“Қозоқ маликаси” яна парламент мажлисига келмади. У Дубайдалиги тахмин қилинмоқда

Олам

image

Қозоғистон парламентининг қуйи палатаси – Мажлиснинг бугун, 1 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишида мамлакат Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоевнинг тўнғич қизи депутат Дариға Назарбоева иштирок этмади. Бу ҳақда “ORDA” нашри маълум қилди.

“Дариға Назарбоева парламент мажлислар залида йўқ”, дейилади хабарда.

Сиёсатшунос Ербол Едилов парламент депутати Дариға Назарбоева Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида эканлигини айтмоқда. 

“Баъзи манбаларга кўра, парламент депутати Дариға Назарбоева БААнинг Дубай шаҳрида”, дейди сиёсатшунос.

Қайд этилишича, бугунги мажлисда Қозоғистон парламенти (парламент қуйи палатаси) раиси Нурлан Ниғматулин ўз ваколатларини муддатидан олдин тугатиш тўғрисида ариза берган. Парламент қуйи палатаси депутатининг бўш турган мандати Президент маъмурияти раҳбари Ерлан Кошановга ўтказилган.

Маълумот учун, Мажлиснинг жорий йилнинг 11 январь куни ўтказилган ялпи мажлисида ҳам депутат Дариға Назарбоева кўриниш бермаган эди. Қуйи палата уни бетоблиги сабаб парламент ялпи мажлисида иштирок этмаганини айтган. Орадан бироз вақт ўтиб Назарбоеванинг ёрдамчиси унинг коронавирусга чалингани маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил йилнинг 2 май куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев сенат раиси Дариға Назарбоеванинг ваколатини тугатиш тўғрисида фармонни имзолади. Шунингдек, унинг хизматлари учун миннатдорлик билдирди.

Маълумот учун, Дариға Назарбоева 2019 йилда отаси Президентликдан истеъфога чиққач, Сенат раиси этиб сайланган эди. Ундан аввалги Сенат раиси Қосим-Жомарт Тўқаев мамлакат Президенти бўлганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

133

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг