканали бош продюсери Амира Рашидова яна ижтимоий тармоқлар орқали баёнот билан чиқиб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёевадан узр сўради.
Шунингдек, Маданият вазири Озодбек Назарбеков ахлоқсизликни телевидениеда тарғиб қилишни давлатга хиёнат сифатида баҳолади.
Кейинроқ, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Ўзбекистон Кинематография агентлиги “Sevimli” телеканалига давлат буюртмаларини бериб келгани, шунингдек, субсидиялар ажратишда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилганини маълум қилди.
Орадан бир неча кун ўтиб, Бош прокуратура Фирдавс Абдухолиқовга нисбатан маъмурий иш очгани маълум қилинди. Бироқ маҳкама негадир иш судга оширилиб, кўриш бошлангач, ахборот берилгани кутилмаган бўлди.
LiveБарчаси