Саида Мирзиёева фаластинлик болалар ҳолидан хабар олгани борди (фото)

Жамият

image

Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева бугун, 30 декабрь куни Ўзбекистонга эвакуация қилинган фаластинлик болаларни кўргани борди. Бу ҳақда у ўзининг Теlegram саҳифасида маълум қилди.

“Янги йил арафасида юртимизда даволанаётган фаластинлик болалардан хабар олдим. Президентимизнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказдим. Шунча қийинчиликларга қарамай, улар қалбида беғуборлик ва мўъжиза истагини сақлаб қолгани чиндан ҳам ҳайратланарли. Умид қиламанки, эътибор ва меҳр сўзлари уларнинг кўнглида ёруғ келажакка ишонч уйғотади. Уларга ва жафокаш Фаластин халқига тинчлик ва фаровонлик тилаймиз”, дея ёзган Мирзиёева.





Эслатиб ўтамиз, 11 ноябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев навбатдан ташқари араб-ислом саммитида нутқ сўзлаб, урушда жабрланган фаластинлик болалар ва аёлларни Ўзбекистон шифохоналарида беғараз даволашга тайёр эканини билдирган эди. Шундан сўнг QALAMPIR.UZ бунинг учун мамлакат тиббиёт тизими қай даражада тайёр эканига қизиқди ва Соғлиқни сақлаш вазирининг болалар ва аёллар масалалари бўйича ўринбосари Элмира Боситхонова билан боғланганди. У фаластинлик болаларни даволашга Ўзбекистоннинг имконияти етарли эканини айтганди.

27 декабрь куни 100 нафар яраланган фаластинлик болалар ва аёллар ҳамда уларнинг ҳамроҳлари Ўзбекистонга эвакуация қилинди. Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчиси Мансурбек Қиличевга кўра, эвакуация қилинган фаластинликлар Ўзбекистонда меҳмон бўлиб, ўз ватанларига қайтгунларига қадар мамлакатдаги шароитлардан фойдаланади. Хусусан, улар даволаниш ва соғлиқларини қайта тиклаш учун реабилитация марказлари ва шифохоналарга жойлаштирилади ҳамда мамлакатда бўлиш даврида барча зарур эҳтиёжлар, жумладан, меҳмонхона, тураржой, мактаблар ва озиқ-овқат билан таъминланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Саида Мирзиёева фаластинлик болалар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг