Журналист “Ўзэкспомарказ”да 12 киши ўлгани яширилаётганини айтмоқда

Жамият

image

Коронавирусми ёки бошқа касаллик, хуллас Ўзбекистонда касалланиш ҳолатлари ва ўлим сони кун сайин ортиб бормоқда. Ишончсизлик билан қаралаётган расмий маълумотларга кўра, коронавирус юқтириб олганлар 21 506 нафарни ташкил этмоқда. Уларнинг 11 674 нафари ёки 54 фоизи соғайган. 122 нафари ёки 0,5 фоизи вафот этган. Айни вақтда 9710 нафар беморнинг даволаниши давом этмоқда. Улардан 215 нафарининг аҳволи оғир, 81 нафарининг ҳолати ўта оғир деб баҳоланмоқда. 

Юқоридагилар расмий статистика. Мамлакатда касалланиш ҳолатлари ва статистика аллақачон жиловини йўқотиб бўлди. Ижтимоий тармоқлар эса бу борадаги эътирозларга тўлиб тошмоқда. Жумладан, ўзи ва оила аъзолари ушбу касалликка чалинган журналист, “Севимли” телеканали продюсери Амира Рашидова Соғлиқни сақлаш вазирлиги одамларни алдаётганини айтиб чиқиб, “Ўзэкпомарказ”да ташкил этилган Тақсимлаш марказида жон берган 12 киши нима учун статистик маълумотларга киритилмаганини сўрамоқда. 

“Вазият бизникичалик даҳшатли эмас”

Рашидова ўз фикрларини пойтахт Тошкентдаги вазиятни Туркиянинг Истанбули, Чехиянинг Прага шаҳри билан солиштиришдан бошлайди.  

“Истанбулда яшайдиган дўстимдан сўрадим: сен таниган билганлар ичида COVID бўлганлар борми? “Йўқ”, деди. Прагада яшайдиган ҳам “йўқ”, деди. Бу икки шаҳар бўйича статистикада кунига 500-1000 тагача янги касаллик ҳолати кайд этиляпти. Шунга карамасдан, вазият бизникичалик даҳшатли эмас. Бизда бутун шаҳарда вабо тарқалаётганининг гувоҳи бўляпмиз. Атрофимда жуда кўп одам COVID билан касалланди: икки аммам оиласи билан, ҳоламнинг икки қизи оиласи билан, ўзим оилам билан, ишхонада деярли ҳамма, дўстларим, Facebook’даги танишларим, жами 85% билганларим сўнгги 21 кун ичида бу касалликни бошдан ўтказишди ёки ўтказишяпти. Деярли ҳаммада бир хил ҳолат: тана ҳарорати кўтарилиши, ҳид сезмаслик, нафас сиқиши, холсизлик, суяклар оғриши. Аксарият бир ҳафтагача иситмалаб ётибди, МСКТ эса 70% ҳолатда пневмония кўрсатяпти.

Менимча, ҳатто коронавирусдан энг кўп азият чеккан  АҚШ ва Италияда ҳам бизчалик кўп одам касал бўлмади, касал бўлмаган оилаларни эшитсам, шубҳаланиб караябман. Чунки соғ одамдан касал кўп. Вазият (эпидемия) чўққига етдими деган савол эса жуда муҳим, ҳамма касал бўлиб олса, оммавий иммунитет шаклланади, лекин аҳолининг 80%и касалланишини ўйласам юрак орқага тортиб кетади. Биз узоқ кишлокларда яшайдиган одамларга ёрдам беролмаймиз, бу аниқ!”, дейди Рашидова.

“Статистика кўзингизга қараб алдаяпти”

Журналистга кўра, пойтахт Тошкентдаги вазият издан чиқиб бўлган ва касалланиш вилоятларнинг чекка ҳудудларида урчийдиган бўлса, катта йўқотишларга тайёр туриш керак. Унинг алоҳида урғулашича, пойтахтдаги шифохоналарда даволаниш учун таниш-билиш керак.  

“Пойтахтда вазият шу кадар издан чиққан пайтда, шифохонада ётиш учун таниш-билиш ёрдам берадиган, Клексан дорисини қидириб адо бўлаётган кунларни кўряпмиз. Қишлоқдаги одамларни куни қандай кечишини ўйлаш қўрқинчли. Ёки қишлоқларда вазият жиддийлашишга улгурдими? Бу маълумотлар бизда афсуски йўқ, нечта одам ҳақиқатда касаллигини ҳам билмаймиз, қанча одам ўлаётганини ҳам билмаймиз. Статистика кўзингизга қараб алдаётгани – жуда жирканч хол. Одамларни сиз COVID эмассиз, сиз шунчаки пневмониясиз, деб алдаш нимага керак?”, дейди “Севимли” телеканали продюсери Амира Рашидова. 

“Ўзэкспомарказ”да вафот этган 12 та одам ҳақида маълумот қани?”

