Шарманда! Ўзбекистон ҳақидаги роликда Амир Темур қонхўр босқинчи деб таърифланди
Жамият
−
01 Февраль 2022
61903Жорий йилнинг 29 январь куни Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш бошқармасининг “Facebook”даги расмий саҳифасида хорижий видеоблогерлар томонидан “Индиана Жонс Ўзбекистонда” номи билан суратга олинган қисқаметражли фильм эълон қилинди. Аммо видеодаги кутилмаган ҳолат шундаки Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон тарихидаги муҳим шахслардан бири, Темурийлар давлатининг асосчиси Соҳибқирон Амир Темур қонхўр-босқинчи сифатида ёритилган.
Видео Самарқанд шаҳрида суратга олинган бўлиб, роликнинг кириш қисми шундай маълумот билан бошланади:
“Тимур Тамерлан – дунёдаги энг машҳур босқинчилардан бири бўлиб, у ҳақидаги барча ҳикоялар қонли дарёлар билан тугайди. Унинг қўлидан 17 миллиондан ортиқ одам ҳалок бўлган, XIV асрга келиб у ер юзидаги барча аҳолининг 5 фоизини қириб ташлади. У “ўлим отаси” сифатида ҳам танилган. Дафн этилганида қабр тошига лаънат ўйиб ёзилган. “Ким менинг қабримни очишга журъат этса, унинг бошига мендан ҳам қаттол босқинчи тушади”.
Видеода 1941 йилнинг июнь ойида археолог Сергей Герасимов томонидан Амир Темурнинг қабри очилиши ортидан ўша йили 22 июнь куни фашистлар Германияси Совет Иттифоқига бостириб кириши билан боғланган.
Амир Темурнинг бундай салбий қаҳрамон сифатида таърифланиши ўзбек зиёлилари ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг жиддий эътирозларига сабаб бўлмоқда. Хусусан, Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ғазаб тўла фикрларини ёзиб қолдирди.
“Мен дастлаб ушбу видеоролик Ўзбекистонга чет элликлар туристлар кўпроқ келиши учун олинган бўлса керак, деб тахмин қилдим. Аммо, ролик бошидаги овозли маълумотни эшитиб, сочларим тикка бўлиб кетди, юрагим ҳам ғазабга, ҳам аламга тўлди. Наҳотки, Ўзбекистонни дунё одамларига танитиш учун ўзбек миллий давлатчилигининг тимсолларидан бирига айланган Соҳибқирон бобомизни ерга уриш, топташ керак бўлса? Наҳотки, бирон бир жиддий ва илмий жиҳатдан тадқиқ этилмаган, асосан Ислом оламининг душманлари бўлмиш ғарб ва армани “тарихчи”ларнинг ёлғонга тўла асарларидан кўр-кўрона олинган. “Унинг қўлидан 17 миллиондан ортиқ одам ҳалок бўлган, XIV асрга келиб у ер юзидаги барча аҳолининг 5 фоизини қириб ташлаган”, “ўлим отаси” каби сохта маълумотлардан фойдаланиш мумкин бўлса?! Наҳотки, бу ишга бошу қош бўлган ўзбекистонлик вакиллар бу уятсизлик, нонкўрлиг-у тузлуққа тупуриш эканини тушунишмаса?!”, дейди шоир Хуршид Даврон.
Маълумот ўрнида, Соҳибқирон Амир Темур 1336 йил 9 апрель куни Қашқадарё воҳасининг Шаҳрисабз атрофидаги Хўжа Илғор қишлоғида Тарағай хонадонида туғилган. Амир Темур ёшлигидан яхши таълим ва тарбия олган. У ўсмирлик ёшидаёқ Қуръонни ёд олади. Шунинг учун ҳам унга Соҳибқирон номи берилган. 1365-1370 йилларда Амир Темур Самарқанд тахти учун Илёсхўжага қарши кураш олиб боради. У Мовароуннаҳрни мўғуллар зулмидан озод қилиб, Темурийлар салтанатига асос солаган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь