Абдухолиқовдан қолган ном ва қамров ўзгартирилди

Жамият

image
0:00
0:00
download

Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари Миллий ассоциацияси номи Ўзбекистон Миллий медиа ассоциясига ўзгартирилди. Шунингдек, Ассоциациянинг янги Низоми тасдиқланди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ мухбири хабар бермоқда. 

Бугун, 4 апрель куни Ассосиациянинг “Бирлашиш нуқтаси” номи остида I миллий медиа анжуман бўлиб ўтди. Унда Ассоциация раиси Шерзодхон Қудратхўжа аъзо нодавлат телерадиокопманиялар раҳбарларига ЎзЭОАВМА номини ЎзММАга ўзгартириш ва янги Низомни тасдиқлашни таклиф қилди. Таклиф аъзолар томонидан маъқулланди. 

Шунингдек, анжуманда Ассосиациянинг янги таркиби тайинланди. Унга кўра, Бошқаруви раисининг ўринбосари Аброржон Пўлатов Бош директор, Абдулазиз Абуталипов Бош директор биринчи ўринбосари, Улуғбек Аҳмедов Бош директорнинг умумий масалалар бўйича ўринбосари, Нигора Хўжаева Бош директорнинг ижодий масалалар бўйича ўринбосари лавозимларига тасдиқланди. 

Шундан сўнг, Ўзбекистон Миллий Медиа Ассоциациясининг 2022 йилга мўлжалланган “Бирлашиш нуқтаси - Ренессанс” номли медиа-дастури қабул қилинди.

Ассоциация Бошқарув раиси Шерзодхон Қудратхўжага кўра, 2003 йилда ташкил этилган ушбу ташкилотга тарихда фақат нодавлат телерадиокомпаниялар аъзоликка қабул қилинган бўлса, эндиликда барча медиа мансубларини, жумладан кун сайин оммалашиб бораётган веб-сайтларни ҳам Ассоциацияга аъзо қилиш имконияти яратилган. 

“Тўғри, йиллар давомида муаммолардан чарчаган, юрагида гапи тўпланиб қолган одамларнинг гапириб олишлари учун майдон керак эди. Ва сўнгги беш йилда нодавлат теле ва радиоканаллар, босма матбуот, интернет сайтлари бу майдон вазифасини бажариб келмоқда. Навбатдаги босқич медиаконтент тайёрлашда меъдага тега бошлаган кўнгилочар дастурлардан таҳлилий, мушоҳада қилишга ундайдиган кўрсатувларга ўтишимиз, одамларда ҳам шунга меҳр уйғотишимиз керак”, дейди раис. 

Эслатиб ўтамиз, Ассоциация республикадаги нодавлат телерадиоканаллар, кабел телевидениеси студияларини қамраб олган энг йирик нодавлат-нотижорат медиа ташкилоти ҳисобланади. Бугунги кунда у 18 та нодавлат телеканал, 19 та радиоканал, Ўзбекистон кабел телевидениесига аъзо бўлган 100 та электрон ОАВ (шундан 52 таси хорижий каналлар)ни ўз ичига олади.

Маълумот учун, ушбу ташкилотга 2003 йилда Ўзбекистоннинг таниқли медиамагнати, "Даракчи", "Сўғдиёна" газеталари, НТТ, СТВ телеканаллари ва "Пойтахт" радиоси раҳбари Фирдавс Абдухолиқов томонидан асос солинган эди. Абдухолиқов ўзига тегишли "Sevimli" телеканалида эфирга узатилган "Сабрия" сериали билан боғлиқ машмашалар ортидан Ассоциация раислигидан кетди


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

177

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг