Назарбеков ахлоқсизликни телевидениеда тарғиб қилишни давлатга хиёнат сифатида баҳолади
Маданият-санъат
−
21 Январь 2022
19375Ёшлар жамият учун парда ортидаги воқелик, кўп ҳам оммавий муҳокама қилинмайдиган муносабатлар сирли, сеҳрли туюлади, уларни кўришга интилиш кучли бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида ёзиб қолдирди.
Назарбеков бугун кун тартибига чиққан масала – сериаллардаги ахлов мавзусига тўхталаркан, соҳа вакилларини огоҳлантирди.
“Ижтимоий тармоқлар орқали кенг муҳокама этилган, хусусий телеканалларда намойиш этилаётган телесериалларга нисбатан кескин норозилик кайфияти кучайди. Таъкидлаш жоизки, бундан икки йилча аввал ҳам сериаллар билан боғлиқ муаммолар юзага келганди. Айни пайтда ҳам бу ҳолат такрорланди. Бундан кўриниб турибдики, соҳа вакиллари келгусида яна шундай кайфиятдаги томошабин билан юзлашмаслик учун бу борада аниқ ва тўғри ёндашувни топиши керак. Йўқса, уларнинг юрт тақдирига дахлдор шахс сифатида биринчи ва иккинчи Уйғониш даври янгиланишларини яратган аждодларимизнинг маънавий орзулари давомчилари бўлган Учинчи Ренессанс вакилларини муносиб тарбиялаш учун нима қилдик, деган саволга арзирли жавоблари бўлмаслиги мумкин.
Аслида бу борада мушоҳада юритиш ҳар биримизнинг маънавий бурчимиздир. Айниқса, телевидение ходимларининг олдида "Ойнаи жаҳон орқали эфирга узатаётган ҳар бир телемаҳсулот ёшлар тарбиясига қандай таъсир қилади, бу билан жамиятга қандай нафимиз тегяпти?" деган савол кўндаланг туриши керак”, дейди Озодбек Назарбеков.
Вазирнинг таъкидлашича, вояга етмаган болалар парда ортидаги воқеаларга, сирли оилавий муносабатларга қизиқади ва уларни кўришга интилади. Бугунги сериаллар эса бунга йўл очмоқда.
“Айниқса, ёшлар жамият учун парда ортидаги воқелик, кўп ҳам оммавий муҳокама қилинмайдиган муносабатлар сирли, сеҳрли туюлади, уларни кўришга интилиш кучли бўлади. Чунки мурғак онгу қалб оқ ва қора моҳиятини тўла англамайди. Мана шундай ожизликдан фойдаланиб, ўз маҳсулотларини ўтказишга ҳаракат қилиш маънавиятсизлик, маданиятсизликка олиб келмайдими? Бу миллатга, халққа, давлатга хиёнатнинг бир кўриниши эмасми?”, дейди Назарбеков.
Эслатиб ўтамиз, Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги “Sevimli” телеканалида эфирга узатилаётган "Сабрия" сериалида ахлоқсиз саҳналар мавжудлиги ва бу жамоатчиликнинг кескин эътирозига сабаб бўлгани ортидан экспертиза тайинланганини эълон қилди. Орадан кўп ўтмай, Президент Шавкат Мирзиёевнинг қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева ҳам “Сабрия” сериалини танқид қилди ва ҳеч қайси фильмда аёлларга нисбатан бу қадар нафратни кўрмаганини билдирди.
Ушбу масала кун тартибига чиқиши ортидан телеканал продюсери Амира Рашидова ижтимоий тармоқлар орқали муносабат билдириб, “ахлоқсиз” деган айбловни қўйишдан олдин, кесиб олинган кадрнинг якунини тушуниш учун фильмнинг яна 3 дақиқасини кўриш етарли” эканини маълум қилди.
Шундан сўнг, мазкур масалага Ўзбекистон Кинематография агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов ҳам изоҳ берди. Унга кўра, “Сабрия” сериали ҳақиқатан ҳам бадиий ва мазмунан саёз.
Орадан кўп ўтмай, “Sevimli” телеканали Бош директори вазифасини бажарувчи А.Хўжаев ва бош муҳаррир Қ.Сайдалиев лавозимидан озод этилди. Канал Кузатув кенгаши раиси вазифасини бажарувчи этиб жамоатчилик асосида Фирдавс Абдухолиқов сайланди. Шунингдек, шу пайтга қадар ЎзЭОАВМА бош директори лавозимида ишлаб келаётган Ж.Сафоев канал бош директори вазифасига тайинланган.
20 январь оқшомида “Sevimli” телеканали бош продюсери Амира Рашидова яна ижтимоий тармоқлар орқали баёнот билан чиқиб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёевадан узр сўради.