“Команда” кетди, вазир қолди: Бу ишончми ёки охирги огоҳлантириш?
Таҳлил
−
21:03 3661 4 дақиқа
Маданият вазирлигида “тозалаш”. Маданият вазирининг барча ўринбосарлари бир кунда оммавий ишдан бўшатилди, ҳатто энг юқори назорат нуқтаси бўлган Президент вакили ҳам ўзгартирилди. Бу шунчаки кадрлар алмашинувими ёки йиллар давом этган тизимли инқирознинг портлашими? Вазир Озодбек Назарбековнинг соҳага бош бўлиб қолганини унга берилган навбатдаги имкон деб баҳолаш мумкинми? Тизимни танқид қилган журналист ва блогерларни хоинликда айбалаган вазирликнинг вазиридан бошқа барча амалдорлари Президент топшириғи билан ишдан олиниши барча баҳс-мунозараларга якун ясади.
Бугун, 10 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорлари билан Маданият вазирининг икки биринчи ўринбосари Баҳодир Аҳмедов ва Авазхон Тожихонов ҳамда яна икки ўринбосар Муроджон Мажидов ва Юсуфжон Усмонов лавозимидан озод қилинди. Уларнинг ишдан олиниши “бошқа ишга ўтиши” муносабати билан деб изоҳланган.
Ўзгариш ишлари фақат вазирлик биноси билан чекланиб қолмади. Шу куннинг ўзида имзоланган Президент фармони билан, жорий йилнинг апрель ойидан буён Ўзбекистон Республикаси Президентининг маданият бўйича вакили лавозимида ишлаб келаётган Ғиёсиддин Қутбиддинович Режабов ҳам бошқа ишга ўтиши муносабати билан вазифасидан озод қилинди. Бор-йўғи уч ойлик фаолиятдан кейин вакилнинг ўзгариши соҳадаги инқироз даражасини кўрсатар, эҳтимол. Президентнинг маданият бўйича вакили лавозимини эса бунгача Креатив индустрия парки директори бўлиб ишлаган Ҳасан Равшанович Солиҳов эгаллади.
У тадбирдан бу фестивалгача…
Бугунги кунда кенг жамоатчилик ва оддий халқ тасаввурида Маданият вазирлиги деганда нима кўз олдига келади? Жамиятнинг маънавий-маданий даражасини кўтаришга қаратилган фундаментал, тизимли ислоҳотларми ёки турли тадбир ва фестиваллардангина иборат тўпланишларми?
Бугун бу вазирлик – ҳар йили давлат бюджетидан миллиардлаб улуш олиб, у ҳудуддан бу ҳудудга кўчиб юрадиган, у фестивалдан бу концертга ўтиб юрадиган, катта бир тадбирлар ташкил этувчи тижорий агентлик қиёфасига келиб қолгандек. Бу каби фестивалларни ташкил этиш нотўғри иш эмас, албатта. Аммо маданиятнинг томири бўлган чекка қишлоқлардаги абгор аҳволдаги кутубхоналар, қаровсиз театрлар ва ёпилиб кетаётган маданият уйлари борлиги ҳам ҳақиқат.
Вазирликнинг фундаментал миссияси – жамиятда маданиятни, одоб-ахлоқни, китобхонлик ва юксак эстетик дидни шакллантириш эди, шоу-бизнес рейтингларини ёки тўй-ҳашамлардаги санъаткорлар лицензиясинигина назорат қилиш эмас.
Танқид қилсанг – хоинсан!
Ушбу вазирлик ва унинг атрофидаги “садоқатли файласуфлар”нинг энг оғриқли нуқтаси – профессионал танқидни мутлақо кўтара олмаслигидир. Шу пайтгача тизимдаги молиявий камчиликлар, самарасиз харажатлар ёки мантиқсиз қарорлар ҳақида матбуотда ёки ижтимоий тармоқларда очиқ гапирилса, вазирликнинг “ҳимоя инстинкти” дарров ишга тушарди.
Танқид қилган журналист ёки блогерни дарров ватанни севмасликда, миллий қадриятларга қарши чиқишда ва маънавиятсизликда айблаш кампанияси бошлангани ҳам рост. ОАВларга “халқ душмани” ёки “фақат ёмонликни кўрувчи ғаним” тамғаси ёпиштирилди. Тизимли хатоларни тан олиш ўрнига, жамиятда фақат негативни кўрадиган, орқасида қандайдир ташқи кучлар ёки “ёлланган бузғунчилар” турган душманлар образини яратиш ҳам одатий тусга айланди.
Ҳатто вазирликнинг матбуот хизмати ўз тизимидаги ходимларнинг ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифалари ва вазирлик турли медаллар билан тақдирлаган блогерлар орқали нашрларни ёмонотлиқ қилишга вақт топа олди. Бу жараённи эса тизимнинг шахсий “огород”га айланиши деб баҳолаш мумкин.
Ваҳоланки, ҳеч бир шахс, гуруҳ ёки вазирлик бутун бир давлатга ёки ҳукуматга тенг бўла олмайди. Вазирликни, унинг самарасиз ишини ёки вазирни танқид қилиш – давлатга қарши чиқиш дегани эмас! Аксинча, давлатнинг соғлом ривожи учун унинг тизимидаги чириётган, ишламаётган бандларни кўрсатиб беришдир. Маданият вазирлигининг хатоларини айтиш ватан хоинлиги эмас, балки шу ватаннинг маданияти ва келажагига ҳақиқий куюнишдир.
“Команда” кетди, вазир қолди: Бу ишончми ёки охирги огоҳлантириш?
Ушбу кенг кўламли “демонтаж” жараёнида энг эътиборли жиҳат – вазирликнинг бутун бошли мансабдорлари олиб ташланган бўлса-да, тизим тепасида турган вазир Озодбек Назарбековнинг ўз ўрнида қолганидир. Бу ҳолатни фақатгина 2020 йилдан буён лавозимни эгаллаб келаётган вазирнинг ажойиб фаолияти учун мукофот ёки унга бўлган чексиз ишонч деб баҳолаш бироз мушкул. Бу Назарбековга берилган навбатдаги ва эҳтимол, энг охирги имконият бўлиши мумкин.
Ҳукумат вазирга бутунлай янги жамоани тақдим этди. Энди “бошқарув пульти”да янги кадрлар ўтирибди. Агар арава яна жойидан жилмаса ёки яна эски сценарийлар такрорланса, якуний айбдор ким бўлиши барчага, энг биринчи навбатда вазирнинг ўзига кундек равшан.
Бугунги оммавий кадрлар тозалови – тизимдаги ўзгаришсизликка ечим бериш учун амалга оширилди. Янги тайинланган ўринбосарлар эски анъаналарни давом эттирадими ёки ҳақиқий, туб маданий ислоҳотларга киришадими? Буни яқин ойлар кўрсатади. Лекин бир нарса аниқ: Озодбек Назарбеков учун бу “маданий ўйин”нинг сўнгги ва энг хавфли раунди бошланди.
Live
Барчаси