QALAMPIR.UZ дайжести: Динозавр мурожаати, Россияни йўқ қилишга киришган АҚШ, Хави билан келишган “Барса”

Жамият

image
Якунига етаётган 28 октябрда Ўзбекистон ва халқаро майдонда қандай воқеаликлар юз берди? Бугунги кун нимаси билан эсда қолди? Буларнинг бари QALAMPIR.UZ дайжестида.

Жамият 

Ҳоким ва “замхоким”ларининг рейтинги эълон қилинди

Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги ҳолатига кўра ҳокимар фаолиятини баҳолаш орқали тузилган рейтингни эълон қилди. Рейтинг вилоят, туман ва шаҳарлардаги ҳоким ва ҳоким ўринбосарлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (ЭМСК, KPI) асосида баҳолаш орқали тузилган.

Натижалар агентликнинг argos.uz портали “Рейтинг” саҳифасига жойлаштирилди ва у қуйидаги қисмлардан иборат: натижадорлиги юқори ҳудудлар, кўрсаткичлари энг юқори туман (шаҳар)лар, ҳудудлардаги кўрсаткичлари энг қуйи туман (шаҳар)лар, ҳоким ўринбосарларининг ЭМСК бўйича рейтинги.

Ўзбекистонда 48,9 фоиз оилалар фарзанд билан ажрашишган   

2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида 29 031 та никоҳдан ажралишлар қайд этилган. 

Жами никоҳдан ажралиш даврида (2021 йил январь-сентябрь):

•    Фарзандсиз ажрашиш – 51,1 фоиз;

•    Битта фарзанд билан ажрашиш – 28,1 фоиз;

•    Иккита фарзанд билан ажрашиш – 15,8 фоиз;

•    Учта фарзанд билан ажрашиш – 4,2 фоиз;

•    Тўрт ва ундан ортиқ фарзанд билан ажрашиш – 0,9 фоиз.

Ўзбекистонда масофадан бошқариладиган пулемёт ишлаб чиқарилди

Мудофаа саноати давлат қўмитаси тасарруфидаги корхоналардан бирида масофадан бошқариладиган жанговар модул ишлаб чиқариш бўйича лойиҳа амалга оширилмоқда.

Хусусан, соҳа мутахассислари томонидан маҳсулотнинг барча конструкторлик-техник ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, улар асосида йирик калибрли пулемёт ҳамда замонавий электрон-оптик кузатув ва нишонга олиш мосламалари билан жиҳозланган жанговар модулнинг тажриба намунаси ишлаб чиқилди.

Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиши учун ёрдам кенгайтирилади

Жорий йилнинг 26 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) Бош директори ўринбосари Сянчэнь Чжан билан учрашув ўтказди.

Учрашув чоғида Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича музокара жараёнининг ҳозирги ҳолати ҳамда бу борадаги ҳамкорлик доирасида навбатдаги тадбирлар муҳокама қилинди.

Қашқадарёлик эркак депутат уни калтаклатганини иддао қилди. ИИБ ҳолатга муносабат билдирди

Ижтимоий тармоқларида чироқчилик фуқаро Э.Ф.нинг видеомурожаати тарқалди. Унда фуқаро унинг уйига шу туман кенгаши депутати М.Ў. бошчилигида бир нечта шахслар бостириб келгани ҳамда улар Э.Ф.ни уриб, тан жароҳати етказгани айтилган.

Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси мазкур мурожаат бўйича муносабат билдирди.

Ўзбекистон Россияга мигрантларни ишга ёллашни соддалаштиришни таклиф қилди

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги россиялик ҳамкасбларига ўзбекистонликларни Россияда ташкилий ишга қабул қилиш тўғрисидаги ҳукуматлараро келишувга ўзгартириш киритишни таклиф қилди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Матбуот хизмати хабарига кўра, Москвада ўтган учрашувда қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларига меҳнат мигрантларини жалб этишнинг соддалаштирилган тартиби, меҳнат жараёнларини рақамлаштириш ва қонунчилкдаги инновациялар бўйича тажриба лойиҳасини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинган.

Ўзбекистонда энг қиммат авторақам сотилди

Жорий йилнинг 26 октябрь куни Тошкентда электрон аукционда 01 О 001 OQ автомобиль рақами 498 миллион 150 минг сўмга сотилди.

Қайд этиш керакки, бу автомобиль рақамлари аукциони тарихидаги энг қимматга сотилган рақам бўлди.

Авторақамнинг бошланғич нархи 243 млн сўм бўлган. Савдолар вақтида 01 О 001 OQ автомобиль рақами икки баравардан кўпроқ қимматлашган.

10 йилда неча киши Ўзбекистондан бутунлай кетган?

Сўнгги 10 йилда Ўзбекистондан бошқа давлатга доимий яшаш учун кўчиб кетганларнинг сони 346 562 кишини ташкил қилади.

Сўнгги 10 йилда мамлакатдан хорижга доимий яшаш учун кўчиб кетганлар кесимида:

•  2010 йилда – 44 420 киши;
•  2011 йилда – 50 816 киши;
•  2012 йилда – 45 447 киши;
•  2013 йилда – 38 589 киши;
•  2014 йилда – 42 228 киши;
•  2015 йилда – 31 765 киши;
•  2016 йилда – 28 069 киши;
•  2017 йилда – 20 772 киши;
•  2018 йилда – 17 579 киши;
•  2019 йилда – 13 229 киши;
•  2020 йилда – 13 648 киши.

Ўзбекистонликларнинг иссиқлик энергиясидан қарзи 2 трлндан ошди

Айни вақтда Ўзбекистон аҳолисининг иссиқлик энергиясидан 2 трлн 100 млн сўм қарздорлиги бор.

“Республика бўйича етказиб берилган иссиқлик энергияси учун аҳолининг дебитор қарздорлиги 2 трлн 100 млн сўмга тенг. Иссиқлик таъминоти корхоналарининг газ, электр ва совуқ сувдан қарзи — икки ярим триллион сўмни ташкил этмоқда”, дейди  Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари Қурбон Турсунов.

Политехника университети ёнида ёнғин юз берди

Бугун, 28 октябр куни соат 13:44 да Тошкент шаҳар Олмазор тумани Университет  кўчасида Тошкент давлат техника университети ёнида жойлашган ошхонада ёнғин содир бўлди. 

Мазкур ҳолат юзасидан 4 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 13:50 да воқеа жойига етиб бориб, ёнғин соат 14:03 да қуршаб олинди ва соат 14:09 да батамом ўчирилди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги талаба қизларга мурожаат билан чиқди

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги талаба-қизларга мурожаат билан чиқиб, янги ишонч телефони ҳамда бот ишга туширилганини маълум қилди. Ушбу ишонч рақами орқали талаба-қизлар ўқиш жойида тегажоғлик, тазйиқ ёки зўравонлик каби ҳолатларнинг гувоҳи бўлганда мурожаат қилиши мумкин.

Мусулмонлар идораси Умра зиёратчиларига берилган енгиллик бўйича ўзбекистонликларга изоҳ берди

Аввалроқ, эндиликда Умра зиёратига боришни хоҳловчи мусулмонлар аввалгидек рўйхатга ёзилиш учун 14 кун кутишлари шарт эмаслиги ҳақида хабар бергандик.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Умра зиёратига боришда берилган енгиллик ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.

Қайд этилишича, Мусулмонлар идораси Ўзбекистоннинг Жидда шаҳрида жойлашган Бош консулхонасидаги “Ҳаж” ва “Умра” масалалари бўйича Атташеси билан доимий мулоқот қилиб, муборак сафарлар билан боғлиқ ҳар бир жараённи диққат билан кузатиб бормоқда.

Олам 

Цукерберг ва унинг рафиқасига суд иши очилди 

Facebook асосчиси Марк Цукерберг ва унинг рафиқаси Присцилла Чанга тегишли компаниялардан бирининг собиқ ходимлари уларни судга берди.

Даъво қурбонлар ишлаган тузилмалар ичидаги таъқибларга ишора қилади. Таъкидланишича, Цукербергнинг оилавий компаниясида ишлаган икки ходим бошқа ходимларни жинсий зўравонлик ва дискриминацияга алоқадорликда айбламоқда. 

