Амира Рашидова узр сўради
Маданият-санъат
−
21 Январь 2022
63622“Sevimli” телеканали бош продюсери Амира Рашидова яна ижтимоий тармоқлар орқали баёнот билан чиқиб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёевадан узр сўради.
У бугун кун тартибига чиққан масалаларда QALAMPIR.UZ’ни айблаган.
“Икки йил бўлдики, бирор бир жиддий мавзуларга қўл урмайман. Бунга сабаб, мен билан бир воқеа содир бўлган эди. Ўшанда бир вазият юзасидан фейсбук тармоғида пост ёзгандим. Эски “қадрдонлар” сўзларимни контекстдан юлиб, ғараз ният билан фикрларимни нотўғри талқин қилишганди…
Қарангки, икки йил ўтиб “Sevimli” атрофида бўлаётган гап-сўзларга ўз фикримни билдириш учун кеча пост ёзсам, ҳаммаси қайта такрорланди. Яна ўша одамлар, яна ўша сценарий… Сўзлар контекстдан юлиниб, ўзига керак сарлавҳада тарқатилди. Гўёки мен Саида Мирзиёеванинг “Сабрия” сериали ҳақидаги фикрига қарши чиқиб, кечаги постни ёзган, деб талқин қилишди! Лекин бу ундай эмас!
Инсоф ҳақида гапирмайман, чунки бундай одамларда у бўлмайди… Туҳмат қилишдан тўймайди, Худодан ҳам қўрқмайди бундайлар”, дейди Амира Рашидова (20.01.2022 йил).
Гап шундаки, бундан икки йил аввал, 2020 йилнинг 28 июль куни Амира Рашидова Facebook’даги ҳамма учун очиқ бўлган саҳифасида мамлакатдаги пандемия билан боғлиқ вазиятни танқид қилган. Рашидованинг ўша вақтда ёзган фикрларига кўра, давлат ўлим сонини яширган.
“Мендан бугун 9 ёшли ўғлим, “нечта одам ўлибди ойи”, деб сўраганида, кўп, фақат буни давлатимиз айтолмаяпти, шунинг учун ёлғон гапиряпти, деганимда, “нега ёлгон гапиришаяпти”, деб савол берди. Билмайман дедим ва уялдим, ёлғончи жамиятнинг бир бўлаги эканимдан уялдим, болам ҳам ёлғончи бўлишидан қўрқувга тушдим, мен бундай жамиятда яшашни истамайман...”, деб ёзганди Амира Рашидова (28.07.2020 йил).
QALAMPIR.UZ ўша вақтда (2020 йил 28 июль куни) Амира Рашидованинг ёзганларини борича эълон қилганди. Орадан кўп ўтмай, Рашидова ўзи ёзган постни саҳифасидан ўчириб юборди ва QALAMPIR.UZ’ни туҳмат қилишда, давлатга қарши қўйишда айблади. Аслида “мен бундай жамиятда яшашни истамайман”, дея ёзган Рашидованинг ўзи эди.
Бир кун аввалги баёнотида “Сабрия” сериалида “очиқ зўравонлик, беҳаё ёки ахлоқсиз саҳналар кўрсатилмаган”, дея бонг ураётган Рашидова 20 январга келиб фикридан қайтди.
“Sevimli” телеканали “Сабрия” сериали намойишидан аввал 16+ маркировкасини берган, қолаверса, “ахлоқсиз” деган айбловни қўйишдан олдин, кесиб олинган кадрнинг якунини тушуниш учун фильмнинг яна 3 дақиқасини кўриш етарли. Ушбу сериал режиссёр Насиба Турсунованинг илк иши. Кўплаб кино ижодкорлар қатори, “Sevimli” уни ҳам қўллаб- қувватлади, ишонч билдирди. Келажакда ҳам у билан ҳамкорлик қилиш ниятидамиз, ижодкорни синдиришларига қаршиман…”, деган эди Рашидова (19.01.2022 йил).
Кеча эълон қилган постида эса гўё постни бус-бутунлигича эълон қилиш орқали QALAMPIR.UZ Амира Рашидовани Саида Мирзиёевага қаршидек кўрсатган. Бу ҳақда Рашидова шундай дейди:
“Ҳозир интернетга кириб қарасам, вазият жиддийлашган, ҳамма жойда мени Саида Мирзиёева билан баҳслашган инсон сифатида талқин қилиб, йўқ жойдан атрофимда муаммо туғдиришяпти” (20.01.2022 йил).
Шу ўринда савол туғилади: нима қилибди Саида Мирзиёевага қарши фикр билдирилган бўлса? Сўз ва фикр эркинлиги йўқми? Амира Рашидовага ким, қандай муаммо туғдиряпти? У фикрида давом этиб, шундай дейди:
“Кеча Саида Мирзиёеванинг фикрини ўқиганимда, мен постимни жойлаб бўлган эдим. Икки кун олдин кечаси АОКА расмий баёнот билан чиқди. Унга кўра, "Sevimli” телеканали орқали миллий сериал намойиш этиш чоғида ахлоқсизлик саҳналари мавжудлиги юзасидан ижтимоий тармоқларда тарқалган материаллар жамоатчилик эътирозига сабаб бўлди”, деб экспертиза тайинланганлиги маълум бўлди. Эртаси куни “Sevimli”га келиб, кун давомида баённома тузиш, юристлар билан гаплашиш, сериални бадиий кенгашда таҳлил қилиш билан вақт ўтказиб, умумий вазият юзасидан ўз фикримни билдиришим керак деб, пост ёздим.
Нима демоқчиман? Мен Саида Мирзиёеванинг фикрига қарши эмасман! У киши айтиб ўтган камчиликлар бор, буни тан оламан. Саида опанинг аёллар манфаатларини ҳимоя қилиши, уларга бераётган ёрдамини кузатаман ва ҳурмат қиламан. Англашмовчилик учун ҳижолатдаман ва узр сўрайман. Шу сабабдан журналист ва блогерлардан илтимос қиламан: туҳмат, одамларни бир бирига асоссиз қарши қўйишни бас қилинг.
Бугун телеканалда ўзгаришлар бўлди. Бўлиб ўтган ҳолат юзасидан узр сўралди. “Sevimli”да янги ва сифатли контент яратиш йўлида, жамоа билан бирга катта лойиҳалар қилишни мақсад қилганмиз, Инша Аллоҳ ҳаммаси секин амалга ошади. Сизларга яхшиликлар ичида яшашни тилайман”, деб ёзган Рашидова (20.01.2022 йил).
У кечаги фикридан қайтганми ё йўқ, буниси бизга қоронғу. Аммо, юқорида таъкидлаганганидек, Рашидова бир кун аввал “Сабрия” сериалида ахлоқсизлик йўқ деб ҳисоблаб, уни суратга олган режиссёр билан келажакда ҳам ҳамкорлик қилмоқчилигини билдириб, уни синдиришларига қарши чиққанди. Ва сериални танқид қилганларга унинг яна 3 дақиқасини кўришни тавсия қилганди.
LiveБарчаси