“Сабрия” сериали ҳақиқатан ҳам бадиий ва мазмунан саёз – Фирдавс Абдухолиқов

Маданият-санъат

image

Маълумки, охирги кунларда Ўзбекистонда хусусий телеканалларда намойиш этилаётган сериаллар ахлоқсизликни тарғиб қилаётгани кун тартибида турибди. Мазкур масалага Ўзбекистон Кинематография агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов  ҳам изоҳ берди. Унинг изоҳи Ўзбекистон Кинематография агентлигининг Telegram’даги расмий саҳифасида эълон қилинди. 

Фирдавс Абдухолиқовга кўра, хусусий телеканалларда эфирга узатилаётган сериалларнинг бадиий ва ғоявий мазмуни талаб даражасида эмас.

“Бугунги кунда барча телеканалларда миллий сериалларнинг сони кўпайганлигига гувоҳ бўлмоқдамиз. Тан олиш лозимки, айни пайтда нодавлат телеканаллар эфирига узатилаётган миллий сериалларнинг бадиий ва ғоявий мазмуни талаб даражасида эмаслиги кўзга ташланмоқда. Бир қатор сериаллар сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда томошабинлар томонидан танқидий муҳокама этилганлиги фикримизнинг яққол далилидир.

Сериал жанр сифатида энди-энди оммалашиб бормоқда. Телеижодкорларимизда бу борада зарур тажриба ва кўникмалар ҳали тугал шаклланмаган, десак муболаға бўлмайди. Бунинг учун эса вақт, маблағ ва малакали кадрлар зарур. Шу боис соҳага Ҳукуматимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилиб, ушбу муаммоларни тизимли ҳал этиш бўйича салмоқли қадамлар қўйилди. 

Ўтган 2021 йилда Кинематография агентлиги томонидан давлат буюртмаси асосида телеканаллар билан ҳамкорликда шифокорларнинг заҳматли фаолиятига бағишланган “Нажоткорлар” (Зўр ТВ) ҳамда  “Орзулар палатаси” (Севимли ТВ), маҳалла ҳаёти ва тадбиркорлик мавзусидаги “Қодирхон” (Менинг юртим), шунингдек, “Маҳалла”, “Тузоқ”, “Дард” ва “Алвидо болалик” сингари бошқа бир қатор сериаллар суратга олинди ва олинмоқда. Шу билан бир қаторда давлат буюртмаси асосида суратга олинган “Беҳбудий”, “Саид ва Саида”, “Авлоний”, “Қўқон шамоли”, “Сумбул” сингари ўнга яқин бадиий фильмларнинг сериал версиясини ҳам яратиб, барча телеканалларга бепул тақдим этилди. Лекин шуни алоҳида таъкидлашимиз лозимки, Агентлик томонидан амалга оширилган ишлар етарли эмаслигини сезмоқдамиз”, дейди Абдухолиқов.

Ўзбекистон Кинематография агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов сўзида давом этаркан, “Сабрия” сериали ҳақиқатан ҳам бадиий ва мазмунан саёзлигини урғулайди. У телеканал таъсисчилари жамоатчиликнинг танқидларидан келиб чиқиб, зарур чоралар кўриши кераклигини айтади:

“Кейинги кунларда ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозараларга сабаб бўлган “Sevimli” телеканалида намойиш этилаётган “Сабрия” сериали ҳақиқатан ҳам бадиий ва мазмунан саёз . Бу режиссёрнинг дастлабки ишларидан бири эканлигига қарамасдан телеканал Бадиий кенгаши зарур даражада ўз таклиф, тавсия ва амалий ёрдам бермаганлиги маълум бўлди. Жамоатчилик ва телетомошабинларнинг бу сериалга нисбатан билдирилаётган танқидий фикрларини телеканали таъсисчилари ва ижодий жамоаси, албатта, инобатга олиб, зарур ташкилий чора-тадбирларни кўриши даркор”. 

Абдухолиқовга кўра, келгусида суратга олинаётган кино маҳсулотларини бадиий ва ғоявий мазмунини баҳолайдиган махсус консултатив Бадиий кенгаш ташкил этиш зарурати туғилмоқда. 

“Нодавлат телеканаллари эфирида узатилаётган ва томошабинлар томонидан танқид қилинаётган сериалларнинг асосий қисми хусусий продакшн студиялари томонидан ишлаб чиқилган. Келгусида мазкур студиялар билан ҳамкорликда ишлашимиз, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига аралашмасдан, аммо суратга олинаётган кино маҳсулотларини бадиий ва ғоявий мазмунини баҳолайдиган махсус консултатив Бадиий кенгаш ташкил этиш зарурати яққол кўзга ташланди. Ушбу тавсиявий ҳарактерга эга Кенгашга кино санъати соҳасидаги малакали, етук ва профессионал мутахассислар жалб этилишини таклиф қиламан. 

Ҳозирда кузатилаётган камчиликларни олдини олиш учун биз бу жараёнда барча телеканаллар ва хусусий продакшн студиялар билан миллий сериаллар ишлаб чиқариш борасида ҳамкорликни янада кучайтириш, эндиликда сон эмас, сериаллар сифатига алоҳида эътибор қаратамиз.

Энг муҳими, халқимизнинг маънавий эҳтиёжларини қондирадиган, бадиий мазмуни юқори, ғоявий жиҳатдан миллий манфаатларимизга жавоб берадиган сериалларни тайёрлаш бўйича махсус дастур лойиҳасини ишлаб чиқиб, Ҳукуматимизга киритиш асосий вазифамиз ҳисобланади”, дейди у.

Маълумот учун, Статистика қўмитасининг корхона ва ташкилотларнинг очиқ маълумотлари баъзасига кўра, “Sevimli” телеканали “Master media production and broadcast” масъулияти чекланган жамияти муассислигида ташкил этилган бўлиб, унинг таъсисчилари Шарапова Фируза Садриддиновна (70%), Рашидова Амира Фирдавсовна (20%), Абдухаликов Абдулложон Фирдавсович (10%) ҳисобланади. 

Эслатиб ўтамиз, Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги “Sevimli” телеканалида эфирга узатилаётган "Сабрия" сериалида ахлоқсиз саҳналар мавжудлиги ва бу жамоатчиликнинг кескин эътирозига сабаб бўлгани ортидан экспертиза тайинланганини эълон қилди. Орадан кўп ўтмай, Президент Шавкат Мирзиёевнинг қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси Саида Мирзиёева ҳам “Сабрия” сериалини танқид қилди ва ҳеч қайси фильмда аёлларга нисбатан бу қадар нафратни кўрмаганманини билдирди

Ушбу масала кун тартибига чиқиши ортидан телеканал продюсери Амира Рашидова ижтимоий тармоқлар орқали муносабат билдириб, “ахлоқсиз” деган айбловни қўйишдан олдин, кесиб олинган кадрнинг якунини тушуниш учун фильмнинг яна 3 дақиқасини кўриш етарли” эканини маълум қилди


Мақола муаллифи

Теглар

Фирдавс Абдухолиқов

Баҳолаганлар

193

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг