Фирдавс Абдухолиқовдан Қудратхўжага қарийб 3 миллиард қарз мерос қолди

Жамият 16391

Ўзбекистоннинг таниқли медиамагнати Фирдавс Абдухолиқов асос солган ва 19 йил раҳбарлик қилиб келган Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ўзининг янги раиси Шерзодхон Қудратхўжага қарийб 3 млрд сўм қарз билан мерос қолган. Бу ҳақда кеча, 4 май куни Ассоциациянинг “Бирлашиш нуқтаси” номи остида ўтказилган I миллий медиа анжуманида сўз очилди, дея QALAMPIR.UZ мухбири хабар бермоқда. 

“Мен яхши биламан ва бу ишга келган кунимдан буён шу билан шуғулланяпман: Электрон оммавий ахборот  воситалари миллий ассоциациясининг ўз аъзоларидан, яъни сизлардан қарзи бор. Бу қарзнинг миқдори 2 млрд 700 миллион сўм”, дейди Шерзодхон Қудратхўжа Ассоциация аъзоларига юзланиб. 

Раис қарздорликнинг объектив ва субъектив сабабларига ҳам тўхталди.  

“Ҳозир бу ҳақда қисқача маълум қиламан. Биз бугун янги Иқтисодий ривожланиш концепциясини ишлаб чиқяпмиз. Ўша пайтда биз тузган шартномалар бироз нотўғри тузилган. Бизга ҳомийлик қилиб берилмаган, “хизмат кўрсатиш” деб берилган. Кўпчилигини бизга, шахсан менга ёпиш қийин бўляпти. Чунки биздан “отработка”, “счет фактура” сўрайди. Биз унақасига ҳам, бунақасига ҳам ёполмаймиз. Вазирлик, ташкилотлар ҳам белгиланган суммадан бор-йўғи 53 фоизини туширишган, қолган пул тушмаган. Лекин мен биламан, сизлар [бу пуллардан белгиланган] ойликларни бериб, солиқни тўлаб, харажат қилиб бўлгансизлар. Шунинг учун менга озгина вақт берасизлар, мен бу рақамларни жойига қўяман”, дея Ассоциация аъзоларидан қарз учун муҳлат сўради Қудратхўжа. 

У сўзида давом этаркан, Ассоциацияга эски раҳбарият даврида кераксиз техникалар олинганини айтди. Эндиликда ушбу техникалар Фирдавс Абдухолиқов раҳбарлигидаги “Ўзбеккино” миллий агентлигига сотиляпти. 

“Мол-мулкимизда кераксиз нарсалар бор экан. Шуларни сотувга қўйдим. Бизда сайлов пайти олинган жуда катта миқдорда экранлар бор. Уларни сотяпмиз, “Ўзбеккино” сотиб оляпти. Ишлатилган “дорожка”лар, баъзи техникалар бор. Очиғи, менга шуларни сизларга бериш орқали қарздан қутилиш таклифи бўлди. Йўқ, мен уларга ишлатилган “дорожка”, моноблог бермайман, пулини бераман дедим”, дейди қарзлари билан мерос қолган Ассоциациянинг вориси. 

У сўзи сўнгида нодавлат телерадиокомпаниялар раҳбарларига қарзни ундириш учун судга мурожаат қилмаганлари учун раҳмат айтди. 

Эслатиб ўтамиз, ушбу анжуманда Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари Миллий ассоциацияси номи Ўзбекистон Миллий медиа ассоциясига ўзгартирилди.

Шунингдек, анжуманда Ассосиациянинг янги таркиби тайинланди. Унга кўра, Бошқаруви раисининг ўринбосари Аброржон Пўлатов Бош директор, Абдулазиз Абуталипов Бош директор биринчи ўринбосари, Улуғбек Аҳмедов Бош директорнинг умумий масалалар бўйича ўринбосари, Нигора Хўжаева Бош директорнинг ижодий масалалар бўйича ўринбосари лавозимларига тасдиқланди. 

Шундан сўнг, Ўзбекистон Миллий Медиа Ассоциациясининг 2022 йилга мўлжалланган “Бирлашиш нуқтаси - Ренессанс” номли медиа-дастури қабул қилинди.

Маълумот учун, Ассоциация республикадаги нодавлат телерадиоканаллар, кабел телевидениеси студияларини қамраб олган энг йирик нодавлат-нотижорат медиа ташкилоти ҳисобланади. Бугунги кунда у 18 та нодавлат телеканал, 19 та радиоканал, Ўзбекистон кабел телевидениесига аъзо бўлган 100 та электрон ОАВ (шундан 52 таси хорижий каналлар)ни ўз ичига олади.

Маълумот учун, ушбу ташкилотга 2003 йилда Ўзбекистоннинг таниқли медиамагнати, "Даракчи", "Сўғдиёна" газеталари, НТТ, СТВ телеканаллари ва "Пойтахт" радиоси раҳбари Фирдавс Абдухолиқов томонидан асос солинган эди. Абдухолиқов ўзига тегишли "Sevimli" телеканалида эфирга узатилган "Сабрия" сериали билан боғлиқ машмашалар ортидан Ассоциация раислигидан кетди

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 205
Рейтинг: 3
t
×