Туркияда яшовчи ўзбек ИШИД жангариларига сохта паспорт сотяпти – “The Guardian”

Олам 10522
image

Расмий визалар ёпиштирилган сохта паспортлар ясаш бўйича онлайн бизнес ИШИД экстремистик гуруҳига алоқадор шахсларга Суриядан Буюк Британия, ЕИ мамлакатлари, Канада ва АҚШга саёҳат қилиш имконини беради. Бу ҳақда Буюк Британиянинг “The Guardian” нашри терговига таяниб хабар берилган.

Тергов натижалари кеча, 31 январь куни эълон қилинган. Текширувлар давомида сохта паспортлар тайёрловчи тармоқлардан бирига Туркияда яшовчи этник ўзбек раҳбарлик қилаётгани маълум бўлган. Таъкидланишича, у турли давлатларнинг юқори сифатли қалбаки паспортларини катта пулга — баъзан 15 минг долларга сотади. 

Нашр Сурия чегарасини ноқонуний кесиб ўтган одамлар Истанбул аэропорти орқали хорижий давлатларга етиб боришга муваффақ бўлган камида 10 та ҳолатни аниқлаган. Сохта паспорт сотувчиларнинг сўзларига кўра, уларнинг мижозлари орасида Европа Иттифоқи мамлакатларига боришни истаганлар кўп. 

Камида иккита ҳолатда қалбаки паспорт сотиб олган одамлар Истанбулдан Мексикага сохта Россия паспортлари билан етиб боришга ва у ердан ноқонуний равишда АҚШга киришга муваффақ бўлган. 

“Туркиялик этник ўзбек шу қадар яхши ишлаяптики, у яқинда Telegram’да расмий равишда Istanbul Global Consulting деб номланган янги шифрланган маълумот алмашиш каналини очди”, дейилган хабарда. 

“The Guardian” журналисти туркиялик этник ўзбек билан ўзини қизиқувчи мижоз сифатида таништириб суҳбатлашган. 

“Ким қайси гуруҳдан эканлигини сўрамайман. Мен тўғри келган одам билан ишлашга тайёрман. Ким ёмон эканини баҳолаш менинг ишим эмас. Махфий хизматлар шундай қилиши керак”, деган туркиялик этник ўзбек. 

Нашрнинг ёзишича, ўсиб бораётган савдо хавфли экстремистлар бутун дунё бўйлаб хавфсизлик кучларини четлаб ўтишлари, ўтмишдаги жиноятлари учун адолат судидан қутулишлари ва Суриядан бошқа мамлакатларда террорчилик фаолиятини давом эттиришлари мумкинлигидан далолат беради.

2015 йилда Ғарб мамлакатлари махсус хизматлари “Исломий давлат” жангарилари ихтиёрида Сурия ва Ироқнинг сохта паспортларини тайёрлаш учун махсус жиҳозлар ва бланкалар борлиги ҳақида огоҳлантирган. Кейинчалик сохта паспортлар экстремистик гуруҳ аъзоларининг Сурия ва Ироқдан келган қочқинлар ниқоби остида дунё бўйлаб ҳаракатланишига ёрдам берган.

Гуруҳ бир қатор терактлар, жумладан, 2015 йил ноябрида Париждаги “Батаклан” театрига уюштирилган ҳужум ва 2017 йилда Манчестер аренасидаги портлаш учун жавобгарликни ўз зиммасига олган. 

Сўнгги йилларда Европа давлатлари чегарачилари қалбаки паспортларни аниқлашга жиддий эътибор бера бошлаган. Аммо бунга жавобан сохта паспорт сотувчилари ҳам ўз ўйинларини кучайтириб, потенциал мижозлар учун кенг кўламдаги миллатлардан фойдаланган. 

Хабарга кўра, ўзбек нашр журналистига янги Франция, Бельгия, Болгария ва Россия паспортлари акс этган бир қанча видеоларни юборган. Сохта паспорт сотувчиларнинг фикрича, ишлайдиган биометрик чипни қалбакилаштириш деярли мумкин эмас, лекин кўплаб чегара ўтиш жойларида паспорт текшируви ходимлари ишламайдиган чипларга эътибор бермай, паспорт эгасига рухсат беради. 

Таъкидланишича, ўзбек қалбаки паспорт сотувчиси одамнинг бутунлай ғойиб бўлишига ёрдам бериш учун унга 500 доллар эвазига Туркиянинг ўлим гувоҳномасини ҳам таклиф қилиши мумкин, бу ҳужжат эса тегишли консулликка юборилади. 

Қайд этилишича, мижозларнинг этник келиб чиқиши, улар гаплашадиган тиллари, қаерга боришни хоҳлаши ва қанча пул сарфлаши мумкинлигига қараб бир нечта паспорт вариантлари мавжуд. 

“Европага кириш учун энг арзон ҳужжатлар Россия, Қирғизистон ва Қозоғистон паспортлари бўлиб, уларнинг нархи 5 минг доллар атрофида. Агар бунга Шенген визаси қўшилса, унда бундай паспортнинг нархи 6000 долларни ташкил қилади. Бошқа машҳур ва бироз қимматроқ вариантлар Украина ва Молдова паспортлари бўлиб, улар Европа Иттифоқига визасиз кириш имконини беради. Энг қиммат вариант — Европа Иттифоқи паспорти, у мижозга 8000 долларга тушади”, дейилган хабарда.

Тушунтирилишича, одатда Европа Иттифоқи фуқароси Туркияга ўз паспорти билан келади, уни ўзбек ёки унинг ҳамкасбларига тахминан 2500 еврога сотади. Кейин паспортдаги фотосурат мижознинг фотосуратига ўзгартирилади. Шундан сўнг паспортнинг асл эгаси ҳужжат йўқолганини эълон қилади ва ўз мамлакатининг Истанбулдаги консуллигига ҳужжат йўқолганлиги ҳақида ариза тақдим этади. 

Паспорт эгасининг ўз мамлакатида чоп этилади, кейин мижоз кутаётган мамлакатга етказилади. Мақсад — расмий штампларни олиш, бу ҳужжатнинг қонунийлигини мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 244
Рейтинг: 3
t
×