Коррупцион можарога аралашиб қолган Фирдавс Абдухолиқов ЎзЭОВМА раислигидан кетди
Жамият
−
01 Февраль 2022
12237Фирдавс Абдухолиқов Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси раиси лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда “Uzreport” телеканали маълум қилди.
Қайд этилишича, бугун, 1 февраль куни ассоциация аъзолари умумий йиғилиши бўлиб ўтган. Унда ташкилий масала кўриб чиқилди. Ассоциация раиси Фирдавс Абдухолиқов йиғилишда ўз лавозимидан озод этишни сўраган.
“Бир овоздан ариза қониқтирилиб, Фирдавс Абдухолиқов лавозимидан озод этилди”, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси раиси лавозимига Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, Халқаро пресс клуб раиси Шерзодхон Қудратхўжа тайинланган.
Маълумот учун, эндиликда Фирдавс Абдухолиқов Ўзбекистон Кинематография агентлиги директори ҳам ҳисобланади. Ҳозирча у бу лавозимдан кетмаган.
Эслатиб ўтамиз, Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги “Sevimli” телеканалида эфирга узатилаётган "Сабрия" сериалида ахлоқсиз саҳналар мавжудлиги ва бу жамоатчиликнинг кескин эътирозига сабаб бўлгани ортидан экспертиза тайинланганини эълон қилди. Орадан кўп ўтмай, Президент Шавкат Мирзиёевнинг қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева ҳам “Сабрия” сериалини танқид қилди ва ҳеч қайси фильмда аёлларга нисбатан бу қадар нафратни кўрмаганини билдирди.
Ушбу масала кун тартибига чиқиши ортидан телеканал продюсери Амира Рашидова ижтимоий тармоқлар орқали муносабат билдириб, “ахлоқсиз” деган айбловни қўйишдан олдин, кесиб олинган кадрнинг якунини тушуниш учун фильмнинг яна 3 дақиқасини кўриш етарли” эканини маълум қилди.
Шундан сўнг, мазкур масалага Ўзбекистон Кинематография агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов ҳам изоҳ берди. Унга кўра, “Сабрия” сериали ҳақиқатан ҳам бадиий ва мазмунан саёз.
Орадан кўп ўтмай, “Sevimli” телеканали Бош директори вазифасини бажарувчи А.Хўжаев ва бош муҳаррир Қ.Сайдалиев лавозимидан озод этилди. Канал Кузатув кенгаши раиси вазифасини бажарувчи этиб жамоатчилик асосида Фирдавс Абдухолиқов сайланди. Шунингдек, шу пайтга қадар ЎзЭОАВМА бош директори лавозимида ишлаб келаётган Ж.Сафоев канал бош директори вазифасига тайинланган.
20 январь оқшомида “Sevimli” телеканали бош продюсери Амира Рашидова яна ижтимоий тармоқлар орқали баёнот билан чиқиб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёевадан узр сўради.
Шунингдек, Маданият вазири Озодбек Назарбеков ахлоқсизликни телевидениеда тарғиб қилишни давлатга хиёнат сифатида баҳолади.
Муҳокамалар давом этаётганда ишга Коррупцияга қарши курашиш агентлиги аралашди ва Кинематография агентлиги шартномалар тузилишида ва давлат субсидияси маблағларининг тақсимланишида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилганини маълум қилди. Агентликка кўра, Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқов турмуш ўртоғи, қизи ва ўғли ҳиссадор бўлган ширкатга тегишли “Sevimli” телеканалига давлат буюртмаларини тендерсиз тортиқ қилиб, бир неча миллиард сўм пул ўтказиб берган.
LiveБарчаси