Ижодкорни синдиришларига қаршиман – “Sevimli”нинг продюсери Президентнинг қизи эътироз билдирган сериал ҳақида
Маданият-санъат
−
20 Январь 2022
34195Сўнгги кунларда Ўзбекистонда “Sevimli” телеканалида эфирга узатилаётган “Сабрия” сериалининг беҳаё лавҳаси муҳокама марказида бўлиб турибди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги "Сабрия" сериалида ахлоқсиз саҳналар эфирга узатилгани ва бу жамоатчиликнинг кескин эътирозига сабаб бўлгани ортидан экспертиза тайинланганини эълон қилди
Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева ҳам “Севимли” телеканали орқали эфирга узатилаётган “Сабрия” сериалини танқид қилди. У, хусусан, ҳеч қайси фильмда аёлларга нисбатан бу қадар нафратни кўрмаганманини билдирди.
“Сабрия” сериалининг 14 январдаги 32-қисми атрофида муҳокамалар давом этиши ортидан “Sevimli” телеканали бош продюсери Амира Рашидова эътирозларга жавоб қайтарди. Унинг қайд этишича, ушбу сериал воқеалари реал инсон ҳаётидан олинган.
“Нима бўлган? Сериалнинг бир эпизоди тарқалган. Унда гиёҳванд йигит қизга ҳамла қилмоқчи бўлган ҳаракати акс этган. Сценарийда кўрсатилган зўравонлик саҳнасини режиссёр одам танасини, қон ва урушни кўрсатмай суратга олган. Очиқ зўравонлик, беҳаё ёки ахлоқсиз саҳналар кўрсатилмаган. Қолаверса, гиёҳванд зўравон ўз амалига яраша жазосини сериалнинг шу қисмида олгани кўрсатилган. Ёвузликни кўрсатмай, ёмон одамларнинг борлигини беркитиб яшайдиган замонда эмасмиз, Худога шукр. “Сабрия” сериалидаги воқеалар хам реал инсонлар ҳаётидан олинган”, дейди Амира Рашидова.
У сўзида давом этиб, аёлларнинг эркинлиги ва уларга нисбатан зўравонликка қарши кураш масаласини ҳар қадамда ёзишини урғулаган.
“Мен аёлларга нисбатан ҳар қанақа зўравонликка қаршиман, телеканал контентида шу иллат асоратлари ҳақидаги “Зирапча”, “Сен ва мен”, “Бир кафт тупроқ”, “Қафасда…” каби аёллар мавзусига қаратилган катта лойиҳаларга қўл урганмиз”, дейди телеканал раҳбари, бу лойиҳаларда ҳам жамиятдаги камчиликларни кўрсатиб, қаҳрамонлар хаётини изга солишга ҳисса қўшилганини таъкидлаб.
У “Сабрия” сериалини “ахлоқсиз” дейиш ноўринлигини, намойишдан аввал 16+ маркировкаси берилганини қайд этган.
“Sevimli” телеканали “Сабрия” сериал намойишидан аввал 16+ маркировкасини берган, қолаверса, “ахлоқсиз” деган айбловни қўйишдан олдин, кесиб олинган кадрнинг якунини тушуниш учун фильмнинг яна 3 дақиқасини кўриш етарли. Ушбу сериал режиссёр Насиба Турсунованинг илк иши. Кўплаб кино ижодкорлар қатори, “Sevimli” уни ҳам қўллаб- қувватлади, ишонч билдирди. Келажакда ҳам у билан хамкорлик қилиш ниятидамиз, ижодкорни синдиришларига қаршиман…”, дея танқидларга жавоб берган Рашидова.
У бир йил олдин телеканаллар асосий контентини турк сериаллари эгаллаганини, бугунга келиб, ҳар бир телеканалда 2-3 тадан миллий сериаллар намойиш этилаётганини таъкидлаб ўтган. Бироқ бу “маҳсулот”лар одамларга маъқул келмаётганини айтиб, шундай дейди:
“Узатилаётган сериаллардан омманинг кўнгли тўлмаяпти, бунга кўп сабаб бор, ижодий ва техник муаммолар етарли… Биз ўтиш давридамиз. Миллий сериалларимиз яхшироқ бўлишига ишонаман, ҳар ҳолда уринишлар йўқ эмас, гарчи бу осон бўлмаса-да, шунчаки ҳаммасига вақт керак.
Нима бўлганда ҳам ҳар бирингиздан миннатдорман, бефарқ бўлмаганингиз учун, яхши ёки ёмон муҳим эмас, балки шунчаки фикр билдириб турганингиз учун ҳам раҳмат!”.
Эслатиб ўтамиз, бундай ҳолат "Sevimli” телеканали билан биринчи марта содир бўлаётгани йўқ. 2018 йилда ҳам канал порнографик саҳналари мавжуд фильмни эфирга узатгани учун огоҳлантирилганди.
Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигида 2018 йилнинг 27 июль куни ўтган йиғилишда “Master media production and broadcast” масъулияти чекланган жамияти муассислигида ташкил этилган “Sevimli” ва “STV” телеканаллари мониторингида бир қатор қонун талаблари бузилгани айтилганди.
Хусусан, Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи “Sevimli” телеканали орқали 2018 йил 15 июль куни cоат 21:10 да эфирга узатилган “Ҳурлиқо” (“I feel pretty”) бадиий фильмининг 45-дақиқасида порнографик мазмундаги саҳна мавжудлиги аниқланган. Бундан ташқари, ушбу телеканалда маънавиятимиз ва миллий қадриятларимизга зид, ёшларнинг одоб-ахлоқига, тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ёзишмалар, матнида ҳаёсизликни ташвиқот қилувчи жумлалар мавжуд хорижий қўшиқлар намойиш этилгани кузатилган.
Самарқанд шаҳрида фаолият юритувчи “STV” телеканали 2018 йил 21 июль куни cоат 09:17 да ҳаёсизликни тарғиб қилувчи, айниқса ёшлар одоб-ахлоқига, тарбиясига салбий таъсир этувчи “Sausage party” номли хориж мультфильмини эфирга узатган. Жумладан, мультфильм қаҳрамонларининг ҳаёсизликни тарғиб қилувчи беўхшов қилиқлари, беҳаё суҳбатлари, наркотик моддаларни қабул қилиш, сурбетларча қовушиш саҳналари очиқ-ошкора намойиш этилган.
Шунингдек, мазкур телеканал орқали 2018 йил 22 июль куни соат 22:45 да хорижнинг “Я легенда” фильми эфирга узатилган. Мазкур фильм сюжетида вирус тарқалган ҳудудда одамхўрлар ва ваҳший ҳайвонларнинг одамга ҳужум қилиш, уни ейишга уриниш билан боғлиқ ваҳшийлик, шавқатсизлик саҳналари мавжудлиги аниқланган. Сюжетида томошабинларни даҳшатга солувчи қўрқинчли тасвирлар мавжудлиги боис, мазкур фильм “Ўзбеккино” Миллий агентлигининг эксперт комиссияси томонидан “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида намойиш этиш, кўпайтириш ва тарқатиш тавсия этилмаган фильмлар рўйхати”га киритилган.
Телеканаллар томонидан номлари қайд этилган фильм ва мультфильмларни эфирга узатиш оқибатида Ўзбекистон Республикаси “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунининг 6-моддаси, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонунининг 5-моддаси, “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг 16-моддаси, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонунининг 14- ва 15-моддалари талаблари бузилган.
Юқоридаги қонунбузилиш ҳолатларидан келиб чиқиб, Идоралараро Комиссия қарорига асосан “Master media production and broadcast” масъулияти чекланган жамияти муассислигидаги “STV” телеканалини эфирга узатиш номуайян муддатга тўхтатилди. “Sevimli” телеканали масъул ходимларига кескин чоралар қўлланилгани инобатга олиниб, бундай ҳолатларга қайта йўл қўймаслик шарти билан телеканал раҳбарияти қаттиқ огоҳлантирилган.
LiveБарчаси