Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги талаба қизларга мурожаат билан чиқди
Жамият
−
28 Октябрь 2021
10574Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги талаба-қизларга мурожаат билан чиқиб, янги ишонч телефони ҳамда бот ишга туширилганини маълум қилди. Ушбу ишонч рақами орқали талаба-қизлар ўқиш жойида тегажоғлик, тазйиқ ёки зўравонлик каби ҳолатларнинг гувоҳи бўлганда мурожаат қилиши мумкин.
“Агар сиз таълим олаётган ёки меҳнат қилаётган олийгоҳ, профессионал таълим муассасасида сизга нисбатан бирон-бир кўринишда тегажоғлик, тазйиқ ёки зўравонлик содир этилган бўлса, ёхуд ана шундай ножўя хатти- ҳаракатлар таҳдиди остида бўлсангиз ёки гувоҳи бўлган бўлсангиз, ҳеч иккиланмай Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 1006 ишонч телефонига ёки @himoya_otv_bot га мурожаат қилинг!”, дейилади вазирлик хабарида.
Қайд этилишича, мурожаатчининг шахси ва шахсий маълумотлари сир сақланади. Зарур бўлган барча ёрдам кўрсатилади, ножўя хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслик, содир этилган ҳар бир ҳолат бўйича қатъий чоралар кўрилиши таъминланади.
“Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим тизимида соғлом маънавий муҳитни шакллантириш, муҳтарама аёлларимизнинг, азиз опа-сингилларимизнинг шаъни, қадр-қиммати, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш вазирлигимиз учун устувор аҳамиятга эгадир”, дея келтирилган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 18 октябрь куни Тошкент давлат педагогика университетининг 3-курсида таҳсил олувчи талаба қизга декан ўринбосари тегажоғлик қилиб, ниятига етолмагач уни деразадан итариб юборган эди.
Ҳозирда Боғабек Йўлдошев ҳибсга олинган. Ҳолат бўйича Яккасарой тумани ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 118-моддаси (“Номусга тегиш”) ва 105-модда (“Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш”) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.
LiveБарчаси