АҚШнинг Афғонистондаги мағлубияти янги урушларга сабаб бўлади – Асад 

АҚШнинг Афғонистон ва Ироқдаги мағлубияти янги урушлар ва янги мағлубиятларга олиб келади. Сурия Президенти Башар Асад шундай фикр билдирган.  

“Биз тахмин қилишимиз керакки, АҚШнинг Афғонистон ва Ироқдаги мағлубиятидан кейин... янги урушлар ва мағлубиятлар бўлади”, деган Асад Сурия армияси Олий қўмондонлиги курсларини тамомлаган офицерлар билан суҳбатда. 

Дунёда зиддиятлар туфайли қочқинлар рекорд даражага етди

Зиддиялар оқибатида мамлакат ичида кўчишга мажбур бўлганлар рекорд даражага – 48 млнга етди. Бу ҳақда БМТнинг ички миграция бўйича махсус маърузачиси Сесилья Хименез-Дамари Бош Ассамблеянинг Учинчи қўмитасидаги чиқиши вақтида маълум қилди.

“Қуролли тўқнашувлар ва зўравонликлар туфайли ўз жойларини ташлаб кетганлар сони дунё бўйлаб 48 миллионга етди, бу тарихдаги энг юқори кўрсаткичдир. Қуролли тўқнашувлар ва зўравонликлар тобора мураккаблашиб бораётган шароитда халқаро гуманитар ва инсон ҳуқуқларига оид қонунларга ҳурматни таъминлаш тобора қийинлашиб бормоқда”, деган маърузачи.

Гутерриш Афғонистон масаласида жаҳон ҳамжамиятига мурожаат қилди 

Жаҳон ҳамжамияти давлатлари Афғонистонга тўлиқ иқтисодий таназзулга йўл қўймасликда ёрдам бериш учун биргаликда ҳаракат қилишлари керак. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш шундай чақириқ билан чиқди. 

“Биз афғон иқтисодиётининг тўлиқ таназзулга учрашига йўл қўймаслик йўлини топишимиз керак. Биз (Республика) иқтисодиёти яна нафас олиши ва одамларнинг омон қолишига ёрдам бериш учун биргаликда ҳаракат қилишимиз керак”, деган у Афғонистонга қўшни давлатлар вазирлар йиғилишидаги чиқишида. 

Афғон оилалари очлик сабаб қизларини сотиб юбормоқда – ОАВ

“Толибон” ҳокимиятга келганидан кейин Афғонистондаги гуманитар вазият ёмонлашиб, кўплаб афғон оилалари ўз қизларини сотиш ёки одатдагидан эртароқ турмушга беришмоқда. 

Афғонистонда кичик ёшдан никоҳ қуриш ва бола савдоси янгилик эмас, лекин сўнгги ойларда бундай ҳолатлар кўпайган.

Талабаликка бир қадам қолганда... Афғонистонлик қиз АҚШ базасидаги ҳаёти ҳақида гапирди

Афғонистонлик қиз юртидан эвакуация қилинганлар жойлашаётган АҚШнинг Висконсин штатидаги ҳарбий базасида бошқа этник гуруҳдаги афғонлар томонидан таъқибга учраганини маълум қилди. 

“Толибон” ҳаракати Афғонистон пойтахти Қобулни жорий йилнинг 15 августида эгаллаб олди ва 7 сентябрь куни муваққат ҳукумат тузилганини эълон қилди. Август ойининг сўнгги икки ҳафтасида АҚШ ҳарбийлари ҳимояси остида бўлган Қобул аэропортидан Ғарб фуқаролари ва улар билан ҳамкорлик қилган афғонлар оммавий эвакуация қилинди. АҚШнинг Висконсин штатидаги Форт-Маккой ҳарбий базасидан бир неча минг афғон қочқинлари жой олган.

АҚШ ва Россия Туркия олдидаги мажбуриятини бажармаяпти – Чавушўғлу

АҚШ ва Россия Суриядаги жангарилар бўйича ўз мажбуриятларини бажармаяпти. 

Вазир Сурияда YPG/PKK террорчиларига қарши эҳтимолий операция ҳамда Сурия масаласида Россия Федерацияси ва АҚШ билан алоқалар ҳақида берилган саволга жавоб берар экан, Президент Эрдўғаннинг бу борада керакли баёнотлар берганини қайд этди.

Давлат бюджети харажатлари кўпайтирилмоқда: куч тузилмалари қўшимча 1,4 трлн олади

Ўзбекистоннинг 2021 йилга мўлжалланган Давлат бюджети харажатлари қарийб 12 трлн сўмга кўпайтирилмоқда. Тегишли қонун Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида маъқулланган.

Қонун билан 2021 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонунга, давлат мақсадли жамғармалари ҳамда республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдорлари бўйича ўзгартиш киритилмоқда.

Ўз турингизни сақлаб қолинг! – “Динозавр” БМТ минбаридан инсониятни сергакликка чақирди 

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури кеча, 27 октябрь куни иқлим ўзгаришига қарши курашни қўллаб-қувватлаш мақсадида видеоролик эълон қилди. Видеода Фрэнки исмли динозавр БМТ Бош Ассамблеяси минбарига чиқиб, делегацияларга мурожаат қилиб, “баҳоналарни тўхтатинг ва ҳақиқатан ҳам муаммоларга қарши курашни бошланг”, дейди.  

Динозавр углеводородлар учун давлат субсидиялари иқлим ўзгариши контекстида мантиқсиз эканини даъво қилган. Фрэнкининг сўзларига кўра, астероид унинг турлари вакилларининг йўқ бўлиб кетишига сабаб бўлган.

АҚШ Россия денгиз флотини йўқ қилиш чораларини кўриб қўйган – “Forbes”

Американинг B-1B Lancer стратегик бомбардимончилари Қора ва Болтиқ денгизидаги Россия флотини йўқ қилиш учун ишлатилиши мумкин. 

Таъкидланишича, B-1B Lancer яқин йилларда АҚШ рақибларининг денгиз кучларини қўрқитиш учун қўлланилади. Бунга 2017 йилда ушбу бомбардимончилар 24 тагача узоқ масофага учувчи LRASM (Long-Range Anti-Ship Missile) кемаларга қарши ракеталарни ташишга ёрдам берган.

Спорт 

“Барселона” Хави билан келишиб олди

“Барселона” Қатарнинг “Ал-Садд” клуби бош мураббийи Хави билан шартнома тузишга келишиб олди. 

Манба маълумотига кўра, Каталония клуби “Ал-Садд”ни 41 ёшли испан билан шартномани бекор қилишга кўндирган. Таъкидланишича, шартномада Хавининг бадал пули 1 млн евро этиб белгиланган.

Мирзаҳалилов яна “ҳакамлар қурбони” бўлди

Бугун, 27 октябрь куни Сербиянинг Белград шаҳрида бокс бўйича Жаҳон чемпионатининг тўртинчи кунги баҳслари старт олди.

Дунё биринчилигида 57 кг вазн тоифасида Жаҳон чемпиони (2019) Миразизбек Мирзаҳалилов АҚШ вакили Жамал Херлига қарши рингга кўтарилиб, 2:3 ҳисобида мағлубиятга учради. Бироқ Мирзаҳалилов жанг давомида устунликка эришган эди. Кейинги босқичда Херлига Бразилия вакили Луис До Насименто рақиблик қилади.

“Барселона” Куманни истеъфога чиқарди

Каталониянинг “Барселона” клуби бош мураббий Рональд Куманни истеъфога чиқарди. 

Клуб Ла Лиганинг 11-тури доирасида “Райо Вальекано”дан (0:1) учралган мағлубиятдан сўнг 58 ёшли мутахассис истеъфосини расман эълон қилди. 

Рональд Куман “Барселона”ни 2020 йил августдан бери бошқариб келаётганди. Ўтган мавсумда Куман бошқарувида “Барса” Испания Кубогини қўлга киритди, Ла лигада эса 3-ўринни эгаллади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

74

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг