Маданият вазирлигида Назарбековдан бошқа барча мансабдорлар “учди”
Маданият-санъат
−
10 июл 11730 3 дақиқа
Бугун, 10 июль куни Маданият вазири Озодбек Назарбековнинг барча ўринбосарлари алмашди. Бу ҳақда Президент тегишли қарорни имзолади.
Қарорга мувофиқ, 2023 йилнинг кузидан буён Маданият вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Баҳодир Мажидович Аҳмедов вазифасидан озод этилди. Унинг ўрнига Нодирбек Бахтиёрович Сайфуллаев тайинланди.

Нодирбек Сайфуллаев – собиқ маданият вазири, марҳум Бахтиёр Сайфуллаевнинг ўғли. У 2019-2022 йилларда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ректори, 2022-2024 йилларда эса Президент Администрациясининг маданият ва санъатни ривожлантириш шуъбаси мудири лавозимларида ишлаган. Шунингдек, 2024 йилнинг майидан буён Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.
Қарор билан Авазхон Баҳодирович Тожихонов ҳам Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг биринчи ўринбосари лавозимидан олинган. Авазхон Тожихонов ҳам 2023 йилнинг кузидан буён мазкур лавозимни эгаллаб турган эди. Унинг ўрнини Жаҳонгир Одилхўжаевич Аҳмедов эгаллади ва Маданият вазирининг биринчи ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги директори лавозимига тайинланди. Бунгача Кинематография агентлигида Шуҳратилла Ризаев раҳбар эди.

Жаҳонгир Аҳмедов – 1983 йил 4 февралда Тошкент вилоятида туғилган. 25-сонли умумтаълим мактабини тамомлаган. 2002-2008 йилларда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида режиссёрлик йўналиши бўйича бакалавриат ва магистратура босқичида таҳсил олган. Ўзбекистон давлат санъат институти доценти. Жаҳонгир Аҳмедов ушбу тайинловга қадар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 15 майдаги 183-сон қарорига мувофиқ Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги қошида ташкил этилган Болалар контентини ривожлантириш маркази директори лавозимида ишлаб келаётган эди. Шунингдек, Жаҳонгир Аҳмедов бир муддат Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ижодий ташкилотлар ва кинематография соҳасини ривожлантириш шуъбаси етакчи инспектори лавозимида ҳам ишлаган.
Қарорга мувофиқ Муроджон Абдуллаевич Мажидов Маданият вазирининг ўринбосари лавозимидан озод этилган. Унинг ўрнини Одилжон Абдуғаниевич Абдуқаҳоров эгаллади.

Одилжон Абдуқаҳҳоров – 2017–2020 йилларда “Ўзбекконсерт” раҳбарлик қилган. Шунингдек, Маданият вазирлиги ҳузуридаги халқаро фестиваллар дирекциясига ҳам бошлиқ бўлиб ишлага. 2025 йилнинг март ойида “Ўзбекконсерт” раҳбарлигига қайтган.
Шу билан бирга, Юсуфжон Камолиддинович Усмонов ҳам Маданият вазирининг ўринбосари лавозимидан бўшатилди. Мазкур лавозимга Санжар Бахтиёрович Бобожонов тайинланди ва шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг маданият бўйича вакили бўлинмасининг бош инспектори лавозимидан озод этилди.

Санжар Бобожонов бунгача Маданият вазирлиги таҳлилий назорат бошқармаси бошлиғи, Президент Администрациясида маданият ва санъатни ривожлантириш шуъбаси масъул ходими, Президентнинг маданият бўйича вакили бўлинмасининг бош инспектори лавозимларида ишлаган.
Live
Барчаси