Маълумки, ўтган ҳафта пойтахтдаги “Ўзэскпомарказ”да коронавирус ва пневмония хасталигига чалинган беморларни шифохоналарга Тақсимлаш маркази ташкил этилди. Минг ўринли ушбу марказга 2 куннинг ичида 600 дан ортиқ бемор жойлаштирилди. Журналист Амира Рашидованинг қайд этишича, асл мутахассислиги ҳамшира бўлган ОАВ ходими “Ўзэскпомарказ”га ишга кирган ва 8 соат ичида 12 кишининг вафот этганига гувоҳ бўлган. Улар эса Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тарқатилаётган статистикаларга киритилмаган. Рашидова Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизматини сўроққа тутади: 

“Бизда ишлайдиган ҳамкасбимиз (асл мутахассисликлари ҳамшира) ҳозир “Ўзэкспомарказ”га ишга кирибдилар. “8 соатлик навбатчилик пайтимда 12 та одам ўлди”, деб айтдилар. “Одамлар кўкариб ўлиб қоляпти”, дедилар. 12 та одам – фақат “Ўзэкспомарказ”да ётганлар. Вирусология, тери-таносил клиник касалхонаси, педиатрия, Зангиотадаги юқумли касалликлар шифохонаси,  шаҳар ва  республика буйлаб  коронавирус билан касалланганларни даволаётган қанча шифохона бор. У ердаги статистика нега сир сақланяпти? Бутун Facebook’да ўлганлар хақида ҳаддан ортиқ маълумот тарқалаётганида, наҳот бутун Республика бўйича бу касалликдан бугун бир ҳомиладор аёл ўлган деб ёлғон хабар тарқатишдан уялмасангиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати? Ким учун ва нима учун ёлғон статистикани ёзаяпсиз? Касалланганлар сони деган маълумот нима учун халққа тақдим этиляпти ўзи? Дунё олдида ўзимизни шунақа “кучли” кўрсатиш учунми бу? Мени ақлим етмаяпти шу нарсага, “Ўзэкспомарказ”да вафот этган 12 та одам ҳақида маълумот қани?”, дейди Рашидова.

“...давлатимиз айтолмаяпти, шунинг учун ёлғон гапираяпти”

У ўз сўзларида давом этаркан, жорий йилнинг май ойи бошида Сирдарё вилояти Сардоба туманида жойлашган сув омборининг ёрилиши ва одамларнинг уйи, мол-холи, топган-тутгани сув остида қолишини ҳам эслади. Ёлғон маълумотлар, пул ўғирлашлар ортидан одамлар азият чекаётганини айтди:

“Биз ёлғон билан ўзимизни боқаяпмиз, болаларимизни ҳам алдашга ўргатяпмиз. Қўрқинчли нарса аслида шунда, биз ҳақиқатни кўра туриб, уни инкор қиладиган, болаларимизга ҳам алдаш яхши нарса эканини ўргатиб келаётган халқ бўлганмиз... Ҳамма жойда ёлғон, ёлғон билан яшаш гўёки қулайроқ, яхшироқдек, шунинг учун ҳам миллардлаб пуллар ёлғон билан ўғирланадиган, сув тошиб, уйсиз қолган минглаб одамларни ҳаққини осонгина унутиб, уларни ёлғонларга ишонтириб, ўғриларга жазо қўлламайдиган кунларга қолдик.

Коронавирус симптоми бўлса-да, сизда касал йўқ, деб беморни алдайдиган, ўзини ўзи даволашга маҳкум этиб, нотўғри даволангани учун жон бераётган қанча одамларни уволига қолаяпмиз. Тест қилолмай сарсон, пневмония деб умуман кераксиз дориларни қилиб ўзига зарар етказаётган одамларни кўриб, рост гапирадиган врачга муҳтож эканимизни тушуняпмиз. Менга пневмония ташхиси қўйилганида бешта (!) пульманологдан 5 хил даволаниш вариантини олдим, ичида COVID’га умуман тўғри келмайдиган қанча дори бор эди, қанча ёлғон дорилар... Биз ёлғон гапиришни бас қилмас эканмиз, бундан оғир ҳолатни бошимиздан ўтказаверамиз, ёлғон аралашган ҳар қандай гапда ва ишда барака бўлмайди. 

Баракаси йўқ, қарзи бошидан ошган, одамлари фақир ва бечора юртга айланишдан Яратган асрасин. Кунда чиқадиган ўнлаб янгиликлардаги ёлғонлардан тўхташ керак, бир-биримизни алдашни бас қилиш керак. Болаларимизни ёлғончи қилиб катта қилиш фожиа бўлади. Ёлғон маълумотни чиқариб, болаларга ёлғон билан осон яшаш мумкинлигини ўргатяпмиз, шуни тушуниш керак!

Мендан бугун 9 ёшли ўғлим, “нечта одам ўлибди ойи”, деб сураганида, кўп, фақат буни давлатимиз айтолмаяпти, шунинг учун ёлғон гапираяпти, деганимда, “нега ёлгон гапиришаяпти”, деб савол берди. Билмайман дедим ва уялдим, ёлғончи жамиятнинг бир бўлаги эканимдан уялдим, болам ҳам ёлғончи бўлишидан қўрқувга тушдим, мен бундай жамиятда яшашни истамайман...

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Одамларни кулдириш учун ёлғон гапирадиган кимсага вайл бўлсин, вайл бўлсин, вайл бўлсин” (Абу Довуд, Термизий ривояти)”.

Айни вақтда журналист Амира Рашидованинг ўзи ва оила аъзоларининг умумий аҳволи ҳақида маълумот мавжуд эмас. У касалликни енгиб ўтдими, ҳамон уй шароитида даволаняптими, бу ҳақда сўз очмаган. Давлат идоралари, жумладан Соғлиқни сақлаш вазирлиги юқоридаги каби ўнлаб эътирозларга миқ этмай келяпти. Сукут аломати ризо деб шуни айтишса керак. 


Мақола муаллифи

Теглар

Амира Рашидова

Баҳолаганлар

1646

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг