ЖОКУ талабаларида коронавирус аниқланди. Ётоқхоналарга кириш-чиқиш тўхтатилди
Жамият
−
10 Апрель 2021
9282Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг айрим талабаларида коронавирус аниқланди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар бермоқда.
Манбага кўра, 9 апрелдан 10 апрелга ўтар кечаси ЖОКУнинг 7 нафар талабасида коронавирус аниқланган. Улар Зангиотадаги юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган. Ётоқхоналарга эса кириш-чиқиш тўхтатилган.
ЖОКУ ректори Шерзод Қудратхўжанинг таъкидлашича, COVID-19 га чалинган талабаларнинг асосий қисмини қизлар ташкил этмоқда.
Шерзод Қудратхўжа талабалардан хавотирга ва тушкунликка тушмасликни сўраб, ўзи бошчилигида ректор ўринбосарлари, деканлар ва ўқитувчилар талабаларнинг аҳволидан хабардор бўлиб туриши, уларнинг тезроқ даволинишига шароит яратилишини, ётоқхонада яшаётган талабалар ташқарига чиқмаган ҳолда озиқ-овқат билан таъминлаб борилишини ваъда қилган.
Айни вақтда ЖОКУ ректорати ва факультетлар деканатлари қуйидагиларни амалга ошираётгани хабар қилинмоқда:
• эрта мониторинг ва ташхис ўтказиш,
• аниқланган холларда зудлик билан контингентдан ажратиш ва чўзмай даволанишга жойлаштириш,
• ЎзЖоку ўқув хоналари ва My sweet home’да СЭС талаблари доирасида тозалаш ва профилактика ишларини амалга ошириш.
“Сизлардан илтимос ва талабки, мазангиз бўлмаса, ҳароратингиз кўтарилса, бетобликнинг бошқа аломатлари, масалан таъм сезмаслик, томоқ ва бурун йўллари қичиши, йўталиш кўпайса, дарҳол мураббий, тиббиёт пунктидаги Элдорбекка, деканатингиз, проректор в.б. Равшан Раимжоновга мурожаат қилинг.
Аллоҳ барчамизни ўз панохида асрасин, бетоблар тезроқ шифойи комил топишсин! Илтимос, карантин талабларига риоя қилинг, ниқобсиз юрманг, қўлни тоза тутинг. Сизларни жудаям яхши кўрувчи ва мустаҳкам соғлиқ тилаб қолувчи Шерзодхон Қудратхўжа”, деб ёзади ректор талабаларга йўллаган мурожаатида.
Айни вақтда ижтимоий тармоқлар ва айрим сайтларда ЖОКУнинг карантинга ёпилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бироқ, ректор ушбу маълумотларни рад этмоқда. ОТМ карантинга олингудек бўлса, бу ҳақида расмий хабар берилиши айтилмоқда.
LiveБарчаси