Педагогика университети “замдекан”и талаба қизни зўрламоқчи бўлгани айтилмоқда
Жамият
−
27 Октябрь 2021
25553Ижтимоий тармоқларда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети 3 курс талабасига декан ўринбосари тегажоғлик қилиб, сўнг уни деразадан итариб юборгани ҳақида хабарлар тарқалди. Nemolchi.uz лойиҳаси талаба Муштарибону Камилова мурожаатига асосланиб, воқеа тафсилотларини маълум қилди.
Қайд этилишича, 18 октябрь куни у “Зулфия” номидаги давлат мукофотига тавсиянома олиш мақсадида ёшлар ишлари бўйича декан ўринбосари Боғабек Йўлдошев хонасига киради. Декан ўринбосари кутиб туришини сўрайди. Қизнинг айтишича, хонадан ҳамма чиқиб кетгач, декан ўринбосари чарчаганлигини айтиб, ундан қаҳва дамлаб беришни сўрайди.
“Қиз қаҳва дамлаш учун чоғланганда эркак эшикни ичкаридан қулфлаб, чироқни ўчиради. Муштарий ниманидир сезгандай яқин дўстига қўнғироқ қилиб, тезроқ етиб келишни сўрайди. Хонадан чиқай деса, эркак уни ушлаб олиб, хонасидаги диванга ётқизмоқчи бўлади. Қиз қаршилик қилади. Эшикнинг у тарафида эса қизнинг дўсти келиб, эшикни очишни сўрайди. Муштарий амаллаб ойна олдига келиб, ёрдамга чақиради. Шунда қизнинг айтишича, эркак уни деразадан итара бошлайди. У қанчалик қаршилик кўрсатмасин кучи етмай, деразадан пастга тушиб кетади”, дейилади мурожаатда.
Талаба қизнинг сўзларига кўра, Боғабек деразани ёпиб, жалюзини туширади ва эшикни очади. Қизнинг дўсти “замдекан”ни олиб, пастга тушади. Атрофда йиғилганларга декан ўринбосари қиз ойнадан ўзи сакрагани ва уни ўзи шифохонага олиб боришини айтади.
“Муштарийни машина орқа ўриндиғига ётқизишади, дўсти ҳайдовчи олдидаги ўриндиққа ўтиради. Йўлда декан ўринбосари қизнинг онасига қўнғироқ қилиб, қиз ойнадан тушиб кетгани ва уни шифохонага олиб боришаётганини айтади. Светофорнинг қизил чироғида қизнинг дўсти орқа ўриндиққа ўтгунча декан ўринбосари қизга ойна артаётиб ўзи тушганини айтишини тайинлайди. Акс ҳолда универститетдан ҳайдаш билан таҳдид қилади. Шу пайт йигит орқа ўриндиққа ўтиб, нима бўлганини сўрайди. Қиз унга секин уни итаришганини билдиради”, дея воқеа қандай бўлгани сўзлаб берилади мурожаатда.
Шифокорларнинг айтишича, қиз вақтида олиб келинган. Муштарийга тос суяги синиши, гематомалар ва мия чайқалиши ташхисини қўйишган. У ҳали бери оёққа туролмаслиги айтилмоқда.
Маълумотга кўра, Муштарибону Камилова каштачилик билан шуғулланган, кўплаб медаллар, сертификатларга эга. “Истиқболли авлод” нодавлат нотижорат ташкилоти вакилларининг таъкидлашича, у тўгараклардаги энг яхши ўқувчилардан бири бўлган.
“Қиз яқинларининг сўзларига кўра, декан ўринбосари томонидан келган одамлар уларга ўз кўрсатмаларини ўзгартиришлари учун пул таклиф қилган. Боғабек Йўлдошев эса ҳаммага қиз ўз жонига қасд қилган деяпти. У ўқиган факультет талабаларини тўлиқ онлайн таълимга ўтказишди. Бу билан нимани сир тутишмоқда?”, деб ёзмоқда Nemolchi.uz.
Лойиҳа вакиллари 22 октябрь куни Муштарий воқеасини Ўзбекистон ИИВ ҳузуридаги хотин-қизлар масалалари бошқармасига юборганини маълум қилган. Бироқ ҳалигача расмий муносабат билдирилмаган.
“Муштарий қўрқмасдан бўлган воқеани гапириб берди. У адолат истайди ва бошқа қизлар бундай ҳолатларга учрамаслигини хоҳлайди. Уни давлатимиз ҳимоя қиладими?”, дейди лойиҳа вакиллари.
Ички ишлар вазири матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсовнинг маълум қилишича, Б.Ю.га нисбатан Жиноят кодексининг 118 ва 205-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган ҳамда у ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган.
Ўзбекистон Бош прокуратураси ижтимоий тармоқда тарқалган хабарларга муносабат билдириб, ҳолат Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан ўрганиб чиқилаётганини маълум қилди.
LiveБарчаси