Ҳеч қайси фильмда аёлларга нисбатан бу қадар нафратни кўрмаганман – Президентнинг қизи “Sevimli”даги ахлоқсиз сериални танқид қилди

Маданият-санъат

image
0:00
0:00
download

Аввалроқ, “Sevimli” телеканалида эфирга узатилган сериаллардан бирида ахлоқсиз саҳналар эфирга узатилгани ва бу жамоатчиликнинг кескин эътирозига сабаб бўлгани ҳақида хабар берган эдик. Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги экспертиза тайинлаганди.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева ҳам “Севимли” телеканали орқали эфирга узатилаётган “Сабрия” сериалини танқид қилди.

“Мамлакатимизда, шубҳасиз, сўз ва ижод эркинлиги мавжуд.

Лекин бир томошабин сифатида “Севимли” каналида прайм-тайм вақти намойиш этилаётган, миллионлаб телетомошабинларнинг диққатини тортган “Сабрия” миллий сериалига нисбатан шахсий муносабатимни билдиришга ҳақлиман, деб ўйлайман. 

Бадиий савия ҳақида гапириб ҳам ўтирмайман, унақа нарсанинг ўзи йўқ. Сериал муаллифлари орасида бирорта аёл йўқлигига ҳам ишончим комил. Чунки ҳеч қайси фильмда аёлларга нисбатан бу қадар нафрат кўрмаганман”, дейди Саида Мирзиёева.

Унинг таъкидлашича, сюжетда гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш бўйича аниқ ва батафсил йўриқнома кўрсатишдан мақсад нималиги ҳам тушунарсиз. 

“Бу ҳолатдан ҳеч қандай хулоса чиқарилмаган. Ҳамкасб-аёллар ўртасидаги заҳар-заққумга тўла рақобат ғояси-ку, умуман, аёлларни одам ўрнида кўрмайдиган латифабозлардан илҳомланиб ёзилгандек. Ва ниҳоят, энг ёқимсиз ва  жирканч эпизодлар – аёлларга нисбатан зўравонлик саҳналари ҳамда исноддан қутулишнинг ягона “тўғри” йўли – ўз жонига қасд қилиш билан боғлиқ. Нақадар "доно" маслаҳат!

Ушбу сериалда аёллар фикри тор, маккора, заифа, ҳаётдаги ҳамма балоларга сабабчи қилиб кўрсатилган”, дейди Мирзиёева.

Сўзида давом этаркан Гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссияси аъзоси бўлган Мирзиёева бадиий кино жамиятдаги қарашларни шакллантирадиган воситалардан бири эканини эслатиб қўйган.

“Умуман, кимки оммага таъсир ўтказа олса, оғзидан чиққан ҳар бир сўз учун масъулдир.

Биз гендер тенглиги ва аёлларга эҳтиром масаласини аҳоли онгига сингдириш учун зўр бериб ҳаракат қилаётган бир пайтда бундай сериаллар гендер тенглиги ривожланишига шаксиз тўсқинлик қилади. Уларда ҳеч қандай соғлом фикр йўқ. Бу – Ўзбекистондаги турмуш тарзи борасида ижодкорларнинг бузуқ фантазияси, холос. 

Нима деб ўйлайсиз, ўзбекистонлик аёлларнинг обрўига жиддий путур етказаётган бундай саёз “ижод намуналари” яратишни бас қилишни талаб этишга ҳақлимизми? Қандай қилиб ўз жонига қасд қилишни экранда кўрсатиш мумкин, ахир?

Мен бадиий кенгашлар ва мутасадди ташкилотларни бу каби контентга қонун ва этика нуқтаи назаридан хулоса беришга чақираман. Аёлларимиз бундай муносабатга лойиқ эмас! Бу ҳам хусусий, ҳам давлат кинематографига бирдек тааллуқли!”, дея сўзини якунлаган Саида Мирзиёева.

Эслатиб ўтамиз, бундай ҳолат "Sevimli” телеканали билан биринчи марта содир бўлаётгани йўқ. 2018 йилда ҳам канал порнографик саҳналари мавжуд фильмни эфирга узатгани учун огоҳлантирилганди. 

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигида 2018 йилнинг 27 июль куни ўтган йиғилишда “Master media production and broadcast” масъулияти чекланган жамияти муассислигида ташкил этилган “Sevimli” ва “STV” телеканаллари мониторингида бир қатор қонун талаблари бузилгани айтилганди. 

Хусусан, Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи “Sevimli” телеканали орқали 2018 йил 15 июль куни cоат 21:10 да  эфирга узатилган “Ҳурлиқо” (“I feel pretty”) бадиий фильмининг 45-дақиқасида порнографик мазмундаги саҳна мавжудлиги аниқланган. Бундан ташқари, ушбу телеканалда маънавиятимиз ва миллий қадриятларимизга зид, ёшларнинг одоб-ахлоқига, тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ёзишмалар, матнида ҳаёсизликни ташвиқот қилувчи жумлалар мавжуд хорижий қўшиқлар намойиш этилгани кузатилган.

Самарқанд шаҳрида фаолият юритувчи “STV” телеканали 2018 йил 21 июль куни cоат 09:17 да ҳаёсизликни тарғиб қилувчи, айниқса ёшлар одоб-ахлоқига, тарбиясига салбий таъсир этувчи “Sausage party” номли хориж мультфильмини эфирга узатган. Жумладан, мультфильм қаҳрамонларининг ҳаёсизликни тарғиб қилувчи беўхшов қилиқлари, беҳаё суҳбатлари, наркотик моддаларни қабул қилиш, сурбетларча қовушиш саҳналари очиқ-ошкора намойиш этилган.

Шунингдек, мазкур телеканал орқали 2018 йил 22 июль куни соат 22:45 да хорижнинг “Я легенда” фильми эфирга узатилган. Мазкур фильм сюжетида вирус тарқалган ҳудудда одамхўрлар ва ваҳший ҳайвонларнинг одамга ҳужум қилиш, уни ейишга уриниш билан боғлиқ ваҳшийлик, шавқатсизлик саҳналари мавжудлиги аниқланган. Сюжетида томошабинларни даҳшатга солувчи қўрқинчли тасвирлар мавжудлиги боис, мазкур фильм “Ўзбеккино” Миллий агентлигининг эксперт комиссияси томонидан “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида намойиш этиш, кўпайтириш ва тарқатиш тавсия этилмаган фильмлар рўйхати”га киритилган.

Телеканаллар томонидан номлари қайд этилган фильм ва мультфильмларни эфирга узатиш оқибатида Ўзбекистон Республикаси “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунининг 6-моддаси, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонунининг 5-моддаси, “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг 16-моддаси, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонунининг 14- ва 15-моддалари талаблари бузилган.

Юқоридаги қонунбузилиш ҳолатларидан келиб чиқиб, Идоралараро Комиссия қарорига асосан “Master media production and broadcast” масъулияти чекланган жамияти муассислигидаги “STV” телеканалини эфирга узатиш номуайян муддатга тўхтатилди. “Sevimli” телеканали масъул ходимларига кескин чоралар қўлланилгани инобатга олиниб, бундай ҳолатларга қайта йўл қўймаслик шарти билан телеканал раҳбарияти қаттиқ огоҳлантирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Саида Мирзиёева

Баҳолаганлар

2467

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг