Озодбек Назарбеков Ўзбекистоннинг сирли душманлари ҳақида гапирди (видео)
Жамият
−
25 Май 3585 2 дақиқа
Ўзбекистоннинг бири икки бўлишини хоҳламайдиган давлатлар бор. Бу ҳақда Ўзбекистон Маданият вазири Озодбек Назарбеков гапирди. Аммо амалдор айнан қайси мамлакатларни назарда тутаётганини очиқламаган. Қолаверса, вазирликнинг расмий саҳифасида эълон қилинган видео изоҳида бу гап қачон ва қаерда айтилгани маълум қилинмаган.
“Бизни ҳаётимиз фаровон бўлиб, бутун муаммоларимиз ечилиб, эртага яхши ҳаётга қадам қўйишимиз ҳаммага ҳам ёқавермайди. Ҳамма давлатларга ҳам ёқавермайди бунақа нарсалар. Бугун Ўзбекистонда мислсиз ислоҳотлар бўляптики, интернетда негатив жуда кўп. Иш бўлаётгани учун у душманлар томонидан ўн карра кўпроқ ҳаракат қилиняпти. Гўёки, Ўзбекистонда ҳеч нарса бўлмаяпти деган нарсани тарқатиш билан овора бўлаётган, бизга қарама-қарши фаолият юритаётган, умуман Ўзбекистонни бири икки бўлишини кўра олмайдиган, ундан жазавага тушадиган давлатлар бор, одамлар эмас, давлатлар бор”, дейди Назарбеков.
Маданият вазирлигининг расмий инстаграм саҳифасига жойланган видеода вазир душман давлатлар ҳақида гапирган бўлса, унинг остидаги изоҳга матбуот котиби Сирожиддин Ўсаров айрим саҳифалар ва шахслар танқид қилишни одатга айлантирганини алоҳида урғулаб ёзган.
“Айрим саҳифалар ва шахслар воқеаларнинг ижобий жиҳатларини инкор этган ҳолда, турли салбий фикрларни тарқатишга уринмоқда”, деб ёзади Ўсаров.
Сўнгги вақтларда Маданият вазирлиги тизимдаги ҳақиқатда мавжуд бўлган камчиликлар танқид қилинганида ҳам уларни соф журналистик эмас, кескин, “душман томонларнинг фитнаси” сифатида қабул қилмоқда ва шу мазмунда расмий баёнотлар бермоқда.
Хусусан, ўзбекистонлик ёш киноижодкорларнинг аслида XVII Халқаро “ENTRE DEUX CANNES” инклюзив (имконияти чекланган инсонлар, аутизмли, ногиронлиги бор одамлар ҳақидаги фильмлар учун ташкил этилган) кинофестивалида ғалаба қозонганини вазирлик матбуот хизмати адаштириб, “ўзбекистонлик ижодкорлар нуфузли Канн халқаро кинофестивалида гран-прини қўлга киритди” дея ёлғон хабар тарқатгани ҳам баҳсли вазиятни юзага келтирган эди. Бу ҳақда маълумот берган журналистлар эса, вазирликка яқин бўлган блогер, тизимдаги ёш ходим ва айрим актёрлар томонидан сунъий танқидларга учради. Улар ватан туйғуси йўқлигида, пашшадан фил ясашда ва фақат ёмон тарафни кўришда айбланди. Сезгир кузатувчиларнинг кўпчилиги эса, изоҳлар бўлимида “вазирлик троллари” кўпайгани ҳақида ёзди.
Аввалроқ, Маданият вазирлигининг расмий саҳифаларида ўзбекистонлик ижодкорларнинг Канн кинофестивалидаги ғалабаси бўйича ёлғон ахборот тарқатилгани маълум бўлган эди.
Live
Барчаси